Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 65297 марта ўқилди

Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Ота ва она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.

Шахс қуйидаги ҳолларда тўла муомалага лаёқатли деб топилади:

  • вояга етганда (18 ёшга тўлганда);
  • вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб топиш (эмансипация)
    • 16 ёшга тўлган вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийсининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин.
    • вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш ота-онанинг, фарзандликка олувчиларнинг ёки ҳомийнинг розилиги билан васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига мувофиқ ёхуд, бундай розилик бўлмаган тақдирда, суднинг қарори билан амалга оширилади.
  • вояга етмаган шахс қонуний никоҳ муносабатларига киришганда.

Ота-она, фарзандликка олувчилар ва ҳомий эмансипация қилинган вояга етмаганнинг мажбуриятлари бўйича, хусусан, у етказган зарар оқибатида келиб чиққан мажбуриятлар бўйича жавобгар бўлмайдилар.

Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик жарима солишга сабаб бўлади.


Ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт.

Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга.

Ота-она болаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган зарур даражада таълим олишини таъминлаши шарт.

Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик жаримага сабаб бўлади.


Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш уларнинг ота-онаси зиммасига юклатилади.

Ота-она ўз болаларининг қонуний вакиллари ҳисобланадилар ҳамда ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларда, судда алоҳида ваколатсиз уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладилар.

Васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ота-она ва болалар манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик борлиги аниқланганда, ота-она ўз болаларининг манфаатларини ҳимоя қилишга ҳақли эмас.

Ота-она ва болалар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлганда васийлик ва ҳомийлик органи болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил тайинлаши шарт.


Ота-она болани қонунга асосланмасдан ушлаб турган ҳар қандай шахсдан унинг қайтарилишини талаб қилишга ҳақли. Низо чиққан тақдирда, ота-она ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишга ҳақли. Бу талабларни кўришда суд болани ота-онасига қайтариш унинг манфаатларига зид деган хулосага келса, боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-онанинг даъвосини рад қилишга ҳақли.

Агар суд ота-она ҳам, болани ўз қарамоғига олган шахс ҳам болага лозим даражада тарбия беришни ҳамда уни камолотга етказишни таъминлай олмайдилар, деб топса, болани васийлик ва ҳомийлик органи қарамоғига олиб беради.

Chat