Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8944 марта ўқилди

Апостиль — расмий ҳужжатни имзолаган мансабдор шахснинг имзоси ҳақиқийлигини, имзолаш ваколати мавжудлигини ҳамда ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ёки штамп босма изи ҳақиқийлигини тасдиқлайдиган, Конвенцияга мувофиқ расмий ҳужжатга чет элда фойдаланиш мақсадида қўйиладиган махсус штамп.

  • апостиль қўйиш — расмий ҳужжатни имзолаган мансабдор шахснинг имзоси ҳақиқийлигини, имзолаш ваколати мавжудлигини ҳамда ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ёки штамп босма изи ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун зарур бўлган расмий тартиб-таомил.
  • ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи конвенция (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 5 июлдаги ПҚ-1566-сон қарорига мувофиқ апостиль қўйиш ваколати берилган давлат органи;
  • «юлдузча» — расмий ҳужжат варақлари маҳкамланадиган жойга ёпиштириладиган ва апостилни қўйган ваколатли давлат органининг гербли муҳри босиладиган қалин қоғоз;
  • «E-App» дастури — расмий ҳужжатни имзолаган мансабдор шахснинг имзоси ҳақиқийлигини, имзолаш ваколати мавжудлигини ҳамда расмий ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ёки штамп босма изи ҳақиқийлигини тасдиқлайдиган, Конвенцияга мувофиқ расмий ҳужжатга чет элда фойдаланиш мақсадида қўйиладиган махсус штамп генерация қиладиган дастур;
  • «E-register» дастури — ваколатли давлат органи томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда расмий ҳужжатга чет элда фойдаланиш мақсадида «E-App» дастури орқали қўйиладиган махсус штампни генерация қилиш ва ушбу штампга ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатларини ўзида жамловчи электрон реестр дастури.

Ўзбекистон Республикасида апостиль қўйиш ваколатига эга бўлган органлар
  1. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари — тегишли ҳудуддаги адлия органлари ва муассасаларидан ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга;
  2. Ўзбекистон Республикаси Олий суди — судлардан чиқадиган расмий ҳужжатларга;
  3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси — прокуратура, тергов ва суриштирув ҳамда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга;
  4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси — таълим ташкилотлари томонидан берилган расмий ҳужжатларга;
  5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги — бошқа барча расмий ҳужжатларга.

Сўровнома расмий ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилади.

  • Апостиль:
  1. чет элда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан содир этилган расмий ҳужжатларга;
  2. тижорат ёки божхона операцияларига тўғридан-тўғри алоқадор бўлган расмий ҳужжатларга;
  3. Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортига, идентификация ID-картасига, ҳарбий билетга қўйилмайди.

Сўровномани кўриб чиқиш учун йиғим
  • таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича — базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида;
  • адлия органлари ва муассасаларидан ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича — базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида;
  • бошқа ҳужжатлар бўйича — базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Мурожаат этувчи расман мурожаат этганидан сўнг тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

Қуйидаги ҳолларда апостиль қўйиш рад этилади
  1. расмий ҳужжатда ушбу Регламентнинг 15-бандига мувофиқ зарур реквизитларнинг ҳеч бўлмаганда бири мавжуд бўлмаса ёки мансабдор шахсларнинг имзолари ҳамда муҳр, штампларнинг ҳақиқий эмаслиги аниқланса;
  2. расмий ҳужжатни имзолаган мансабдор шахс уни имзолаш ваколатига эга бўлмаса.

  • Ваколатли давлат органи томонидан апостиль қўйиш рад этилган тақдирда, ушбу Регламентга мувофиқ рад этиш тўғрисидаги билдиришнома рад этиш сабаблари ва мурожаат этувчи кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун расмий ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддат (30 календарь кун) кўрсатилган ҳолда мурожаат этувчига (унинг вакилига) тақдим этилади.
  • Ваколатли орган ходими шу куннинг ўзида мурожаат этувчига рад этиш тўғрисидаги билдиришнома ҳақида телефон ёки «SMS-хабар» орқали хабар беради.

Электрон тарзда апостиль қўйиш тартиби
  • Мурожаат этувчи давлат хизмати олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтган ҳолда электрон тарзда мурожаат этади.
  • Давлат хизматлари маркази ходими мурожаат этувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этганда мурожаат этувчи ўзининг шахсий кабинети орқали ваколатли давлат органларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга — ушбу Регламентнинг 2-иловасига мувофиқ электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради.
  • Сўровномага хорижий давлат — Конвенция қатнашчиси ҳудудида фойдаланиладиган расмий ҳужжат ёки расмий бўлмаган ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхаси илова қилинади.
  • Мурожаат этувчи томонидан сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди. Унинг ЯИДХПдан муваффақиятли авторизациядан ўтгани сўровномани ўзи шахсан юборганини билдиради.
  • Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, сўровнома идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия ва бошқалар) билан тасдиқланиши мумкин.
  • Давлат хизматлари маркази ходими томонидан барча расмий ҳужжатлар сканер қилинади ва 10 дақиқа мобайнида PDF шаклида идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ёрдамида ваколатли давлат органига юборилади.
  • Сўровномани кўриб чиқиш учун мурожаат этувчидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Апостиль қўйиш масалалари бўйича маслаҳатлар (маълумотномалар) бериш

Маслаҳатлар қуйидаги масалалар бўйича берилади:

  • ваколатли давлат органлари, шу жумладан улар жойлашган ер тўғрисидаги маълумотлар;
  • апостиль қўйиладиган расмий ҳужжатларнинг турлари ва хусусияти тўғрисида;
  • апостиль қўйиш учун тақдим этиладиган расмий ҳужжатларга қўйиладиган талаблар тўғрисида;
  • апостиль қўйилганлиги учун йиғим миқдори тўғрисида;
  • ҳужжатларни қабул қилиш ва бериш вақти тўғрисида;
  • апостиль қўйиш муддатлари тўғрисида;
  • апостиль қўйиш давомида амалга ошириладиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) ва қабул қилинадиган қарорлар устидан шикоят қилиш тартиби тўғрисида;
  • Конвенция қатнашчилари бўлган давлатлар тўғрисида.

Расмий ҳужжатларга анъанавий тарзда апостиль қўйиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш схемаси

Chat