Қонунга кўра, фуқаролар мурожаат қилганидан кейингина ёрдам кўрсатиш амалиётидан босқичма-босқич воз кечилиб, эҳтиёжмандларни олдиндан аниқлаш ва профилактик ёндашувга ўтилади. Шу мақсадда поликлиникалар, мактаблар, бандлик марказлари, судлар, ички ишлар органлари ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида профессионал ижтимоий ходимлар институти жорий этилади.
Ҳужжатга мувофиқ, оилалар ва фуқароларнинг эҳтиёж даражаси эндиликда фақат даромадига қараб эмас, балки уларнинг ҳаётий вазияти комплекс баҳолаш асосида аниқланади. Шундан сўнг ҳар бир фуқаро ёки оила учун индивидуал ижтимоий қўллаб-қувватлаш режаси ишлаб чиқилади.
Қонун давлат органлари ваколатларини ҳам белгилайди. Вазирлар Маҳкамаси ижтимоий хизматлар бўйича умумий стандарт ва меъёрларни тасдиқлайди, маҳаллий ҳокимликлар эса уй-жой масалалари ҳамда зарур инфратузилмани ривожлантириш учун масъул бўлади.
Шунингдек, ижтимоий хизматлар кўрсатишга тегишли текширувдан ўтган маҳаллалар, хусусий компаниялар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам жалб этилиши мумкин. Уларнинг хизматлари давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши ҳам назарда тутилган.
Қонунда ижтимоий ходимларнинг ҳуқуқий мақоми, уларнинг ҳуқуқлари, ҳимоя чоралари ва касбий мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда ижтимоий ёрдамни тўхтатиш асослари ҳам кўрсатилган. Хусусан, оила даромади белгиланган эҳтиёж мезонидан ошса ёки фуқаро кўрсатилган ёрдам натижасида оғир ҳаётий вазиятдан чиқса, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тўхтатилиши мумкин.