Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 25202 марта ўқилди

Олий таълим муассасалари қабулни Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида қабул квоталарига мувофиқ амалга оширадилар.

  • Қабул квоталаридан ташқари абитуриентларни ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси рухсатига асосан амалга оширилади.

Олий таълим муассасаларига қабул барча учун (ҳам грантлар, ҳам тўлов-контракт бўйича) амалга оширилиб, тест синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилинади.

  • Қолган абитуриентлар тест баллари рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилинади.

Ҳудудлар кесимида мақсадли қабул квоталари тасдиқланган таълим йўналишларига қабул фақат тегишли ҳудудда яшаётган ва ҳудуднинг тегишли таълим тўғрисидаги дипломига эга бўлган абитуриентлар ҳисобидан амалга оширилади. 

  • Қабул квоталари тегишли қарор эълон қилинганда Давлат тест марказининг сайтида жойлаштирилади. Давлат тест маркази сайтига кириш учун ушбу ҳавола ўтинг.

Тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиш учун БҲМнинг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Аризаларни қабул қилиш
  • Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш 20 июнидан 20 июлига қадар (20 июль куни ҳам) бўлган муддатда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади
  • Абитуриент яшаш жойи (прописка)дан қатъий назар, исталган жойдаги Давлат марказлари орқали ўқишга ҳужжат топшириши мумкин. 

Абитуриент қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  1. фуқаролик паспорти ёки ички ишлар бўлимлари томонидан берилган 09-шакл бўйича жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, паспорт сериясива рақами кўрсатилган маълумотнома;
  2. паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома
  3. умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан);
  4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;
  5. тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлар (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиш учун БҲМнинг ярим баравари миқдорида тўловни амалга оширганлиги тўғрисидаги тўлов варақаси (квитанция).

Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар ва кўзи ожизлар тоифасига кирувчи шахслар ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни топширадилар.

Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар тоифасига «Меҳрибонлик уйлари»да яшаб таълим олган, 18 ёшга тўлмаган, отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки суд қарорига биноан вафот этган деб эълон қилинган болалар киради.

  • Ҳарбий қисмлар қўмондонлиги тавсияномалари улар берилган кундан ҳамда муддатли ҳарбий хизматни тугатган давридан бошлаб, 3 йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади (олий таълим муассасасига талабаликка қабул қилинганлиги тўғрисидаги расмий буйруқ бўлса, имтиёздан такроран фойдаланиш мумкин эмас).
  • Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда давлат марказлари (олий таълим муассасаси қабул комиссияси) абитуриентнинг ҳужжатларини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.
  • Ҳужжатлар қабул қилишнинг белгиланган муддатлари тугагандан сўнг ҳужжатларга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиб бўлмайди.
  • Абитуриент томонидан топширилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, у ҳолда абитуриент тест синовларидан (олий таълим муассасасидан) четлаштирилади.

Касбий имтиҳонлар
  • Олий таълимнинг айрим йўналишлари бўйича тест синовлари билан бир қаторда қўшимча касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилади. Касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган таълим йўналишлари рўйхати Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
  • Касбий (ижодий) имтиҳонлар абитуриентлар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиш жараёнида танлаган биринчи олий таълим муассасаси томонидан тест синовлари ўтказилишига қадар 11 июлдан 20 июлгача, тест мажмуаларида фаннинг ўрнига қараб унинг учун назарда тутилган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизигача бўлган оралиқда ягона кўп балли баҳолаш тизими бўйича амалга оширилади.
  • Касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари бўйича тушган норозилик (апелляция) аризалари олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан 21 июлга қадар бўлган муддатда кўриб чиқилади.
  • Касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари Давлат тест марказига олий таълим муассасалари томонидан 22 июлгача тақдим этилади.

