Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун (ЎРҚ-865, 30.08.2023 й.) қабул қилинди

  • 31.08.2023
  • 687 марта ўқилди

Қонунга кўра, Гидротехника иншоотларининг лойиҳа кўрсаткичлари параметрларига, уларга юкламалар ҳамда таъсир кўрсатиш омилларига, шунингдек қурилишда ишлатиладиган материалларга, фойдаланиш шароитларига қараб гидротехника иншоотлари I, II, III ва IV синфларга бўлинади. 

Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Гидротехника иншоотларида фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши хавфини энг кўп даражада камайтириш бўйича профилактика тадбирларини амалга ошириш уларнинг хавфсизлигини таъминлашга нисбатан қўйилган асосий талаблардан бири ҳисобланади.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари улардан шошилинч тарзда фойдаланиш мақсадида фойдаланувчи ташкилотлар томонидан олдиндан яратилади.

Гидротехника иншоотларидан фойдаланиш даврида фавқулодда вазият юзага келиши натижасида бошқа шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ва (ёки) мол-мулкига, шунингдек атроф-муҳитга зарар етказилганлиги учун фойдаланувчи ташкилотларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. 

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради

Chat