Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4277 марта ўқилди

Айрим ҳолларда судья ишни кўриши мумкин эмас ва рад қилиниши лозим.

Агар у:

Шу иш илгари кўрилганида судья сифатида иштирок этган бўлса ва ишни кўришда такрор иштирок этишига йўл қўйилмаса;
Ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса;
Шу иш илгари кўрилганида ҳакамлик судининг судьяси, прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлисининг котиби, гувоҳ ва вакил сифатида иштирок этган бўлса;
Тараф ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг қариндоши бўлса;
Ишни кўраётган ҳайъат таркибига кирувчи судьянинг қариндоши бўлса.

Рад қилиш асослари прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлиси котибига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Агар эксперт, мутахассис ва таржимон тарафлар ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга хизмат юзасидан ёхуд бошқача тарзда қарам бўлса, агар эксперт ва мутахассис ҳам тафтиш ўтказган ёхуд хулоса берган бўлиб, уларнинг материаллари мазкур ишни қўзғатишга асос бўлиб хизмат қилган бўлса, уларни рад қилиш тўғрисида ариза берилиши мумкин.

Прокурорни, экспертни, мутахассисни, таржимонни, суд мажлиси котибини рад қилиш суднинг ташаббусига кўра ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Рад қилиш ҳақидаги арз асослантирилган бўлиши ва ишни мазмунан кўриш бошлангунига қадар маълум қилиниши лозим. Рад қилиш асоси судга ёки рад қилинаётган шахсга ишни кўриш бошланганидан сўнг маълум бўлиб қолган ҳоллардагина рад қилиш ҳақида кечикиб арз қилишга йўл қўйилади.

Айни бир шахс томонидан айни бир асослар бўйича такроран рад қилиш арз қилиниши мумкин эмас. Такроран рад қилиш арз қилинган тақдирда, у кўриб чиқилмайди.

Chat