Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Авиарейс кечикса, йўловчи компенсация талаб қилиши мумкин

  • 11.09.2026
  • 22 марта ўқилди

Ўзбекистонда авиарейсларнинг кечикиши бўйича шикоятлар кескин кўпайгани сабабли Рақобат қўмитаси авиакомпанияларда ўрганиш бошлади. Амалдаги қоидаларга кўра, ташувчининг айби билан рейс белгиланган вақтдан ортиқ кечикса, йўловчига етказилган зарар қопланиши ва қатор бепул хизматлар кўрсатилиши лозим.


2026 йилнинг биринчи ярмида авиақатнов хизматлари бўйича истеъмолчилардан 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 баравар кўп.

Мурожаатларда асосан рейсларнинг кечикиши, парвоз ҳақида аниқ ва ўз вақтида маълумот берилмаслиги, хизмат сифати пастлиги ҳамда амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундирилиши каби ҳолатлар қайд этилган.

Рақобат қўмитаси ташувчининг айби билан ички авиарейслар кечиккан ҳолатларда йўловчиларга компенсация бериш ва истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилишини ўрганмоқда.

Амалдаги ҳаво ташиш қоидаларига кўра, рейс ташувчи белгилаган муддатдан ортиқ кечикса, авиакомпания йўловчига етказилган зарарни қоплаши шарт. Компенсация миқдори ташувчининг қоидалари асосида ва тегишли ташиш купони қийматидан келиб чиқиб белгиланади.

Шунингдек, вазиятга қараб авиакомпания йўловчига қўшимча бепул хизматлар кўрсатиши керак.

Улар орасида озиқ-овқат ва ичимлик суви, меҳмонхона, вақтинчалик яшаш жойигача транспорт, алоқа хизмати ҳамда чиптада назарда тутилган туташ рейсга кечикиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мавжуд.

Рақобат қўмитаси аввал ҳам авиакомпаниялар фаолияти бўйича таҳлил ўтказган. 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида авиақатновлар юзасидан 145 та мурожаат келиб тушгани ва айрим ҳолатларда йўловчиларга белгиланган қўшимча хизматлар етарли даражада кўрсатилмагани маълум қилинган эди.

Муҳим жиҳати, ҳозирча барча рейс кечикишлари учун бир хил миқдордаги янги компенсация жорий қилингани ҳақида гап кетмаяпти. Компенсация масаласи кечикиш сабаби, ташувчининг айби ва амалдаги ташиш қоидаларига қараб ҳал этилади.

Авиаташиш хизматларида ҳуқуқи бузилган фуқаролар Рақобат қўмитасининг 1159 рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.

Ҳуқуқий асослар

Йўловчиларга компенсация ва қўшимча бепул хизматлар тақдим этиш тартиби фуқаролик қонунчилиги, Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси ҳамда ҳавода йўловчи ва багаж ташиш қоидалари талабларидан келиб чиқади.

Chat