Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9336 марта ўқилди

Савол: Ч. исмли шахс уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси қанча эканлиги ва ушбу норма қайси идора томонидан белгиланиши тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жойлар фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ берилади.

Уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бир киши ҳисобига 16 квадрат метрдан кам бўлмаган умумий майдон ҳажмида, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун эса – 23 квадрат метрдан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади.

Савол: Х. исмли аёл кўп қаватли уйда жойлашган квартирасини марказий иситиш тармоғидан узиб, ўзининг квартираси учун индивидуал иситиш мосламаси ўрнатмоқчи эканлиги ҳақида маълум қилиб, бунинг учун қандай ҳужжатлар расмийлаштирилиши лозимлиги юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Кўп квартирали уйларнинг айрим турар жой ва нотурар жой хоналарини иситишнинг ушбу тизимларини иссиқлик жиҳатидан ва гидравлик қайта тартибга солмаслик учун иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимидан узиш тақиқланади.

Савол: Ш. исмли шахс кўп қаватли уйнинг квартирасида ёлғиз яшовчи кекса қўшниси унга умрининг охиригача боқиб парваришлаши, барча зарурий ёрдамларни кўрсатиб туриши эвазига ўз квартирасини унга беришини ваъда қилгани ҳақида маълум қилиб, ушбу ҳолатни қандай тартибда расмийлаштириш лозимлиги юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради. 

Жавоб: Бунинг учун Ш. исмли шахс ёлғиз яшовчи қўшниси билан умрбод таъминлаш шарти билан квартирани бошқа шахсга бериш шартномасини ёзма шаклда тузиб, уни нотариал тартибда тасдиқлатиши лозим.

Умрбод таъминлаш шарти билан квартирани бошқа шахсга бериш шартномасида бошқа шахсга берувчига қандай моддий таъминот турлари берилиши, уларнинг пул билан ифодаланган бир ойлик баҳоси ва квартиранинг қиймати кўрсатилиши лозим. Бериладиган квартира ва моддий таъминот қиймати тарафлар келишуви билан белгиланади.

Савол: М. исмли шахс хизмат турар жойи берган ташкилотда ўн беш йил давомида ишлаганидан сўнг, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани, шундан сўнг ташкилот  маъмурияти хизмат турар жойини бўшатиб қўйишни талаб қилгани, унинг эса бошқа турар жойи йўқлиги, бундай ҳолатда унинг турар жой бўйича қандай ҳуқуқлари борлиги тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради. 

Жавоб: М. исмли шахс хизмат турар жойи берган ташкилотда ўн йилдан кўп ишлагани сабабли, унга ташкилот томонидан доимий яшашга мўлжалланган, белгиланган санитария, ёнғинга қарши, техник талабларга жавоб берадиган ҳамда ушбу аҳоли пункти чегараси доирасида бўлган бошқа турар жой берилган ҳолда хизмат турар жойидан кўчирилиши лозим.

Агарда ушбу фуқаро бошқа турар жой берилмаган ҳолда хизмат турар жойидан кўчирилган тақдирда, у судга бошқа турар жой билан таъминлаш мажбурияини юклаш ҳақида даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Савол: Т. исмли шахс кўп квартирали уйда яшаши, қишки мавсумда иситиш ва иссиқ сув таъминоти яхши эмаслиги, яъни иситиш радиаторларида ва сув олиш жойларида иссиқ сувнинг ҳарорати жуда пастлиги ҳақида маълум қилиб, уйни иситиш ва иссиқ сув билан таъминлашда қандай меъёрлар белгилангани тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Иситиш мавсуми даврида 1995 йилгача қурилган кўп қаватли турар жой хоналаридаги ҳарорати камида 20о С, агар кўп қаватли уйлардаги иссиқлик тизими реконструкция қилинмаган бўлса – турар жой хоналаридаги ҳарорат камида 18о С бўлиши, иссиқ сув таъминоти бўйича – сув олиш жойларида иссиқ сувнинг ҳарорати 50 – 75о С бўлиши керак.

Chat