Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 03.08.2023
  • 1287 марта ўқилди

Ҳомиладор аёллар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари

ЭКСПЕРТ: Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ, Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси 

Аёлни ҳомиладорлигини сабаб қилиб ишга қабул қилмаслик мумкинми?

— МК 119-моддасига кўра, ҳомиладорлик ёки фарзандлар борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилмаслик ғайриқонуний равишда рад этиш деб ҳисобланади. 

Бундан ташқари, МК 392-моддасига кўра, ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилишни рад этиш ёки меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш тақиқланади.

Иш берувчи ишга қабул қилишни рад этган тақдирда, рад этиш сабабларининг ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган ёзма асосини ҳомиладор аёл ёки фарзандлари бор шахс талабига кўра 3 кун ичида тақдим этиши шарт. Ишга қабул қилишни рад этиш сабабларининг ёзма асосини тақдим этмаганлик ишга қабул қилишни рад этганлик устидан шикоят қилишга монелик қилмайди.

Аёлни ҳомиладорлиги ёки шахсни ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Жиноят кодекси 148-моддасига кўра, аёлни ҳомиладорлиги ёки шахсни ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ҳомиладор аёлга дастлабки синов қўллаш мумкинми?

— МК 129-моддасига кўра, ҳомиладор аёл, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёл ёки 3 ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота (васий) ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.

Ҳомиладор аёлни ўз ташаббуси билан вақтинча бошқа ишга ўтказиш иш берувчи учун мажбурийми?

— МК 142-моддасига кўра, ходимнинг вақтинча бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги илтимоси иш берувчи томонидан қуйидаги узрли сабаб мавжуд бўлса қаноатлантирилиши лозим:

қайси тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёл вақтинча енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсирини истисно этадиган ишга ўтказишга муҳтож бўлса, ўша тиббий хулосанинг мавжудлиги.

МК 149-моддасига кўра, ходим соғлиғининг ҳолатига кўра ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш, ҳомиладор аёлни, шунингдек икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган ота-онадан бирини (васийни) уларнинг аввалги ишни бажариш имконияти бўлмаган тақдирда вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун уларнинг аризаси ва тиббий хулоса асос бўлади.

Ҳомиладор аёлни енгилроқ ишга ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилганда ўртача ойлик иш ҳақи сақланадими?

— МК 394-моддасига кўра, тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда камайтирилади ёки улар енгилроқ ишга ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Ишлаб чиқариш нормаларини камайтириш, шунингдек вақтинча бошқа ишга ўтказиш муддатлари тиббий хулосага мувофиқ белгиланади.

Ҳомиладор аёлга енгилроқ иш ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунига қадар, у бунинг оқибатида қолдирилган барча иш кунлари учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим.

Ҳомиладор аёл билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш мумкинми?

— МК 163-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар (ушбу Кодекс 408-моддаси) ва 3 ёшгача боласи бўлган ходимлар (ушбу Кодекс 409-моддаси) учун кафолатлар беришни назарда тутадиган талабларга риоя қилмасдан иш берувчининг ташаббуси яъни МК 161-моддасига кўра бекор қилиш тақиқланади. Бироқ ушбу тақиқ ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарорига биноан тугатилганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолият тугатилганда қўлланилмайди.

Шунингдек, МК 408-моддаси 1-қисмига кўра, ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно.

Ҳомиладор аёл билан муддатли меҳнат шартномасини муддати тугаши муносабати билан бекор қилиш мумкинми?

— МК 408-моддасига кўра, аёлнинг ҳомиладорлиги даврида муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаган тақдирда, иш берувчи аёлнинг ёзма аризасига биноан ва ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этилган тақдирда, меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатини ҳомиладорлик тугагунига қадар, унга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилган тақдирда эса бундай таътилнинг охирига қадар узайтириши шарт. Меҳнат шартномаси ҳомиладорликнинг охирига қадар узайтирилган аёл, иш берувчининг сўровига биноан, лекин 3 ойда кўпи билан бир марта ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этиши шарт. Агар бунда аёл ҳомиладорлик тугаганидан кейин ҳақиқатда ишлашни давом эттирса, иш берувчи ҳомиладорликнинг тугаганлиги фактини билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан бир ҳафта ичида меҳнат шартномасини унинг муддати тугаганлиги сабабли бекор қилишга ҳақли.

