Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Давлат ҳисобидан юридик ёрдамни кимлар олиш ҳуқуқига эга?

  • 14.08.2023
  • 1219 марта ўқилди

Қонунчилигимиздаги янгиликка кўра, 2023 йилнинг 16 июнь санасида “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. Мазкур қонун 5 та боб, 32 та моддадан иборат бўлиб, қабул қилинган кундан эътиборан 3 ойдан сўнг кучга кириши белгиланган. Келинг аввало, ушбу қонуннинг мазмуни, асосий тушунчалари ва мақсади билан танишиб чиқамиз.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам ўзи қандай ёрдам?

— Ушбу Қонун белгиланган тартиб-таомиллар ва шартларга мувофиқ тўлиқ ёки қисман давлат ҳисобидан кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш қандай тамойилларга таянади?

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;
инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
шаффофлик;
холислик, касбий маҳорат ва билимга эгалик;
камситишга йўл қўймаслик;
Адвокатнинг касб этикаси қоидаларига ва адвокат қасамёдига қатъий риоя этиш;
адвокатлик сирига риоя этиш;
манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.

Бундай ёрдамни кимлар олиш ҳуқуқига эга?

Қуйидаги жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга:

1) «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган — кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар, агар улар:

– фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар;

маъмурий ишлар бўйича аризачилар;
маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар;
жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек маҳкумлар бўлса;
2) руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, уларга «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда;

3) ўз ҳуқуқлари бузилган, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар;

4) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга?

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар:

ушбу Қонунда белгиланган тартибда ва ҳолларда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олишга;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишни рад этишга;
ўзларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши чоғида олинган ахборотнинг махфийлигига риоя этилишини талаб қилишга;
махсус ваколатли давлат органи ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун мурожаат қилганда ҳаққоний ва тўлиқ ахборот тақдим этиши;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилишига таъсир этувчи ҳолатлар тўғрисида махсус ваколатли давлат органини ўз вақтида хабардор қилиши;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун ўзлари ёлғон ёки чалғитувчи маълумотлар тақдим этганлиги фактлари тасдиқланган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаши шарт.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Кимлар томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади?

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилади.

Қайси соҳаларда ушбу ёрдам кўрсатилади?

Меҳнат муносабатларида (ишҳақини ундириш, ишга тиклаш ва бошқалар);
Фуқаролик муносабатларида (алимент ундириш, уй-жойга киритиш);
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам ушбу шахслар томонидан маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолларда;
Руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахсларга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда:

ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилиш;
тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш;
жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд-психиатрия экспертизасини ўтказиш чоғида кўрсатилади.
Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг қуйидаги йўналишлари бўйича:

давлат фуқаролик хизмати соҳасида;
сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда;
иқтисодий соҳада ҳамда тадбиркорлик фаолиятида;
меҳнат муносабатларида;
ижтимоий ҳимоя соҳасида;
оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида;
таълим, илм-фан, маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида.
Агар шахс гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи бўлиб қолса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда кўрсатилади.

Агар кам таъминланган шахс маҳкум бўлиб қолган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам қонунчиликда белгиланган тартибда кўрсатилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун қандай тартибда мурожаат қилинади ва қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун жисмоний шахслар экстерриториаллик принципи асосида махсус ваколатли давлат органига оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун қуйидагиларни тақдим этади:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг паспортига оид маълумотлар (идентификацияловчи ID-карта);
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг вакили томонидан берилган тақдирда — жисмоний шахснинг вакилига берилган ишончнома ва (ёки) унинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ёхуд қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахс ва унинг вакили ўртасидаги қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;
ариза руҳий ҳолати бузилган, психиатрия ёрдами кўрсатилаётган жисмоний шахснинг қонуний вакили ёки психиатрия муассасаси томонидан берилган тақдирда — психиатрия ёрдами кўрсатувчи психиатрия муассасасининг жисмоний шахсга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганлигини тасдиқловчи маълумотномаси;
ариза ўз ҳуқуқлари бузилган, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахс томонидан берилган тақдирда — хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги билан боғлиқ иш судда кўриб чиқилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олинади.

Ушбу мурожаатлар қандай ваколатли давлат органлари томонидан қабул қилинади ва рўйхатга олинади?

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган даъвогарнинг ёки жавобгарнинг илтимосига кўра фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган аризачининг илтимосига кўра маъмурий суд томонидан;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳуқуқбузарнинг илтимосига кўра маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш ва кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган давлат органлари (мансабдор шахслар) томонидан;
жиноят иши бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг илтимосига кўра жиноят иши ўз иш юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ва жиноят ишлари бўйича суд томонидан;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган маҳкумнинг илтимосига кўра жазони ва бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этувчи муассасаларнинг ҳамда органларнинг ваколатли мансабдор шахси томонидан;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахсга психиатрия ёрдами кўрсатаётган психиатрия муассасаси томонидан;
ўз ҳуқуқлари бузилган ҳамда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг илтимосига кўра суд томонидан.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш қандай холларда рад этилади?

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров ушбу Қонун талабларига мувофиқ бўлмаганда;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза жисмоний шахснинг вакили томонидан унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, жисмоний шахс ва унинг вакили ўртасидаги қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмасдан берилганда;
психиатрия ёрдами кўрсатувчи психиатрия муассасасининг жисмоний шахсга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганлигини тасдиқловчи маълумотномаси мавжуд бўлмаганда;
хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги билан боғлиқ иш судда кўриб чиқилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома мавжуд бўлмаганда;
жисмоний шахс (унинг вакили) томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри ахборот мавжуд бўлганда;
жисмоний шахсга илгари фуқаролик ишлари ёки маъмурий ишлар бўйича айни ўша тарафлар ўртасидаги низо юзасидан айни ўша предмет тўғрисидаги ва айни ўша асослар бўйича ҳуқуқий ҳимоянинг барча воситалари қўлланилган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилган бўлса (бундан янги очилган ҳолатлар бўйича қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ҳоллари мустасно).
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш рад этилган тақдирда, махсус ваколатли давлат органи давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисида ариза берган жисмоний шахсни ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида сўров юборган ваколатли органни (мансабдор шахсни) рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш рад этилганлиги устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.

 

О.Ботиров, Мадад” ННТ Марҳамат тумани ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутаҳассиси                                                         

 

Chat