Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Бугун, 25 октябрь куни Адлия вазирлигида “Ўзбекистонда юридик ёрдам механизмларини мустаҳкамлашнинг ҳамкорлик йўли” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди

  • 25.10.2023
  • 414 марта ўқилди

Бугун, 25 октябрь куни Адлия вазирлигида “Ўзбекистонда юридик ёрдам механизмларини мустаҳкамлашнинг ҳамкорлик йўли” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатида давлат томонидан молиялаштириладиган юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ сўнгги ўзгаришлар муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида Адлия вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Хелсинки университети қошидаги Қонун устуворлиги маркази, «Мадад» ННТ ва бошқа тегишли нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда Финляндиянинг Марказий Осиёдаги элчиси иштирок этди.

Таъкидлангандек, Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномалари доирасида ўз мажбуриятларини бажариб, бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан фаол иш олиб бормоқда.

Хусусан, янги қабул қилинган Конституцияда ҳам ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, 2023 йил 16 июнда қабул қилинган “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги муҳим қадам бўлди. Мазкур қонун давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахслар доираси кенгайтирилганлиги ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятини яратади.

Аҳолига бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун «Мадад» ННТ алоҳида эътироф этилди. Ушбу ёндашувга асосан қуйи поғонада бирламчи юридик маслаҳат ва тавсияларнинг ҳамма учун очиқ бўлиши таъминланади, бу эса, жамоатчилик ва ҳуқуқ тизими ўртасидаги тафовут бартараф этилишига имкон беради.

Адлия вазирлиги БМТТД билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳа доирасида ушбу ташаббусларни амалга оширмоқда. Ушбу лойиҳа нафақат амалий чора-тадбирларга, балки моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳам қаратилган. У алоҳида бепул юридик ёрдам кўрсатувчи субъектларга техник кўмак бериш ва уларга кичик ҳажмдаги грантлар тақдим этишдан иборат. Ушбу ёрдам уларни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда хизматларни кенгайтириш ва юридик ёрдам кўрсатишда инновацион ёндашувларни жорий этишга хизмат қилади.

Давра суҳбати мамлакатда одил судловга эришиш ва малакали юридик ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган сараланган нодавлат нотижорат ташкилотларига АКТ жиҳозларини топшириш маросими билан якунланди. Хусусан, «Мадад» ННТнинг Бекобод шаҳри (Тошкент вилояти), Шовот (Хоразм вилояти) ва Хўжаобод (Андижон вилояти) туманларидаги ҳуқуқий маслаҳат бюролари шулар жумласидандир. Ушбу бюролар яқинда ташкил этилганлиги боис, улар қўшимча жиҳозлар ва ёрдам билан имкониятларни янада кенгайтириш мақсадида таъминланмоқда.

Шунингдек, Бухоро вилояти “Ойдин нур” оилани ижтимоий ҳимоялаш маркази оилада соғлом муҳитни шакллантириш, ижтимоий таълим-тарбия бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун,“Барқарор ҳаёт” халқаро ижтимоий-маърифат марказининг Наманган вилоят филиали ҳам жамият ва шахс равнақи учун муҳим бўлган ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган кенг қамровли дастурларга қўшган ҳиссаси учун эътироф этилди.

Ушбу жиҳозлар мазкур ташкилотларнинг аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича имкониятларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Chat