Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистонда 1 августдан нималар ўзгаради?

  • 28.07.2026
  • 63 марта ўқилди

Август ойидан бошлаб кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳамда муҳим янгиликлар бир жойга жамланди.


Эски автомобилни янгилашда автокредит фоизларининг бир қисми қоплаб берилади

Траде-ин дастури доирасида эски автотранспорт воситасини топширган жисмоний ва юридик шахсларга янги автомобиль харид қилиш учун олинган автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади.

Мазкур амалиёт аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида жорий этилади. Бироқ, дастурнинг амалда ишга туширилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Ҳукумат ҳали тизимнинг иш бошлаши ҳақида расман хабар бермади.


Банклардан шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз хорижий валюта сотиб олиш лимити оширилади

Май ойи бошида Марказий банк бошқаруви ва Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг тегишли қарори Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ички назорат қоидаларига киритилган тегишли ўзгартиришларга кўра, фуқаролар банкларда паспорт, ID-карта ёки уларнинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатни тақдим этмасдан $500 гача нақд чет эл валютасини сотиб олиши мумкин бўлади.

Амалда бу лимит $100 ни ташкил этарди. Янги тартиб эса 9 августдан бошлаб кучга киради.


Ўзбекистондаги илк пулли йўл ишга тушади

Шавкат Мирзиёев Урганч ва Хивани боғловчи илк пулли автомобиль йўли келгуси ой фойдаланишга топширилишини маълум қилди. Президентнинг таъкидлашича, лойиҳа нафақат вилоят аҳолиси, балки маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ҳам муҳим инфратузилмага айланади.

Автомобиль йўллари қўмитаси маълумотига кўра, 35 километрлик йўл қурилишининг 80% якунланган. Лойиҳа доирасида 15 та кўприк, битта тоннель, бешта ерости ўтиш йўлаги ва 101 та сув ўтказиш иншооти барпо этилган.


Ўзбекистонда қора металл айланмаси Э-лом орқали назорат қилинади

13 июль куни бўлиб ўтган Шавкат Мирзиёев раислигидаги қора металлургия саноатини ривожлантириш бўйича йиғилиш Бекобод металлургия комбинати металл прокатнинг 40% ини иккиламчи металдан, 60% ини импорт ҳисобидан ишлаб чиқариши қайд этилди. Республика бўйича ҳар йили 700 минг тонна қора металлолом комбинатга топширилаётган бўлсада, яна 500 минг тонна металлолом хуфиёна айланмада қолмоқда.

Шу боис, қора металл айланмаси билан боғлиқ барча жараёнлар электрон платформа орқали реал вақт режимида мониторинг қилиниши маълум қилинди. Қора металлургия саноатида соғлом рақобат муҳити ва нарх барқарорлигини таъминлаш, соҳада таъсирчан назорат механизмларини ўрнатиш учун Ҳукуматда алоҳида лойиҳа офиси ташкил этилади.

Ушбу офис металл маҳсулотлари бозорини кунлик таҳлил қилади, хомашё ва тайёр маҳсулотга талаб ва таклифни шакллантиради, маҳсулот сифати, келиб чиқиши, физик ва кимёвий таркиби акс этадиган рақамли паспортни юритади.

Мутасаддиларга бир ойда лойиҳа офиси фаолиятини йўлга қўйиш, 1 августдан Э-лом электрон платформасини ишга тушириб, қора металл айланмасини назоратга олиш топширилди.


Жарима майдончасидан автомобилни олиб чиқишга рухсат QR-код орқали берилади

1 августдан бошлаб жарима майдончасидан транспорт воситасини олиб чиқишга рухсат фақат Жарима майдончаси ахборот тизими орқали QR-код билан электрон шаклда берилади.

Ички ишлар вазирлиги Солиқ қўмитаси ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда икки ой ичида мазкур тизимни солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилади.

Натижада жарима майдончасига жойлаштирилган транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар — транспорт маркаси, давлат рақами, майдончага киритилган ва чиқарилган вақти, ундирилган тўлов ва бошқалар солиқ тизимида автоматик шаклланади.