Тест синовларини ўтказиш
  • Тест синовлари Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади.
  • Тест синовлари 3 тилда — ўзбек, рус, Қорақалпоғистон ҳудудида қорақалпоқ тилида ҳам ўтказилади.
  • Абитуриент тест синовларини ва касбий (ижодий) имтиҳонни олий таълим муассасасида ўқийдиган тилда топширади. Бунда ўзбек гуруҳларига ҳужжат топширган абитуриент ўз аризасига асосан тест синовларини ўзбек тилида лотин ёки кирилл алифбосида топшириш ҳуқуқига эга.
  • Абитуриент чет тиллар сифатида инглиз, немис, француз тилларидан бири бўйича тест синови топширади. Абитуриент ўқиган чет тилидан қатъи назар, хоҳлаган (инглиз, немис, француз) чет тилидан тест топшириши мумкин.
  • Тест синовлари кундузги ва кечги (сменали) таълим шакллари учун ҳар йили июль - август ойларида, қоида тариқасида кунига 2 сменада ўтказилади.
  • Абитуриентнинг тест синовидан тўплаган баллари тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмаганлиги тест синовларини ўтказиш тўлиқ якунланганидан кейин 1 ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
  • Олий таълим муассасасида танланган таълим йўналишига қараб абитуриентлар белгиланган тартибда тасдиқланган фан мажмуалари бўйича тест синовларидан ўтадилар.
  • Тест топшириқлари умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади.
  • Давлат тест маркази томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган абитуриентларга мос чет тили фанидан белгиланган максимал балл берилади ва улар чет тили фанидан тест синови (касбий (ижодий) имтиҳон) топширмайди.

Контракт асосида қабул қилиш
  • Абитуриентларни тўлов-контракт асосида қабул қилиш тест синовларининг баллар рейтинги бўйича Давлат комиссияси томонидан амалга оширилади.
  • Давлат комиссияси томонидан абитуриентларни тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин олий таълим муассасаси билан юридик ёки жисмоний шахслар ўртасида белгиланган тартибда контрактлар расмийлаштирилади.
  • Тўлов ҳар йили контрактда кўрсатилган муддатларда амалга оширилади.

Қўшимча контракт
  • Олий таълим муассасаларининг таклифларига мувофиқ, Давлат комиссияси қарори асосида абитуриентлар тўлов-контракт бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилиниши мумкин.
  • Олий таълим муассасалари қўшимча қабулни Давлат комиссияси қарори билан белгиланган кўрсаткичларга мувофиқ тўплаган баллари Давлат комиссияси томонидан белгиланган минимал баллдан кам бўлмаган ва асосий қабул чегараларига 4 баллгача етмаган абитуриентлар орасидан баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширадилар.

Оширилган тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

  1. тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига 1 баллгача етмаган абитуриентлар учун - 1,5 баробар;
  2. 1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун - 2,0 баробар;
  3. 2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун - 2,5 баробар;
  4. 3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун - 3,0 баробар.

Имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинадиган шахслар

Қуйидагилар мос таълим йўналишларига имтиҳонларсиз давлат грантлари асосида қабул қилинадилар:

  • халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолиблари;
  • Зулфия номидаги Давлат мукофотлари соҳибалари;
  •  «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари;
  • «Тарбиячи» республика танлови ғолиби;
  • «Ҳамшира» республика танлови ғолиби;
  • Бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари;
  • «Ниҳол» мукофоти совриндорлари;
  • Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари доимий яшаш жойидаги олий таълим муассасаларининг педагогика таълим йўналишларига.

Олимпиада фани, танловлар билан олий таълим йўналишлари ўртасидаги касбий мувофиқлик Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Ўқишга қабул қилишни расмийлаштириш
  • Давлат комиссиясининг абитуриентларни қабул қилиш тўғрисидаги қарори асосида олий таълим муассасалари 25 августга қадар абитуриентларни давлат грантлари бўйича талабалар сафига қабул қилиш ҳақидаги буйруқларни расмийлаштиради.
  • Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар (ҳужжат топширган таълим йўналиши бўйича тўлов-контракт асосидаги қабул квоталари доирасида белгиланган ўтиш баллини тўплаган бўлса) ва кўзи ожизлар тоифасига кирувчиларни ўқишга қабул қилиш давлат гранти асосида амалга оширилади.
  • Тўлов-контракт асосида абитуриентларни ўқишга қабул қилиш контрактда белгиланган маблағ миқдори 15 сентябрдан кечиктирилмай, белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг расмийлаштирилади.
  • Бунда, тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар 2 сентябрдан бошлаб дарсларга қатнашига рухсат берилади.
  • Қўшимча тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар ушбу сумма биринчи ўқув йили учун тўлиқ тўлангандан кейин ўқишга қабул қилинади.

Chat