Аёл билан тузилган меҳнат шартномасининг муддати тугаганлиги муносабати билан ушбу шартномани унинг ҳомиладорлиги даврида бекор қилишга, агар меҳнат шартномаси йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вақтига тузилган бўлса ва ҳомиладорлик тугагунига қадар аёлни иш берувчида унинг соғлиғи ҳолати инобатга олинган ҳолда бажара оладиган бошқа ишга аёлнинг ёзма розилиги билан ўтказиш мумкин бўлмаса, йўл қўйилади.

Ҳомиладор аёл билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда аёлнинг ушбу Кодекс 404-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган давр учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Иш берувчи ҳомиладор аёлга тўлиқсиз иш кунини белгилаши шартми?

— МК 186-моддасига кўра, иш берувчи ушбу Кодекснинг 398-моддасига мувофиқ ҳомиладор аёлнинг, 14 ёшгача бўлган бола (ўн олти ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган бола) ота-онасидан бирининг (ота-онанинг ўрнини босувчи шахснинг), шунингдек оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахснинг илтимосига кўра тиббий хулосага биноан тўлиқсиз иш кунини белгилаши шарт.

Ҳомиладор аёлга ҳар йилги меҳнат таътили бериш борасида қандай имтиёзлар мавжуд?

— МК 227-моддасига кўра, биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътили аёлларга 6 ой ўтгунига қадар ходимнинг хоҳишига кўра ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин берилади.

МК 228-моддасига кўра, аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ходимнинг хоҳишига кўра ҳар йилги меҳнат таътили унга қулай бўлган вақтда берилади. Шунингдек, ишлайдиган эркакларга хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида ўз хоҳишига кўра йиллик меҳнат таътили:

•    биринчи иш йили учун — ишлаб берилган вақтдан қатъи назар;

•    кейинги йилларда — таътиллар бериш жадвалидан қатъи назар берилади.

МК 229-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг муддати бошланганда ходим ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладор аёлни розилиги билан таътилдан чақириб олса бўладими?

— МК 232-моддаси 2-қисмига кўра, 18 ёшга тўлмаган ходимларни, ҳомиладор аёлларни ва меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимларни ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

Ҳомиладор аёлни хизмат сафарига юбориш мумкинми?

— МК 396-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар, 14 ёшга тўлмаган боланинг (16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бири (ота-онасининг ўрнини босувчи шахс) фақат ўз ёзма розилиги билан тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиниши, шунингдек хизмат сафарига юборилиши мумкин. Бунда иш берувчи мазкур ходимларни тунги ишлардан, иш вақтидан ташқари ишлардан, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишлардан ёки хизмат сафаридан воз кечиш борасидаги ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Ҳомиладор аёлларни ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш ҳомиладор аёлнинг ҳамда боланинг ҳаётига ва соғлиғига хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

Антенатал парваришлаш учун қўшимча бўш кунлар кимларга берилади?

— МК 403-моддасига кўра, иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шарт.

Ҳомиладор аёлларни антенатал (туғруққача) парваришлаш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили қанча муддатга берилади?

— МК 404-моддасига кўра, аёлга туғруққача 70 календарь кун ҳамда туғруқдан кейин 56 календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда 70  календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили аёлга жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиб, туғруққача ҳақиқатда фойдаланилган кунлар сонидан қатъи назар, тўлиқ берилади.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

МК 405-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилиб, бу давр учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда нафақа тўланади.

Аёлга унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътил ҳам берилади.

Ҳомиладор аёлни вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтказиш мумкинми?

— МК 458-моддасига кўра, табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатлар, ишлаб чиқаришдаги авариялар, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, шунингдек ёнғинлар, тошқинлар, зилзилалар, эпидемиялар ёки эпизоотиялар рўй берган тақдирда ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда иш берувчида тегишли техник ва ташкилий имкониятлар мавжуд бўлганда ҳомиладор аёллар вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтиш ёки ўтказиш учун устувор ҳуқуқ бериладиган ходимларнинг тоифасига киради.

МК 460-моддасига кўра, масофадан туриб ишловчи ходим иш берувчига ариза билан мурожаат қилишга, иш берувчига тушунтиришлар, ўзи амалга ошираётган меҳнат фаолияти билан боғлиқ бошқа ахборотни электрон шаклда тақдим этишга ҳақли.

Ҳомиладор аёлни вахта усулидаги ишларга жалб қилиш мумкинми?

— МК 466-моддасига кўра, ҳомиладор аёлларни вахта усулида бажариладиган ишларга жалб қилиш мумкин эмас.

Chat