Шунингдек, унга қонунбузарлик учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларнинг реквизитлари ҳам киритилади.


Банкоматдаги муаммолар учун банкларга жарима қўлланади

6 августдан банкоматлардан фойдаланишда мижозларга хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган банкларга молиявий жарималар қўлланади. Бу Марказий банк тайёрлаган янги меъёрий ҳужжатда назарда тутилган.

Регулятор банклардан тўлов инфратузилмаси сифатини оширишни ҳамда нақд пул ечиб олишдаги носозликларни техник муаммо эмас, балки истеъмолчилар ҳуқуқларининг эҳтимолий бузилиши сифатида кўриб чиқишни талаб қилмоқда.

2025 йилда банкоматлар билан боғлиқ 291 мингта муаммоли ҳолат қайд этилган бўлиб, уларнинг қарийб 15 фоизи банклар ва тўлов тизимлари операторлари фаолияти билан боғлиқ.


Ўзбекистонда мушук ва итларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилади

7 августдан Ўзбекистонда ҳайвонларни мажбурий идентификация қилиш ва рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қонун кучга киради. Улар қуйидаги муддатларда идентификация қилиниши ва рўйхатга олиниши керак:

  • қорамол, кўй, эчки ва туялар — туғилганидан 14 кундан кейин;

  • отлар — туғилганидан 4 ойдан кейин;

  • чўчқалар туғилганидан — 1 ойдан кейин;

  • итлар ва мушуклар — туғилганидан 3 ойдан кейин.

Ҳайвонлар ва уларнинг эгалари ҳақидаги маълумотлар ягона электрон базада сақланади.

Бироқ ҳайвон эгаларининг уларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш мажбурияти ҳамда рўйхатдан ўтмаган ҳайвонларни сақлашни тақиқловчи талаблар фақат 2028 йил 1 январдан кучга киради.


Балиқчилик хўжаликларига қуёш панеллари ва ускуналар учун субсидия берилади

1 августдан 2030 йил 1 августгача балиқчилик хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари ҳам жорий этилади.

Хусусан, қуёш панелларини харид қилиш ва ўрнатиш учун олинган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисми қоплаб берилади, 50 кВтгача қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш харажатларининг 25%и субсидия қилинади ҳамда муқобил энергия манбалари билан жиҳозланган аэраторларни харид қилиш харажатларининг 50%и қопланади.

Бундан ташқари, наслли она балиқ импорти, ёпиқ сув айланма тизими технологиясини жорий этиш ҳамда интенсив усулда балиқ етиштириш учун омухта ем ишлаб чиқариш ускуналарини харид қилиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади.

Хориждан жалб этилган ихтиолог ва балиқ касалликлари бўйича мутахассислар иш ҳақи харажатларининг 50%и ҳам компенсация қилинади.


Балиқчилик корхоналарига кредит компенсацияси ва кафиллик берилади

2030 йил 31 августгача балиқчилик соҳасидаги тадбиркорларга кредит фоизларининг бир қисми компенсация қилинади, кредитларнинг 50% гача (10 млрд сўм эквивалентигача) кафиллик берилади.

Бундан ташқари, тижорат банклари халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан балиқчилик корхоналарига 24 ойгача муддатга, 9 ойгача имтиёзли давр билан йиллик 18% ставкада кредитлар ажратади.

Шунингдек, чорвачилик лойиҳалари учун амал қилаётган имтиёзли кредитлаш тартиби наслли балиқ етиштиришни ҳам ўз ичига олган балиқчилик лойиҳаларига татбиқ этилади.


Саноат боғлари учун сув солиғи ставкаси 1 сўм этиб белгиланади

1 августдан бошлаб сув тежовчи технологиялар жорий қилинган саноатлашган боғларда бурғиланган қудуқлардан олинган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 1 сўм этиб белгиланади. Ушбу имтиёз беш йил муддатга — 2031 йилнинг 1 августигача амал қилади.


Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхоналарда газ таъминоти тўхтатилади

Ҳукумат қарори билан Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган янги чекловлар белгиланди.

