Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Нега Грузияда адвокатлар мижозларга бепул юридик ёрдам кўрсатмайди?

  • 16.08.2023
  • 366 марта ўқилди

Ўзбекистон ва Тожикистон делегацияси бепул юридик ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилиш ва фикр алмашиш мақсадида Грузияда жам бўлишди

Адлия Вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси, Адвокатлар палатаси ва “Мадад” ННТ вакилларидан иборат делегация аъзолари 2023 йил 5 - 12 август кунлари аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида илғор халқаро тажриба билан танишиш мақсадида Грузия Республикасига ташриф буюрди.

Ўзбекистон ва Тожикистон делегацияларининг Грузияда ташриф давомида бепул юридик ёрдам кўрсатишга ихтисослашган идоралари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув якунида икки давлат делегациялари ўртасида халқаро тажриба алмашиш бўйича қўшма тақдимотлар ўтказиб боришга келишиб олинди.

Шундан сўнг, ҳар иккала делегация аъзолари танишув дастури доирасидаги Грузиядаги бепул юридик ёрдам кўрсатиш марказида бўлишди.

Марказ ўз фаолиятини 2005 йилда Грузия Адлия вазирлиги ҳузурида “Бепул юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун асосида бошлаган бўлиб, кейинчалик мустақил ташкилот сифатида ажралиб чиқиб, ҳозирда фақат мамлакат парламенти олдида ҳисобдорлиги белгилаб қўйилган.

Марказнинг онлайн юридик маслаҳатлар бериш учун ўз веб-сайти (веб-сайт: legalaid.ge), шунингдек, колл-марказ мавжуд.

Маълумки ушбу марказ бутун Грузия бўйлаб аҳолига бирламчи ва иккиламчи юридик ёрдам кўрсатади. Жойларда жами 57 та офиси мавжуд бўлиб, ходимларнинг умумий сони 300 га яқин.

Шунингдек, мамлакатда “Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри” ташкил этилган бўлиб, унда ҳар бир фуқаронинг ижтимоий кам таъминланган деб эътироф этиш учун асос бўлган барча маълумотлар киритилган. Адвокатлар томонидан иккиламчи ёрдам фақат кам таъминланганларга давлат ҳисобидан кўрсатилади. 

Бундан ташқари, мурожаат қилувчиларнинг шахсига оид барча маълумотлари, ва бошқа тегишли ҳужжатларнинг батафсил тавсифи сақланадиган «case-bank» маълумотлар базаси мавжуд. «Сase-bank»дан Марказнинг барча ходимлари, маслаҳатчилар ҳамда адвокатлар фойдаланишлари мумкин. Ушбу дастурда сиз эндигина иш бошлаган ва ишни ҳар жиҳатдан ўргана оладиган ёки бир неча йил олдин худди шундай масала юзасидан юритилган ишни қисқа вақтда топиб, танишиб чиқиш мумкин.

Шу билан бирга, сунъий интеллект ҳам мавжуд (у Германиянинг “knowleadge fools” кўмагида ишлаб чиқилган), бу тизимда барча зарур маълумотларни киритиш орқали электрон шаклда даъво аризасини мустақил равишда расмийлаштириш имконияти мавжуд. Агар фуқаро тегишли устунларни тўғри тўлдирса, тизимнинг ўзи мустақил равишда даъво аризасини расмийлаштириб киритиши мумкин. (Марказнинг хабар беришича, бир қатор бундай турдаги даъволар аллақачон судга берилган ва муваффақиятли кўриб чиқилган).

Делегация аъзолари Грузия адвокатлар Ассоциациясига ҳам ташриф буюришди. Маълум бўлишича Ассоциация билан марказ ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум асосида адвокатлар мижозларга иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатар экан. Бундан кўринадики, аҳолига иккиламчи хизмат кўрсатиш тартиби ҳам аниқ белгилаб қўйилган. 

Сафар давомида делегация аъзолари UNDPнинг Грузиядаги ваколатхонасига ташриф буюриб, унинг фаолияти ва келгуси дастурлари билан танишдилар.

Маълумот тариқасида: UNDP Грузиянинг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш билан бирга, аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш марказини техник жиҳатдан жиҳозлашга амалий ёрдам бериб келади.

Офисда бепул юридик ёрдам кўрсатишга ихтисослашган адвокатлар фаолият юритади, шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий ҳаётини яхшилашга қаратилган ҳукумат билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган қатор дастурлар мазмун моҳияти билан танишиб чиқилди.

 

Марказда Адвокатлар қуйидаги йўналишларда ишларни амалга оширади:
  • зўравонликдан ҳимоя қилиш;
  • фуқароларнинг тенглиги ва камситишларни тақиқлашга кўмаклашиш;
  • одил судловнинг очиқлигини таъминлаш;
  • ҳуқуқий саводхонликни ошириш;
  • турли маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш;
  • давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш;
  • қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва х.к.

Ташриф сўнгида делегация аъзолари Грузия Олий суди фаолияти билан танишишди. Олий суд одил судловнинг якуний инстанцияси ҳисобланади. Олий судда жуда кам иш кўрилиши аниқланди. Судьялар парламент томонидан умрбод муддатга сайланади.

Шундай қилиб, Грузияга амалга оширилган хизмат сафари натижасида мамлакатимизда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:

  1. Халқаро тажрибага қараганда, Грузия ва Тожикистон республикаларида аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш марказлари давлат муассасаси шаклида ташкил этилган бўлиб, улардан Тожикистон маркази Адлия вазирлиги ҳузурида, Грузия маркази эса, мустақил давлат муассасаси сифатида фаолият юритиб келади. Шунга кўра, “Мадад” - муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти негизида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш марказини ташкил этиш;
  2. Грузияда Бепул юридик ёрдам марказида фаолият юритадиган лицензияга эга адвокатлар орқали фуқароларга иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилган. Шу боис мамлакатимизда (“Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри”га киритилган) аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатламини ҳуқуқ ва қонуний мафаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқий масалалар бўйича уларга иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини жорий этиш;
  3. “Мадад” ННТ ҳузурида Грузиянинг “Case bank” модели сингари алоҳида маълумотлар базасини яратиш, бунда барча мижозлар ва уларнинг мурожаатлари (ишлари) билан боғлиқ бутун жараённи рўйхатга олиш тизимини автоматлаштириш. Ушбу маълумотлар базаси ходимларнинг иш юкламаси ва уларнинг амалга оширган ишлари кўламини кузатиб бориш мумкин. Бунинг натижасида фуқаро иш ҳажми кам бўлган ходимни мустақил аниқлаб унга тўғридан-тўғри электрон шаклда мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади;
  4. Даъво аризаларини расмийлаштириш ва судларга киритиш учун сунъий интеллект тизимини янада чуқурроқ ўрганиш ва уни муассаса фаолиятига жорий этиш;
  5. Грузия тажрибасидан келиб чиқиб, болалар ва уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга оид амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларни ягона Кодексга бирлаштириш.
     
Chat