Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Хусусий боғча очиш учун бир қатор имтиёзлар берилиши режалаштирилмоқда

  • 05.02.2026
  • 56 марта ўқилди

Қамрови паст ҳудудларда 150 ўринли боғча очганларга 5 млрд сўмгача имтиёзли кредит берилади. Айрим ерлар учун эса ижара тўловлари 30 йилгача ундирилмайди.


Аввалроқ президент мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишгани ҳақида хабар берилганди.

Йиғилишда мактабгача таълим соҳасида хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги имтиёзлар ҳам муҳокама қилинди.

Мактабгача таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида қамров даражаси 80%дан паст бўлган туман ва шаҳарларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлар учун қатор қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади.

Жумладан, мактаб ва боғчалар ҳудудидаги бўш ер майдонларида ДХШ асосида боғчалар ташкил этилганда, ижара тўловлари 30 йилгача ундирилмайди.

Шунингдек, ҳар бир тарбияланувчи учун давлат боғчаларида бир болага тўғри келадиган харажатнинг 50%и миқдорида субсидия ажратилади. Ушбу тартиб 2024 йилдан ташкил этилган нодавлат боғчаларга ҳам татбиқ этилади.

Қамров даражаси паст ҳудудларда боғча ва мактабдан ташқари жойларда қуввати камида 150 ўринли нодавлат боғчалар ташкил этилса, 7 йилгача муддатга 5 млрд сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади.

Шу билан бирга, тарбиячиларга ойлик иш ҳақи тўлаш харажатлари давлат боғчаларида белгиланган меъёрлар асосида уч йил давомида қоплаб берилади. Ҳар 30 нафар болага бир нафар тарбиячи штати ҳисобланади.

Мазкур имтиёзлар янги кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватида ташкил этиладиган хусусий боғчаларга ҳам татбиқ этилади.

Бундан ташқари, 2030 йил 1 январга қадар қуввати 150 ўриндан кам бўлмаган нодавлат боғчалар ташкил этган тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси бўйича енгилликлар берилади.

Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш, уларни босқичма-босқич жорий этиш ҳамда мактабгача таълим сифатини ошириш орқали болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун мустаҳкам асос яратиш муҳимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Chat