1 августдан эса амалдаги иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади, газ таъминоти шартномалари бекор қилинади. Иссиқхоналар истеъмол қиладиган сув учун тўловлар саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори тарифнинг 5 баравари миқдорида ундирилади.

Шунингдек, кўмир, шина, мазут, битум, резина, плёнка ва шунга ўхшаш материалларни ёқиш оқибатида атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловлари 20 бараварга оширилади. Бундай ҳолатларда экологик экспертиза хулосаси қайта кўриб чиқилади.

Экологик талабларга риоя этмайдиган иссиқхона хўжаликлари айрим давлат субсидиялари, имтиёзлари ва молиявий қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдалана олмайди. Шунингдек, уларга экологик экспертизанинг ижобий хулосаси берилмайди ёки аввал берилган хулосанинг амал қилиши вақтинча тўхтатилади.

Бунда таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига селекция, уруғ ва кўчатларни кўпайтириш ҳамда хорижий навларни маҳаллий иқлимга мослаштириш каби илмий мақсадларда, экологик талабларга риоя қилган ҳолда, истисно тариқасида мавжуд иссиқхоналардан фойдаланишга рухсат берилади.


Биржанинг айрим савдо секцияларида суюлтирилган газ хариди лицензия асосида амалга оширилади

Ўзенергоинспекция манфаатдор идоралар билан биргаликда 1 августгача автомобилларга ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчаларида диспенсерлардан маълумотларни реал вақт режимида йиғиш ва юритишга қаратилган ахборот тизимини яратиш бўйича таклифларни ҳукуматга киритиши белгиланган.

Шунингдек, августгача Республика товар-хом ашё биржасининг электрон савдо тизими Лицензия ахборот тизими билан интеграция қилинади. Натижада алоҳида биржа савдо секцияларида суюлтирилган газни фақат уни сотиш учун амалдаги лицензияга эга хўжалик юритувчилар харид қилиши мумкин бўлади.

Бунда технологик жараёнлар ёки ўз эҳтиёжлари учун суюлтирилган газдан фойдаланадиган, уни қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш учун зарур моддий-техник базага эга корхоналар ҳам инспекция тақдим этадиган рўйхат асосида алоҳида савдо секцияларида газ харид қилиш ҳуқуқига эга бўлади.


Мева-сабзавот экспортида янги назорат тизими жорий этилади

1 августдан айрим туманларда мева-сабзавот экспортини ривожлантириш учун жамоатчи фитосанитария инспекторлари фаолияти йўлга қўйилади.

Улар карантин инспекторларига ички фитосанитария сертификатларини расмийлаштиришда ёрдам беради. Янги тизим маҳсулот сифатини ошириш, хавфсизлик талабларига мослаштириш ва экспорт жозибадорлигини кучайтиришга қаратилган.

Шунингдек, август ойидан экспорт қилинадиган мева-сабзавотларнинг пестицид ва нитрат қолдиқлари бўйича талабларга мувофиқлигини текширишнинг янги тартиби жорий этилади. Бунинг учун икки усулдан бирини қўллаш мумкин бўлади:

  • экин майдони ва ҳосил ҳажмидан келиб чиқиб, аккредитациядан ўтган лабораторияда ўтказилган тадқиқотлар натижалари бўйича ижобий хулоса;

  • Агрокўмакчи хизмати орқали “дала дафтари"га етиштириш даврида пестицидлардан фойдаланиш тўғрисида мунтазам киритиб борилган маълумотлар асосидаги ҳисоб-китоб.


Солиқ органлари мижозларга йўналтирилганлик бўйича баҳоланади

1 августдан бошлаб солиқ органларининг мижозларга йўналтирилганлик индекси жорий этилади.

Бунинг учун Солиқ қўмитаси ушбу индексни аниқлаш методологиясини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши керак. Солиқ органларининг мижозга йўналтирилганлик индексини ҳисоблаш натижалари расмий сайтда эълон қилиб борилади.

