Ҳуқуқий ахборот - ҳаммага, ҳар доим, ҳамма жойда!

Аҳоли ўз ҳуқуқларини билишини талаб қилаверишдан кўра, давлат органларида қонунийликни таъминлаган афзалроқ — Фурқат Тожиев

  • 02.12.2020
  • 129 марта ўқилди

Бугунги шиддатли, тезкор замонда ахборот олишга бўлган эҳтиёж тобора ортмоқда. Айниқса, ҳуқуқий ахборотларга алоҳида зарурат сезилмоқда. Қонунлардан ўз вақтида хабардор бўлиш, уларга амал қилиш ҳаёт тақозосига айланди. Аммо қонунлар ишлагандагина, уларнинг тарғиботидан маъно бўлади. Биз одамларни қонунга итоаткорликка чақириб турсаг-у, фуқаролар ўз кундалик ҳаётида бошқа манзарани кўрса, унда қонунга бўлган ишонч сўнади.

Оғриқли муаммоларимиздан бири, сир эмас, жамиятимизда одамлар орасида ҳуқуқий нигилизм ҳамон бор. Нега? Одамлар қонунлар моҳиятини тушунмаяптими ёки уларга тушунтира олмаяпмизми? Бу борада қандай муаммо мавжуд? Адлия вазирлиги мазкур йўналишда таҳлил ўтказиб, қуйидаги хулосаларга келди.

Биринчи навбатда, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада эмаслигини инобатга олиб, улар билан ишлаш зарурлигига эътибор қаратиш керак. Чунки миллионлаб аҳолининг ўз ҳуқуқларини билишини талаб қилаверишдан кўра, давлат органларида қонунийликни таъминлаган афзалроқдир. Давлат органлари ва хизматчилари ўз вазифаларини тўғри бажариши лозим, фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилмасликлари керак.

Ноқонуний қарорлар қабул қилиш амалиётининг мавжудлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида кўпроқ кузатилади.

Аксарият вазирлик ва идоралар ўзларига тегишли қонун ҳужжатларини аҳолига тўғри тушунтириш масаласига иккинчи даражали иш сифатида қараб келмоқда.

Ҳуқуқий ахборотни тарқатишда, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтиришда оммавий ахборот воситаларининг, журналист ва блогерларнинг роли бениҳоя катта. Бироқ қонун ҳужжатлари билан боғлиқ айрим ҳолатлар талқин қилинганда ноаниқлик юзага келса, жамоатчилик фикри чалғиши, аҳолининг давлат органларига ишончсизлиги ортиши мумкин.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш мақсадида вазирлик томонидан устувор йўналишлар ишлаб чиқилди.

Жумладан, ҳуқуқий ахборотни тарқатишни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази фаолиятини ташкил этиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил қилинди. Мазкур қарор асосида Марказга ҳуқуқий ахборотларни тарқатиш, тарғибот йўналишида креатив ғоялар асосида, замонавий стандартларни қўллаган ҳолда ўзгача ёндашувлардан фойдаланиш каби муҳим вазифалар юкланди.

Мазкур марказга миллий мақоми берилиши ҳам бежиз эмас. Марказ аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини расмий эълон қилиш соҳасида республиканинг етакчи давлат муассасаси ҳисобланади.

Вазифаларимиз ва масъулиятимиз ортди

Вазифамиз нимадан иборат? Аҳолининг турли қатламлари, ўқувчи ёшлар, кичик ёшдаги китобхонлар, имконияти чекланган шахслар, талабалар, турли соҳаларда фаолият юритаётган ходимлар, давлат хизматчилари учун ҳуқуқий ахборот тақдим этиш; глобаллашув жараёнида ёшларимизни турли ёт ғоя ва маданиятлар таъсирига тушиб қолишдан ҳимоялаш, одам савдоси, гиёҳвандлик ва бошқа турли иллатларга қарши курашишда аҳолини зарур ҳуқуқий адабиётлар билан таъминлаш; тезкор, шиддатли давр ислоҳотлари талаблари асосида янги қабул қилинаётган қонунлар, фармон, қарорлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни ва улардаги ўзгаришлар билан юртдошларимизни мунтазам хабардор этиб боришдан иборат.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини юритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг ҳамда зарур бўлган тақдирда, тегишли ахборот-таҳлилий материалларнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органларига ва ташкилотларга электрон шаклда юборилишини таъминлаш, Миллий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳам асосий масалалардан ҳисобланади. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш, давлат органлари ва ташкилотлар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг норма ва қоидаларини аҳолига тушунтириш бўйича намунавий ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш, аҳолининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиришга йўналтирилган зарур тарғибот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш, долзарб ва аҳолини қизиқтирган саволлар бўйича, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳиятини ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг ёритиш бўйича тезкор ахборот-таҳлилий медиа материалларни, шу жумладан, аудио ва видеороликлар, ижтимоий рекламалар, маҳаллий ҳисоботларни тайёрлаш каби мақсадлар ҳам назарда тутилган. Расмий нашрлар — “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, “Ўзбекис­тон Республикасининг халқаро шартномалар тўплами”нинг даврий нашрлар — “Инсон ва қонун” газетаси, “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журналининг ҳамда бошқа нашрлар — юридик адабиётлар, жумладан, юридик дарсликлар, шарҳлар ва турли қўлланмаларни тайёрлаш ва чоп этилишини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг, хорижий мамлакатлар ташкилотларининг буюртмасига кўра шартнома асосида Ўзбекистон, хорижий мамлакатлар қонунчилиги тўғрисида ахборот тақдим этиш, фаолият тури бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш, сотиш ҳамда хизматлар кўрсатиш, ННҲ ло­йиҳалари ҳамда бошқа ҳуқуқий ва бошқарув ҳужжатлари намуналарини тайёрлаш, шунингдек, ижтимоий-ҳуқуқий ахборотларни кенг ёритишга қаратилган медиа материалларни тайёрлаш бў­йича шартнома асосида консалтинг хизматлар, методик ёрдам кўрсатиш ва давлат бошқаруви органлари, маҳаллий бошқарув органлари фаолиятини мувофиқлаштириш марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Ҳуқуқий маълумотлар — Сиз учун қулай вақтда тақдим қилинади

