Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9863 марта ўқилди

БОСҚИЧЛАР:
I. Тижорат ташкилотини ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари), вакиллари ёки ваколатли орган томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади.

Қарорда қуйидагилар кўрсатилади
  • тугатилаётган тадбиркорлик субъекти тўғрисидаги маълумотлар (тўлиқ ва қисқартирилган номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами, почта манзили);
  • тугатувчи ҳақидаги маълумотлар (паспорт маълумотлари, телефон рақами ва электрон почта манзили);
  • тугатилаётган тадбиркорлик субъекти бўйича мурожаатларни қабул қилиш жойи ва муддати;
  • тадбиркорлик субъектини тугатиш сабаби ва мўлжалланаётган тугатиш муддати.

II. Тугатувчи тайинланади.

  • Уч иш куни мобайнида – тижорат ташкилоти фаолияти билан боғлиқ барча ҳужжатларни, шунингдек, тижорат ташкилотининг муҳри, штамплари (агар мавжуд бўлса) ва бошқа мол-мулкини рўйхат бўйича топширади.

Тугатувчи
  • ихтиёрий тугатишни амалга оширади ва тижорат ташкилотининг кредиторлари, муассислари (қатнашчилари) ҳамда бошқа тегишли шахслар манфаатларига риоя этилишини таъминлайди;
  • тижорат ташкилоти қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлайди;
  • ишончномасиз тижорат ташкилоти номидан вакиллик қилади, тижорат ташкилотининг молиявий, ҳисоб-китоблар ва бошқа ҳужжатларини имзолайди;
  • тижорат ташкилотининг барча мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаради.

II. Тугатувчи ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейинги иш кунидан кечикмай
  • рўйхатдан ўтказувчи органга ― ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини;
  • тижорат ташкилотининг талаб қилиб олинадиган асосий депозит ҳисобварағига, хизмат кўрсатувчи банкка ва хорижий валютадаги маблағлари жамланадиган банкка: ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини; имзолар намуналари ва тугатувчи муҳрининг босма изи қўйилган карточкаларнинг икки нусхасини;
  • тижорат ташкилотининг миллий валютадаги иккиламчи депозит ҳисобварақларига, жамғарма депозит ҳисобварақларига ва муддатли депозит ҳисобварақларига хизмат кўрсатувчи банкларга – уларни ёпиш ҳамда маблағларнинг мавжуд қолдиқларини унинг миллий валютадаги асосий ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги ариза-топшириқномани;
  • тижорат ташкилотининг хорижий валютадаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари, жамғарма ва муддатли депозит ҳисобварақлари очилган банкларга – уларни ёпиш ҳамда маблағларнинг мавжуд қолдиқларини унинг депозит ҳисобварақларига, миллий валютадаги асосий ҳисобварағи очилган жойда очилган хорижий валютадаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги ариза-топшириқномани жўнатади.

III. Рўйхатдан ўтказувчи орган тугатиш тўғрисида қарор тушгандан сўнг бир иш куни ичида
  • тижорат ташкилоти ихтиёрий тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисидаги маълумотларни давлат реестрига киритади ҳамда бу тўғрисида Тизим орқали ваколатли органларни хабардор қилади;
  • рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига тижорат ташкилоти тугатилаётганлиги тўғрисида барча учун эркин фойдаланиш имкони бўлган эълонни жойлаштиради.

IV. Тугатувчи ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин
  • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тижорат ташкилоти ходимлари билан меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларни тўхтатиш чора-тадбирларини кўради;
  • тижорат ташкилотининг активлари ва мажбуриятларини хатловдан ўтказади, шу жумладан, тижорат ташкилоти қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари реестрини тузади;
  • йил бошидан бошлаб рўйхатдан ўтказувчи орган тижорат ташкилотини ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган санагача бўлган даврда тижорат ташкилоти томонидан тўланадиган барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни тузади;
  • тижорат ташкилотининг дебиторлик қарзларини олиш, шунингдек, тасдиқнома олган ҳолда (қабул қилиб олинган санаси тўғрисидаги белги, почта квитанцияси, ёзма ёки электрон хабар ва шу кабилар) кредиторларни аниқлаш ва тижорат ташкилотининг тугатилиши тўғрисида уларни ёзма равишда хабардор қилиш чора-тадбирларини кўради.

V. Бюронинг туман (шаҳар) бўлими  ўн кундан кечиктирмай иш юритишда ижро ҳужжати мавжудлигини аниқлайди. Тегишли ижро ҳужжати мавжуд бўлган тақдирда, давлат ижрочиси ижро ишини тугаллайди ва  ижро ҳужжатини тугатувчига юборади.

  • Давлат солиқ хизмати органи рўйхатдан ўтказувчи орган уч иш куни мобайнида тижорат ташкилотининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга (тафтиш қилишга) киришади, унинг муддати ўттиз календарь кундан ошмаслиги керак.

VI. Тугатувчи қуйидаги ҳаракатларни амалга оширилганидан сўнг тугатиш баланси лойиҳасини тузади
  • кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тугаллангандан сўнг, шунингдек, тижорат ташкилоти қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари амалда ижро этиш;
  • солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, молиявий жарималар суммаси, шу жумладан, текширишлар якунлари бўйича ҳисобланган суммалар тўлаш;
  • тижорат ташкилотининг мол-мулки мулкка эгалик қилиш юзасидан буюмлар бўйича ҳуқуқларга ёки ушбу тижорат ташкилотига нисбатан мажбуриятлар бўйича ҳуқуқларга эга бўлган муассислар (қатнашчилар) ўртасида тақсимлаш.

VII. Тугатиш баланси таъсисчилар томонидан имзоланганидан сўнг, давлат солиқ хизмати ва Бюрога юборилади.

VIII. Тугатувчи тижорат ташкилотининг асосий ҳисобварағи очилган банкка уни ёпиш тўғрисида мурожаат қилади.

IX. Тугатувчи асосий ҳисобварақи ёпилгандан кейин уч иш куни мобайнида давлат архивига тижорат ташкилотининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларини топширади.

X. Тугатувчи тижорат ташкилотини давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказувчи органга қуйидагиларни тақдим этади
  • тижорат ташкилотининг барча ҳисобварақлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномалари;
  • тижорат ташкилотининг муҳр ва штамплари (агар мавжуд бўлса);
  • ваколатли орган томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотнома (агар мавжуд бўлса);
  • тижорат ташкилоти ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотнома.

XI. Рўйхатдан ўтказувчи орган қарорни қабул қилинган кундан кейин бир иш куни мобайнида қарорни тугатувчига беради.

XII. Рўйхатдан ўтказувчи орган давлат реестрига тижорат ташкилоти тугатилганлиги тўғрисидаги ёзувлар киритилгандан кейин уч иш куни ичида
  • тижорат ташкилоти тугатилганлиги тўғрисида давлат солиқ хизмати ва статистика органларини Тизим орқали хабардор қилади;
  • тугатилган тижорат ташкилотининг муҳр ва штампларини (агар мавжуд бўлса) белгиланган тартибда йўқ қилиш чораларини кўради;
  • тижорат ташкилотига берилган лицензия ва рухсатномаларни (агар мавжуд бўлса) уларни берган органларга топширади;
  • Ўзбекистон Республикаси Халқ банкининг тижорат ташкилоти жойлашган жойдаги филиалини тижорат ташкилоти тугатилганлиги тўғрисида хабардор қилади.

Chat