Унга кўра, солиқ тўловчиларга солиқ хизматларидан фойдаланиш қулайлиги, кўрсатилаётган хизматлар сифати, солиқ мажбуриятларини бажаришга сарфланадиган вақт ҳамда солиқ органлари билан ҳамкорлик даражасини баҳолаш имконияти яратилади.


Хавфли ишлаб чиқариш объектлари ҳақидаги фото ва видеохабарлар учун мукофот берилади

Хавфли ишлаб чиқариш объектлари ва техник қурилмалардан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида фото ёки видеоматериаллар юбориш ҳамда бундай хабарларни тақдим этган фуқароларни рағбатлантириш тартиби жорий этилади. Хабарлар Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига юборилади.

Тақдим этилган материалларда ҳуқуқбузарликнинг моҳияти аниқ кўриниши, шунингдек, содир этилган жой, сана ва вақт ҳақидаги маълумотлар бўлиши лозим. Қўмитанинг ҳудудий бошқармаси масъул ходими ахборот тизими орқали келиб тушган материалларни 3 иш куни ичида жойига чиққан ҳолда ўрганади.

Шундан сўнг, қонунчиликка мувофиқ маъмурий иш қўзғатилиб, далиллар расмийлаштирилади ҳамда тегишли қарор қабул қилинади. Қоидабузарлик ҳақида фото ёки видео юборган шахс ундирилган жариманинг қўмитага ўтказилган қисмининг 20% миқдорида пул мукофоти олади.


Меҳнат низоларини кўрувчи ихтисослашган судьялар иш бошлайди

Олий суд раёсати қарорига кўра, улар фуқаролик ишлари бўйича судларда амалдаги штатлар доирасида фаолият юритади. Ихтисослашган судьялар Олий суд, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда айрим туманлараро ва шаҳар судларида ишлайди.

1 августдан кейин судга келиб тушадиган меҳнат низолари айнан ушбу судьялар ўртасида тақсимланади, ундан олдин қабул қилинган ишлар эса аввалги тартибда кўриб чиқилади.


Гўштни самолётда ташиш бўйича имтиёз йил охиригача узайтирилади

Президент инфляцияни жиловлаш бўйича йиғилишда гўшт нархининг ошиши муҳокама қилиниб, гўштни самолётда олиб келиш харажатларини қоплаш бўйича имтиёз йил якунигача узайтирилишини маълум қилди.

Амалда бу 1 августгача этиб белгиланган бўлиб, у гўшт импорти учун ҳаво ташуви харажатининг 50%и (1 кг учун $0,8 гача), наслдор қорамол импортига 10% (ҳар бошига 4 млн сўмгача) миқдорида субсидия беришни назарда тутади.

Шунингдек, чорвачиликни ривожлантириш учун қўшимча $50 млн ажратилади. Маблағлар ҳисобидан чорва комплекслари ва наслли қорамолчилик лойиҳаларига 10 йил муддатга, 10% ставкада имтиёзли кредитлар берилади. Йил охиригача четдан 100 минг бош қорамол ва 150 минг бош қўй-эчки олиб келиш режалаштирилган.


Ёш фермерларга икки йил бепул бухгалтерия хизмати кўрсатилади

Туман фермерлари кенгашлари ҳузуридаги Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари томонидан бошлиғи ёшлар бўлган янги ташкил этилган фермер хўжаликларига икки йил давомида бепул хизмат кўрсатилади.

Мазкур имтиёз аъзолик бадаллари тўланган ҳамда пахта ва ғалла етиштиришидан қатъи назар барча фермерларга татбиқ этилади.


Тадбиркорларни текширишда Бизнес ҳимоя QR-коди жорий этилади

1 августдан тадбиркорларни текшириш ва улар билан назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида ҳисобга олинади. Бунинг учун “Бизнес ҳимоя” QR-коди жорий этилади.

Шу санадан бошлаб тадбиркорларни текширадиган ёки улар билан мулоқот қиладиган давлат хизматчилари тизимнинг мобил иловасидан фойдаланиши мажбурий бўлади. Текширувни бошлашдан олдин улар тадбиркордаги QR-кодни сканерлаб, текширувни тизимда рўйхатдан ўтказиши шарт.

