Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6809 марта ўқилди

Йўловчи ёки багажни ташиш юзасидан ташувчига нисбатан даъво қўзғатишдан олдин унинг олдига талаб қўйилиши шарт, авиация ҳалокати натижасида йўловчининг ўлими ёки соғлиғига зарар етиши билан боғлиқ ҳоллар бундан мустасно.

Талаб қўйиш тартиби
  • ташув бир ташувчи томонидан амалга оширилганда – талабгорнинг хоҳишига кўра жўнаб кетиш ёки етиб келиш жойида;
  • ташув бир нечта ташувчи томонидан амалга оширилганда – багаж ташишнинг бузилиши бўйича, талабгорнинг хоҳишига кўра, биринчи ёки охирги ташувчига;
  • йўловчининг соғлиғига зиён етганда ёки ўлимига сабаб бўлганда – зиён етказиш ҳолати содир бўлган йўналиш ҳудудида ташувни амалга оширган ташувчига нисбатан қўйилади.

Ички ташишлар бўйича талаб қўйиш муддатлари

Ички ташувлар бўйича ташувчига талаблар 6 ой ичида қўйилиши мумкин, жарима тўлашга оид талаблар эса – 45 кун.

Кўрсатилган муддат ҳисоби:

  • қўл юки, юк ёки почта камомадини ёхуд етказилган зарарни қоплаш, шунингдек қўл юки, юк ёки почта кечиктирилганлиги учун қўйиладиган талаблар бўйича — улар берилган кундан бошлаб;
  • йўқотилган юк бадалини қоплаш ҳақидаги талаблар бўйича — юк етказиб бериш учун мўлжалланган муддатдан 10 кун ўтгач;
  • йўқотилган қўл юки ёки почта бадалини қоплаш ҳақидаги талаблар бўйича — етказиб бериш муддати ўтгандан сўнг;
  • бошқа барча ҳолларда — талаб қилиш учун асос бўла оладиган воқеа рўй берган кундан эътиборан бошланади.

Талаб қилиш муддати тугаганидан сўнг ҳам, агар ташувчи кўрсатилган сабаб узрли деб ҳисобласа, талабларни кўриб чиқиш учун қабул қилишга ҳақлидир.

Ташиш шартномаси ҳаво ташувчиси томонидан бузилганда тегишли далолатнома тузилади.

Талаб бевосита йўловчи томонидан қўйилади, унинг ўлими ёки соғлиғи ёмонлашганда – бошқа ваколатли шахс томонидан. Бунда ҳаво транспорти билан йўловчи ва багажни ташиш бўйича шартнома тузилганлиги ҳамда ташиш шартномаси бузилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш лозим.

Халқаро ташувлар бўйича эътироз (талаб) билдириш муддати

Халқаро ташувлар бўйича ташувчига эътироз (талаб)лар:

  • багаж олинган кундан 7 кун ичида;
  • товар олинган кундан 14 кун ичида;
  • кечиккан вақтдан 21 кун (қабул қилиб олинган кунни ҳисобга олган ҳолда) ичида;
  • ҳаво кемаси белгиланган жойга етиб келган кундан ёки багаж (юк) йўқотилган ҳолат бўйича ташув бекор қилинган кундан 2 йил ичида билдирилади.

Ҳаво транспорти томонидан ташиш шартномаси бузилганда тегишли далолатнома тузилади.

 Талаб бевосита йўловчи томонидан қўйилади, унинг ўлими ёки соғлиғи ёмонлашганда – бошқа ваколатли шахс томонидан. Бунда ҳаво транспорти билан йўловчи ва багажни ташиш бўйича шартнома тузилганлиги ҳамда ташиш шартномаси бузилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш лозим.

Талабларни кўриб чиқиш муддатлари

Ташувчи талабни кўриб чиқиши ва талабгорни ариза қаноатлантирилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисида қуйидаги муддатларда огоҳлантириши лозим:

  • оддий ташувларда 3 ой ичида;
  • тўғридан тўғри аралаш ташувлар ёки бир нечта ташувчилар қатнашган ташув бўйича талабга нисбатан–6 ой
  • жарима тўлаш бўйича талабга нисбатан – 45 кун

Даъво муддати ва судловга тааллуқлилик

Ҳаво ташувидан келиб чиқадиган даъволар ташувчига ҳаво кемаси белгиланган жойга етиб келган ёки келиши лозим бўлган кундан ёхуд ташиш шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 3 йилдан кечикмай, даъвогарнинг хоҳишига кўра, ташувчи жойлашган жой бўйича, агент ёрдамида ташиш шартномаси тузилган бўлса, агентлик жойлашган жойдаги тегишли судда кўрилади.

Ташувчи авиакомпаниянинг харакатларидан норози бўлсангиз, қуйидаги ташкилотларга электрон равишда мурожаат қилишингиз мумкин:
  • Парвозларнинг хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси (мурожаат учун ушбу ҳаволага ўтинг)
  • Прокуратура органлари (мурожаат учун ушбу ҳаволага ўтинг)
  • Адлия органлари (мурожаат учун ушбу ҳаволага ўтинг)
  • Суд органлари (мурожаат учун ушбу ҳаволага ўтинг)

 

Адвокат хизматидан фойдаланиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

Chat