Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 79169 марта ўқилди

Педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига қуйидагилар киради:

  • Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;
  • Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти таркибида мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнларини такомиллаштириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш;
  • Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари.

Педагог ходимларнинг малака тоифаларини олиши (ўзгартириши) ва аттестациядан ўтиши учун қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисида ҳужжатнинг (диплом, сертификат) мавжудлиги талаб этилади.

Малакасини ошириш

Педагог ходимларнинг малакасини ошириш тўғридан-тўғри (таълим дастурлари бўйича ўқитиш) ва билвосита (таълим дастурларисиз ўқитиш) шакллари бўйича ташкил этилади.

Педагог ходимларнинг малакасини ошириш қуйидаги кўринишларда амалга оширилади:

  • асосий ишдан бўшаган ҳолда;
  • асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган усул);
  • асосий ишдан бўшамаган ҳолда (масофавий таълим).

Асосий ишдан бўшаган ҳолда ва асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган усулда) малакани ошириш ҳудудий марказ базасида ўтказилади.

Асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган усулда) малака ошириш курси умумий давомийлигининг 50 ёки 25 фоизи — ҳудудий марказда аудитория машғулотларига ажратилади. Курснинг қолган қисми амалий машғулотлар ўтказилишини назарда тутади. Амалий машғулотларни асосий иш жойида ўтказишга йўл қўйилади.

Амалий машғулотларнинг ҳар бир ўзлаштирилган модули бўйича тест синовлари, реферат топшириш, амалиёт бўйича ҳисобот ва шу кабилар шаклидаги назорат назарда тутилади.

Асосий ишдан бўшамаган ҳолда ўқитишнинг масофавий таълим шакли қўлланилади.

Педагог ходимларнинг малакасини ошириш давомийлиги уни ташкил этиш шаклларига ҳамда педагог ходимнинг касбий малака даражасини ва индивидуал касбий эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда буюртмачи томонидан белгиланадиган талабларга боғлиқ ҳолда аниқланади.

Педагог ходимлар 5 йилда камида бир марта малака оширишлари шарт.

Малака оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари учун аудитория машғулотларининг ва мустақил ишларнинг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.

Қайта тайёрлаш

Қуйидагилар қайта тайёрлашнинг асосий турлари ҳисобланади:

  • Педагогик қайта тайёрлаш — олий маълумотли нопедагог мутахассисларнинг базавий касбий маълумотини таълимнинг тегишли тури малака талаблари билан белгиланадиган ўқув-тарбия жараёнининг талаб этиладиган сифатини таъминлайдиган даражада педагогик фаолиятни юритиш учун зарур ва етарли бўлган педагогик тайёргарлик талабларига мувофиқлаштириш мақсадида мутахассисларни қайта тайёрлаш;
  • Касбий қайта тайёрлаш (ихтисослашув) — олий педагогик маълумотли мутахассислар томонидан таълимнинг тегишли тури малака талаблари билан белгиланадиган ўқитишнинг талаб этиладиган сифатини таъминлайдиган даражада ўқув фани ёки курс бўйича педагогик фаолиятни юритиш учун зарур ва етарли ҳажмда янги касбий билимлар, малака ва кўникмаларни ўзлаштириш.

Педагог ходимларни касбий қайта тайёрлаш янги ўқув фанлари ёки курслар жорий этилиши муносабати билан шартнома асосида ташкил этилади.

Қайта тайёрлаш натижасида бериладиган ҳужжат (диплом) муайян фанлар бўйича ўқув машғулотлари олиб бориш ҳуқуқини беради.

Педагог ходимларни қайта тайёрлаш дастурларини ўзлаштириш муддати ўқув режасига киритилган фанлар сони ҳамда уларнинг юкламалари ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади ва у 16 ҳафтадан (576 соатдан) кам бўлмаслиги шарт. Аудитория машғулотлари ва мустақил ишларнинг ҳафталик юкламаси энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.

Аудитория машғулотларининг барча турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.

Малака ошириш ва қайта тайёрлашда бериладиган имтиёзлар

Малака ошириш курслари тингловчилари учун ўқишнинг барча даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича эгаллаган лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади, уларнинг ўқув юкламаси эса бошқа аъзолар ўртасида тақсимланади.

Ишдан ажралган малака оширишга бошқа ҳудудлардан юборилган тингловчилар учун ўқишга бориш ва ундан қайтиш бўйича бир марталик йўл ҳақи харажатлари уларни юборган томон ҳисобидан қопланади.

Ўқув курсларидан четлатиш

Тингловчи қуйидаги ҳолларда тингловчилар сафидан четлаштирилиши мумкин:

  • ўз хоҳишига биноан;
  • ўқув интизомини ва ҳудудий марказнинг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;
  • ўқув машғулотларини узрли сабабларсиз 18 академик соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;
  • таълим дастурларини ўзлаштирмаганлиги учун;
  • саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
  • суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
  • вафот этганлиги сабабли.

Тингловчи малака ошириш курсидан четлатилганда, унга ҳудудий марказ томонидан сабаблари кўрсатилган ҳолда маълумотнома берилади, шунингдек, бу ҳақда уни малака оширишга юборган буюртмачига хабар берилади.

Малака ошириш курсидан четлатилган ёки якуний назоратдан ўта олмаган буюртма асосида келган тингловчи кейинги ўқув йилида иш ҳақи сақланмаган ҳолда малака оширишга юборилади.

Малака ошириш курсларига қайта юборилган педагог ходим ўқиш якунлари бўйича якуний назоратдан такроран ўтмаган ёки асосий иш жойи бўйича белгиланган муддатда малака ошириш курсларидан ўтмаган тақдирда, у билан тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатидан қатъи назар, меҳнат шартномаси белгиланган тартибда 2 ой мобайнида бекор қилинади.

Улар келгусида ўз педагогик фаолиятини давом эттириши учун ҳудудий марказ билан бевосита тузилган шартнома асосида ўз малакаларини оширган бўлишлари талаб қилинади.

Қайта тайёрлаш курси таълим дастурларини ўзлаштириш юзасидан якуний назоратдан қониқарсиз баҳо олган тингловчиларга камида 1 ойдан сўнг якуний курсни тугатиш ишини қайта ҳимоя қилиш имконияти берилади.

Ҳужжатлар

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим дастурлари талабларини муваффақиятли бажарган тингловчиларга қуйидаги ҳужжатлар берилади:

  • малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификат — камида 4 ҳафта (144 соат) ҳажмидаги таълим дастурларини ўтаган тингловчилар учун;
  • қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги диплом — камида 16 ҳафта (576 соат) ҳажмидаги таълим дастурларини ўтаган тингловчилар учун;
  • якуний назорат натижасида ўқитиш дастурини ўзлаштириш юзасидан қониқарсиз баҳо олган тингловчиларга ўқув курсини тамомлаганлик тўғрисидаги маълумотнома.

Қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги диплом ва малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификат белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Chat