Марказнинг фаолиятига оид муҳим йўналишлардан бири бу — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси — ­www.lex.­uz ­фаолиятини ташкил этишдан иборат. Мамлакатимизда қабул қилинган барча қонун ҳужжатларини эълон қиладиган ягона расмий электрон манба, фуқароларга ўзлари истаган вақтда ҳуқуқий маълумот билан танишиш имкониятини кенгайтириш мақсадида “LexUZ” фаолияти ҳам янада такомиллаштирилмоқда. Эътибор қилинг, бир кунда Lex.uz сайтидан 45 минг нафарга яқин одам фойдаланмоқда, охирги 4 йилда кунлик фойдаланувчилар сони 3,5 баробарга ўсди. Ушбу базага бир йилда 15 миллион марта ташриф амалга ошири­лаяпти. Бугунги маълумотга кўра, бир ойда сайтга ташриф буюрувчилар сони 1 миллиондан ошади. Рақамларнинг ўзи ҳам бугунги кунда ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёж нақадар юқори эканлигини кўрсатиб турибди.

Давлат органлари ва ташкилотларига қонун ҳужжатларини ўз вақтида етказиш мақсадида вазирлик томонидан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби ва тарқатилиши” ахборот тизими яратилиб, 2020 йилнинг дастлабки ойларида ишга туширилган эди.

Мазкур тизимнинг афзаллиги шундаки, бирор соҳага оид қонун ҳужжати қабул қилинганда ушбу қонун ҳужжати вазирлик томонидан масъул ташкилотларнинг энг қуйи тизимигача электрон шаклда тезкорлик билан етказилади. Ҳозирда ушбу йўналишда ҳам ишлар такомиллаштирилмоқда.

Шу билан бирга марказ ўз олдига манзилли ҳуқуқий тарғибот олиб боришни мақсад қилиб олган.

Бу борада ҳозирда марказда ишлар бошланган. Жумладан, болалар ва ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича боғча ёшиданоқ тушунтириш олиб бориш учун кўргазмали материаллар, инфографикалар, комикслар ва аудиовизуал роликлар тайёрланмоқда.

Ишсиз аёллар ва ёшлар, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, мигрантлар ва бошқа ижтимоий қатламларни қамраб олишга эътибор кучайтирилмоқда. Жумладан, имконияти чекланган, кўзи ожиз шахсларга ўз ҳуқуқларини тушунтиришга кўмаклашиш мақсадида грант маблағларини жалб қилган ҳолда брайл алифбосида 2 томдан иборат “Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами” 2 минг ададда нашр этилди. Тўплам кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид 29 та қонун ҳужжатларидаги нормаларни ўз ичига олган.

“Шу ерда ва ҳозироқ” тамойи­ли бўйича ҳуқуқшуносларимиз томонидан ягона вақт режимида аҳолидан келиб тушаётган саволларга жавоблар бериб борилмоқда. Мазкур савол-жавоблар таҳлил қилиб борилиб, келгусида кўп такрорланган ёки долзарб бўлган мавзулар бўйича қўлланмалар чоп этилади.

Яна бир масала. Кўпинча, журналистлар билан суҳбатларда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари фақатгина ижтимоий тармоқларда ёритилса, интернетдан фойдаланмайдиган ёки буни истамайдиган чекка ҳудудларда бу жараён қандай кечади, деган савол беришади. Албатта, марказимиз бу борада ҳам ўз режасига эга. Аввало, марказ ҳам қоғоз, ҳам видео, ҳам аудио кўринишда материал тайёрлашда катта базага ва салоҳиятли кадрларига эга. Мазкур йўналишда биз ҳудудларда жойлашган адлия бўлимларимиздан фойдаланишни мақсад қилиб олганмиз. Қолаверса, ҳуқуқий тарғибот олиб бориш бўйича медиа-режа асосида оммавий ахборот воситалари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Марказимиз янги. Келгусида катта режаларни мақсад қилиб олган. Ташаббусларимиз тез орада ўз натижасини кўрсатади.

Фурқат Тожиев,
Адлия вазирлиги қошидаги
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази директори

Chat