Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8757 марта ўқилди

Медиаторнинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкин.

Профессионал асосдаги медиатор

Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкин.

Нопрофессионал асосдаги медиатор

Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини 25 ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин.

Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини амалга оширувчи шахс ҳам Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтиши мумкин.

Профессионал медиаторлар реестри

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан Профессионал медиаторлар реестри юритилади, ушбу реестр уларнинг расмий веб-сайтларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

Шахс медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтганидан сўнг Профессионал медиаторлар реестрига киритилади.

Профессионал медиаторлар реестрида қуйидагилар бўлиши керак
  • медиаторнинг фамилияси ва исми;
  • медиаторнинг жойлашган ери ва алоқа маълумотлари;
  • медиатор ихтисослашган медиация соҳаси;
  • медиатор медиация амалга оширишга қодир бўлган тил ҳақидаги маълумотлар.

Медиатор бўлиши мумкин бўлмаган шахслар
  • давлат вазифаларини бажариш учун ваколат берилган ёки унга тенглаштирилган шахс;
  • муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс;
  • судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;
  • ўзига нисбатан жиноий таъқиб амалга оширилаётган шахс.

Медиаторнинг фаолияти тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди.

Chat