Бундан ташқари, текширув ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномалар фақат электрон шаклда юритилади, қоғоздаги текширувлар китоби бекор қилинади. Агар текширув ёки мулоқот ҳақидаги маълумот тизимга киритилмаса, тадбиркор давлат хизматчисини ўз ҳудудига киритмаслик ва у билан мулоқот қилмаслик ҳуқуқига эга бўлади.


Депутатларга Ташаббусли буджетда қўшимча ғолибларни танлаш ваколати берилади

Президентнинг 29 июндаги қарорига кўра, 1 августдан Ташаббусли буджет жараёнида депутатларнинг лойиҳаларни қўшимча равишда ғолиб деб эълон қилиш имкониятлари кенгайтирилади.

Янги тартибга мувофиқ, ҳар бир депутат “Очиқ буджет” ахборот порталида ўзига ажратилган маблағлар доирасида бир ёки бир нечта лойиҳани танлаб, уларни қўшимча ғолиб сифатида белгилаши мумкин бўлади.

Шунингдек, депутатнинг ваколати муддатидан олдин тугатилса, унинг сайлов округидаги қўшимча ғолиб лойиҳалар Ташаббусли буджет жараёнларида парламент назоратини амалга ошириш бўйича комиссия қарорига асосан бошқа депутатлар томонидан аниқланади.


Давлат архивларининг асосий хизматлари тўлиқ рақамлаштирилади

Давлат архивларининг қатор функциялари тўлиқ рақамли шаклда амалга оширилади. Жумладан, Миллий архив фонди ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш, йиғмажилдлар рўйхатини тузиш ва тасдиқлаш, архив ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда фойдаланишга бериш жараёнлари электрон шаклга ўтказилади.

Шунингдек, ташкилотлар қайта ташкил этилганда архив ҳужжатларини ҳуқуқий ворисга топширишни давлат архивлари билан келишиш ҳамда давлат архивларига ҳужжат топшириши шарт бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг ягона рўйхатини шакллантириш ҳам рақамлаштирилади.


Паррандачилик лойиҳаларига 10% ставкада 10 йилгача имтиёзли кредит берилади

1 августдан паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга тушириш ҳамда “тайёр бизнес” лойиҳаларини молиялаштириш учун тадбиркорларга кредитлар ажратилади.

Маблағлар Микрокредитбанк орқали йиллик 10% ставкада, 4 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилгача берилади.


Солиқ органлари ходимлари ҳар уч йилда камида бир марта малака оширади

Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ олий мактабида солиқ органлари ходимларининг ҳар уч йилда камида бир марта малака ошириши тизими жорий этилади.


Тошкент ва Измир ўртасида тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилади

Туркиянинг СунEхпресс авиакомпанияси 1 августдан Измир-Тошкент-Измир йўналишида мунтазам парвозларни йўлга қўяди. Рейслар ҳафтасига тўрт марта Боэинг 737−800 самолётларида амалга оширилади.

СунEхпресс Ўзбекистонга мунтазам қатновларни йўлга қўйган учинчи Туркия авиакомпаниясига айланади ҳамда келгусида Фарғона водийси аэропортларига ҳам парвозларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.


Этиҳад Аирвайс ҳам Абу-Даби билан Тошкентни боғлайди

Этиҳад Аирвайс Абу-Даби-Тошкент йўналишидаги мунтазам рейсларни 10 августдан йўлга қўяди. Парвозлар ҳар куни Аирбус А320 самолётларида амалга оширилади.

Авиакомпания сайтидаги маълумотларга кўра, парвозлар қуйидаги жадвал асосида бажарилади:

  • Абу-Дабидан учиб кетиш — 21:10, Тошкентга қўниш — 1:35;

  • Тошкентдан учиб кетиш — 3:35, Абу-Дабига қўниш — 6:25.

Абу-Дабидан бир томонга чипта нархи 385 дирҳамдан (ҳозирги курс бўйича 1 259 242,6 сўм), Тошкентдан эса 122 евродан (1 675 201,52 сўм) бошланади.

Chat