Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Давлат мулкини хусусийлаштиришда янги имтиёз ва механизмлар жорий этилади

  • 09.09.2026
  • 7 марта ўқилди

Давлат активлари ва ер участкаларини сотиб олишда аванс 15 фоиз этиб белгиланади, айрим йирик объектлар учун 25 фоизгача чегирма ва 7 йилгача фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. Сотилмай қолган активлар учун гибрид аукцион ва бошқа янги механизмлар ҳам жорий этилади.


Президентнинг 2026 йил 28 августдаги ПФ–177-сон Фармони билан иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган янги тартиблар белгиланди.

Фармонга кўра, давлат активлари ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олишда аванс тўлови 15 фоиз миқдорида белгиланади. Уни тўлаш учун харидорга 30 календарь кун берилади, қолган маблағни эса белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин бўлади.

Йирик давлат активлари ва ер участкаларини тезроқ тўлиқ сотиб олган харидорларга 25 фоизгача чегирма ёки қолган маблағни 5–7 йилгача фоизсиз тўлаш имконияти берилади.

Хусусан, сотиб олиш қиймати БҲМнинг 23 минг бараваридан юқори бўлган давлат активлари ва БҲМнинг 8 минг бараваридан юқори бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича:

  • 100 фоиз тўловни 6 ой ичида амалга оширган харидорга 25 фоиз чегирма берилади;
  • 50 фоиз тўловни 6 ойда тўлаган харидор қолган маблағни 7 йилгача фоизсиз тўлаши мумкин;
  • 35 фоиз тўловни 3 ойда амалга оширган харидорга қолган қисмни 5 йилгача фоизсиз тўлаш имконияти берилади.

Давлат активи қийматининг камида 50 фоизини тўлаган харидор объектни реконструкция қилиш, янгидан қуриш учун бузиш ёки таъмирлаш ишларини бошлаши мумкин бўлади.

Савдоларни тезлаштириш чоралари ҳам белгиланди. Электрон аукциондаги аукцион қадами бошланғич нархнинг 1 фоизи этиб белгиланади. Такрорий савдода фақат битта талабгор иштирок этса, унга лотни эълон қилинган нархда сотиб олиш таклиф қилиниши мумкин.

Савдони эълон қилиш муддати ҳам қисқартирилади: биринчи савдода 30 кундан 15 кунга, такрорий савдода эса 10 кундан 5 кунга.

Давлат активи 3 ой давомида сотилмаса, уни англо-голланд моделидаги гибрид аукцион орқали сотиш мумкин бўлади.

Бундай аукционда нарх дастлаб 2 фоизлик қадамлар билан пасайтирилади. Харидордан таклиф тушгач эса савдо шу нархдан бошлаб ошириш усулида давом этади.

Шунингдек, 3 ой давомида сотилмаган айрим давлат активларининг бошланғич нархини босқичма-босқич пасайтириш, 2 ой сотилмаган объектларни эса лотларга бўлиб ёки бирлаштириб қайта савдога чиқариш имконияти берилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва узоқ вақт сотилмаган айрим ер участкаларини юридик шахсларнинг устав капиталига улуш сифатида киритиш механизми ҳам жорий этилади.

Давлат кўчмас мулки хусусийлаштирилганда унга бириктирилган ер участкаси бўйича аввал мавжуд бўлган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи сақланиб қолади.

Бундай ҳолатда ер участкаси бўйича ижара шартномасини қайта тузиш талаб этилмайди.

Ер участкаларини архитектура-шаҳарсозлик келишувлари ва қурилиш учун зарур рухсатномалар билан бирга «тайёр пакет» шаклида аукционга чиқариш амалиёти ҳам кенгайтирилади.

Фармонда қарздорликни суддан ташқари ундиришни рағбатлантиришга қаратилган алоҳида имтиёзлар ҳам белгиланган. 2030 йил 1 январга қадар қарздорлик эвазига банклар балансига ўтган айрим кўчмас мулк объектлари бўйича банклар, инвестиция компаниялари ва кейинчалик ушбу объектларни сотиб олган харидорларга мол-мулк ва ер солиғи бўйича муддатли имтиёзлар берилади.

Қарздорнинг мол-мулки банкка ихтиёрий топширилганда юридик шахс ҚҚСдан озод қилиниши, давлат иштирокидаги банкларга эса бундай активларни бозор қийматида тўғридан-тўғри, жумладан кредит, лизинг ёки бўлиб-бўлиб тўлаш асосида сотиш имконияти берилиши белгиланган.

Шунингдек, 2026 йил 1 октябрдан давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган юридик шахсларга тегишли қимматли қоғозлар ҳуқуқини ҳисобга олиш Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.

Рақобат муҳити шаклланган соҳаларда давлат бюджетидан молиялаштирилмайдиган янги давлат муассасаларини ташкил этишга чеклов киритилади. Тижорат фаолияти билан шуғулланувчи айрим давлат муассасалари эса 2026 йил 1 декабрга қадар хўжалик жамиятларига айлантирилади.

Chat