Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

10 сентябрь куни Ўзбекистонда «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилади

  • 10.09.2026
  • 45 марта ўқилди

10 сентябрь куни республика бўйлаб навбатдаги «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилади. Акция доирасида давлат фуқаролик хизматчилари автомобиллардан фойдаланмаслиги белгиланган, аҳоли ва ташкилотлар эса жамоат ҳамда экологик тоза транспортдан фойдаланишга чақирилмоқда.


Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси маълумотига кўра, 10 сентябрь куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида «Автомобилсиз кун» акцияси ташкил этилади. Ташаббус атмосфера ҳавосига транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламаларни камайтиришга қаратилган.

Акция Президентнинг 2026 йил 25 мартдаги атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармони асосида ўтказилмоқда. Ҳужжатга мувофиқ, ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида «Автомобилсиз кун» ва «Автомобилсиз ҳафта» акциялари ташкил этилади.

Акциялар давомида давлат фуқаролик хизматчиларининг автотранспорт воситаларидан фойдаланиши қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Экология қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари акция вақтида хизмат ва шахсий автомобиллардан воз кечиб, жамоат транспорти, велосипед ва бошқа муқобил транспорт турларидан фойдаланади.

Бундай чора нафақат зарарли ташламаларни камайтириш, балки шаҳар кўчаларидаги транспорт юкламасини пасайтириш ва экологик тоза транспортдан фойдаланиш маданиятини кенгайтиришга ҳам хизмат қилиши кўзда тутилган.

Давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда фуқаролар акцияда фаол иштирок этиб, жамоат транспорти, электромобиллар ва бошқа «яшил» транспорт воситаларидан кўпроқ фойдаланишга чақирилди.

Chat