Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 2814 марта ўқилди

"Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонуннинг мақсади ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонун:

  1. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;
  2. фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан 2018 йил 1 майга қадар ортиқча эгаллаган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;
  3. ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари (бундан буён матнда Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари деб юритилади) томонидан эътироф этиш мумкин деб топилганлиги ҳолларига ёки уни эътироф этиш рад этилганлиги ёхуд аризаларнинг кўриб чиқилиши бир марталик умумдавлат акциясининг муддати ўтганлиги сабабли якунига етмаганлиги ҳолларига;
  4. 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига кўра қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фуқароларга, якка тартибдаги тадбиркорларга ёки резидент бўлган юридик шахсларга ажратилган, тасдиқлаш масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган ер участкасига (бундан шундай ер участкасида икки йил ичида бинолар ва иншоотлар қурилмаган ёки уларнинг қурилиши бошланмаган ёхуд ер участкасидан мақсадсиз фойдаланилган ҳоллар мустасно);
  5. фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;
  6. 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари жойлашган ер участкасига;
  7. хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига;
  8. фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк (эгалик қилиш) ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкасига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш асослари ва тартибини белгилайди.

Ҳужжатнинг кучга кириш санаси 08.11.2024 й.

Chat