Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 35652 марта ўқилди

Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.

Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.       

Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.

Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.  

Никоҳ шартномасини нотариал тасдиқлашда давлат божи ундирилмайди.          

Никоҳ шартномасининг мазмуни:      

Эр ва хотин никоҳ шартномасига кўра биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир.

Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин.

Никоҳ шартномасида қуйидаги қоидалар белгиланиши мумкин:
  • ўзаро моддий таъминот бериш, оила харажатларини кўтариш, бир-бирининг даромадида иштирок этиш, бошқа шахслар билан мулкий шартномалар тузиш, биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • никоҳдан ажралганда эр ва хотиндан ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлаб олиш;
  • эр ва хотиннинг мулкий муносабатларига оид бошқа қоидалар.

Никоҳ шартномасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар муайян муддат билан чекланиши ёки муайян шарт-шароитнинг юзага келиши ёхуд келмаслигига боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин.

Никоҳ шартномасида қуйидаги қоидаларни назарда тута олмайди:
  • эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини чекловчи қоидалар;
  • эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни, эр-хотиннинг болаларга нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солувчи қоидалар;
  • меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ёки хотиннинг ҳуқуқини чекловчи қоидалар;
  • эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиб қўювчи ёхуд оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормаларига зид келувчи бошқа шартлар.

Никоҳ шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш

Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Никоҳ шартномаси эр-хотиндан бирининг талаби билан фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Никоҳ тугатилган пайтдан бошлаб никоҳ шартномасининг амал қилиши ҳам тугайди, никоҳ шартномасида никоҳ тугатилганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно.

Эр (хотин) никоҳ шартномаси тузаётгани, уни ўзгартираётгани ёки бекор қилаётгани тўғрисида ўз кредиторини (кредиторларини) хабардор қилиши шарт. Ушбу мажбуриятни бажармаган тақдирда эр ёки хотин, никоҳ шартномаси мазмунидан қатъи назар, ўз мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлади.

Қарздор эр (хотин)нинг кредитори (кредиторлари) шароит жиддий ўзгаргани туфайли никоҳ шартномасининг шартларини ўзгартириш ёки бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.

Нотариал идоралар ҳақида маълумот олиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Нотариус қабулига ёзилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Chat