Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18842 марта ўқилди

Суғурта деганда юридик ёки жисмоний шахслар тўлайдиган суғурта мукофотларидан шунингдек суғурталовчининг бошқа маблағларидан шакллантириладиган пул фондлари ҳисобидан муайян воқеа (суғурта ҳодисаси) юз берганда ушбу шахсларга суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш йўли билан уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тушунилади.

Суғурта қуйидаги соҳаларга бўлинади:
  • ҳаётни суғурта қилиш (жисмоний шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи, меҳнат қобилияти ва пул таъминоти билан боғлиқ манфаатларини суғурта қилиш, бунда шартнома бўйича суғуртанинг энг кам муддати 1 йилни ташкил этади ҳамда суғурта пулларининг суғурта шартномасида кўрсатиб ўтилган оширилган фоизни ўз ичига олувчи бир марталик ёки даврий тўловларини (аннуитетларни) қамраб олади);
  • умумий суғурта (шахсий, мулкий суғурта, жавобгарликни суғурта қилиш ҳамда ҳаётни суғурта қилиш соҳасига тааллуқли бўлмаган бошқа суғурта турлари).

  • Тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товони (суғурта пули) тўловини амалга ошириш мажбуриятини олувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс суғурталовчи деб эътироф этилади.

Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
  • қонунчиликда белгиланадиган тартибда ва шартларда суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари тузиш;
  • ўз мажбуриятларини белгиланган тартибда қайта суғурта қилиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида қайта суғурта қилиш;
  • махсус ваколатли давлат органи белгилайдиган тартибда ва шартларда инвестиция фаолиятини амалга ошириш ва бошқалар.

Суғурталовчининг номидан ва топшириғига биноан суғурта шартномасининг тузилиши ва ижро этилишини ташкил қилиш бўйича фаолият юритувчи юридик ёки жисмоний шахс суғурта агенти ҳисобланади.

Суғурталовчининг бошқарув органлари раҳбарлари суғурта агенти бўла олмайдилар.

Қуйидагилар тақиқланади:
  • суғурта агентининг тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлмаган суғурталовчилар номидан суғурта шартномалари тузишига;
  • агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта бўйича суғурта агентининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган чет эл суғурта ташкилотлари номидан суғурта шартномалари тузиш билан боғлиқ бўлган воситачилик фаолиятига йўл қўйилмайди.

Суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади.

Суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг суғурта фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда махсус ваколатли давлат органи берадиган лицензиялар асосида амалга оширилади.

Лицензия суғурталовчига ёхуд ҳаётни суғурта қилиш соҳасида, ёхуд умумий суғурта соҳасида, ёхуд фақат қайта суғурта қилиш бўйича суғурта фаолиятини амалга ошириш учун берилади. Ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга ошираётган суғурталовчи умумий суғурта соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас, умумий суғурта соҳасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган айрим турлари (класслари) бундан мустасно. Умумий суғурта соҳасида суғурта фаолиятини амалга ошираётган суғурталовчи ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас. Фақат қайта суғурта қилиш бўйича суғурта фаолиятини амалга ошираётган суғурталовчи суғурта шартномаларини тузишга ҳақли эмас.

Chat