Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 2305 марта ўқилди

2024 йил 1 июндан бошлаб Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

а) «Xorijda ish» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:

  • хорижий тиллар ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваригача миқдорда;
  • хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга «ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача миқдорда;
  • йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваригача миқдорда компенсация тўланади;

в) суғурта ташкилотларига — «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оила сифатида эътироф этилган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти, шунингдек, бошқа таваккалчиликларини суғурталаш бўйича суғурта мукофотини қоплаш мақсадида ҳар бир суғурталанган фуқаро учун йилига бир марта 50 минг сўмгача миқдорда субсидия тўланади;

г) хорижда меҳнат қилиш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга дучор бўлган ва камситилган, меҳнат ҳамда бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига адвокатнинг, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг хизматлари учун белгиланган тартибда ҳақ тўланади.

Компенсацияларни олиш учун фуқаро «Xorijda ish» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуаси орқали электрон тарзда ёки бевосита Агентликка асословчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилади.

2024 йил 1 июндан бошлаб ҳужжатларни онлайн талаб қилиб олиш бўйича консуллик йиғимлари миқдори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божи миқдорига тенглаштирилади.

2024 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари учун белгиланган пенсияни ҳисоблаб чиқариш, вояга етмаган фарзандларининг умумтаълим муассасаларида таҳсил олиши билан боғлиқ тўловларни қоплаб бериш (умумтаълим муассасалари пулли бўлганда), шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатиш ва рағбатлантириш тартиби Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари ходимлари ва вакилларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

2024 йил 1 сентябргача:
  • меҳнат мигрантларига ёрдам кўрсатиш учун туну кун ишлайдиган Call-марказ фаолияти ташкил этилади; 
  • чет элдан чиқувчи абонентлар учун Call-марказ рақамига қўнғироқларни бепул асосда амалга ошириш имкони яратилади.

2025 йил 1 июлгача қуйидагилар яратилади:
  • Ўзбекистондан ташқарига чиқувчи ва давлат ҳудудига кириб келувчи шахсларнинг аниқ ҳисобини юритиш имконини берувчи ягона идоралараро ва тўлиқ интеграция қилинган электрон маълумотлар базаси;
  • меҳнат мигрантлари учун бўлиб турган мамлакатлари ва у ердаги бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотларни жойлаштириш, ватандошлар билан онлайн мулоқот қилиш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш, қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар билан боғланиш имконини берувчи мобиль илова.

2024 йил 1 июндан бошлаб:

а) Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ишга олинган бундай ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади.

Бунда:

  • субсидия 2024 йил 1 июндан 2026 йил 1 январга қадар ишга қабул қилинган шахсларга нисбатан тўланади;
  • меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахс билан тузилган ва Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномаси субсидия тўлаш учун асос бўлиб ҳисобланади;
  • меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар деб хорижда уч ва ундан ортиқ ой мобайнида меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, яшаш манзилига қайтиб келганлигига бир йилдан кўп вақт бўлмаган шахслар тушунилади;

Chat