Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистон қонунчилигида 1 апрелдан нималар ўзгаради?

  • 29.03.2024
  • 458 марта ўқилди

1. Бола туғилганда суюнчи пули барчага бирдек берилмайди

Эндиликда иккинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун суюнчи пули барчага бирдек берилмайди. 1 апрелдан бошлаб фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули биринчи фарзанди учун — барча аёлларга, иккинчи фарзанди учун — фарзанд туғилган пайтда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оиланинг аъзоси бўлган аёлларга расмийлаштирилади. Қолган барча ҳолатларда нафақа тўланмайди.

2. Аи-80 бензин нархи ошади

Акциз солиғи ставкаларининг ўзгариши муносабати билан нефть маҳсулотлари нархлари ўзгаради. Хусусан, нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги акциз солиғи Аи-80 бензини маҳсулотининг 1 тоннаси учун 303 000 сўмдан 340 000 сўмга (37 000 сўмга), нефть маҳсулотларини ва суюлтирилган газни якуний истеъмолчига реализация қилишда акциз солиғи Аи-80 бензин учун маҳсулотининг 1 тоннаси учун 565 000 сўмдан 633 000 сўмга (68 000 сўмга) ошиши белгиланган.

3. ҚҚС бўйича айрим имтиёзлар бекор қилинади

Тиббий хизматлар, ветеринария хизматлари, дори воситалари, ветеринария дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмлар учун 1 апрелдан ҚҚС тўланади.

4. Чиқинди хизматлари нархига ҚҚС ҳисобланади

Чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ноль даражали ставка бўйича солиқ солиниши бекор қилинади. Хизмат кўрсатувчи корхона томонидан кўрсатиладиган санитар тозалаш хизматлари қийматига нисбатан қўшилган қиймат солиғи ҳисобланади. Мазкур ўзгартириш аҳоли ва тадбиркорлар учун ҳам амал қилади.

5. Чиқинди пулини тўламаганларнинг электр учун тўловларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилади

Шунингдек, кўчмас мулк ҳамда автотранспортлар билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлашда қарздорлик мавжудлиги Ягона электрон тизим орқали онлайн текширилиб, қарздорлик бартараф этилгач нотариал ҳаракат амалга оширилади.

6. Банк устав капитали энг кам миқдори оширилади

Банк устав капиталининг энг кам миқдори 350 миллиард сўмни ташкил этиши керак бўлади. Илгари банк устав капиталининг энг кам миқдори 200 миллиард сўмни ташкил этиши лозим эди.

7.Тадбиркорларга субсидиялар ажратишнинг янги тартиби кучга киради

Субсидиялар, имтиёзлар ва преференсиялар тадбиркорлик субъектларига барқарорлик рейтингидаги ўрнидан келиб чиққан ҳолда ажратилади ва қўлланилади.

8. Туман (шаҳар) вилоят архитекторлари сертификатланади

Шаҳарсозлик соҳасидаги қуйидаги тоифа мутахассисларни уларнинг фаолият йўналишлари бўйича ҳар 3 йилда бир марта сертификатлаш тизими жорий этилади: 

  • туман (шаҳар) ва вилоят архитекторлари;
  • қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари инспекторлари.

Бунда, мутахассисларни сертификатлаш ишларини ташкил этиш бўйича ишчи орган функцияси Компетенсияни ривожлантириш институтига юкланади.

9. Номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи шахслар ҳар ойда рағбатлантирилади

Қонунчиликка кўра, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи 20 нафар шахс аниқланиб, уларга кўмаклашилади ҳамда фаолиятини баҳолаш кўрсаткичлари белгилаб берилади

Ушбу кўрсаткичларни бажарган номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи шахслар ҳар ойда 5 миллион сўм миқдорида рағбатлантириб борилади. Шунингдек, алоҳида аҳамиятга эга номоддий маданий мерос намуналарини ёзиб олиш ва кенг тарқатиш учун ҳар йили 50 та аудиовизуал асар яратишга давлат буюртмаси берилади.

10. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида эксперимент тариқасида айрим хизматлар кўрсатилади

Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида эксперимент тариқасида:

  • уларда жойлаштирилган шахсларга уларнинг эҳтиёжи ҳамда хоҳишига кўра қисқа ва узоқ муддат қолиш ҳамда интернат уйидан бутунлай чиқиш имконияти яратилади;
  • улар томонидан мобил, кундузги қатнов шаклидаги, қисқа ва узоқ муддатли ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатилади.

Бунда, мазкур хизматлардан:

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТга киритилган оилаларнинг ўзгалар парваришига муҳтож кексалари ва ногиронлиги бўлган шахслари бир йилда бир марта бепул ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари жойлашган ҳудуддаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар шартнома асосида фойдаланади.

11. Айрим ёлғиз кексаларга поездга бепул чипталар ажратилади

Рейестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларга бевосита ҳамроҳлик қилувчи 1 нафар шахсга бир йилда бир марта темирйўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар (бориш ва қайтиш учун) ажратилади. Рейестр “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан юритилади.

12. Газланган ёки энергетик ичимликларга акциз солиғи жорий этилади

Таркибида шакар ёки бошқа ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар бўлган, газланган ҳамда истеъмол қадоғига қадоқланган ичимликларнинг (энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликлар бундан мустасно) 1 литри учун 500 сўм, энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликларнинг 1 литри учун 2 000 сўм миқдорида акциз солиғи белгиланади.

Chat