2026 йил 9 сентябрда «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ–1171-сон Қонун қабул қилинди. Ҳужжат аҳолининг осойишталиги, нормал дам олиши ва саломатлигини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишнинг ягона ҳуқуқий механизмларини белгилайди.
Қонунга кўра, инсонни сезиларли даражада безовта қилмайдиган, организмнинг функционал тизимлари ва шовқинга сезгир аъзоларида жиддий ўзгаришларга олиб келмайдиган ҳамда санитария қоидалари ва нормаларида белгиланган шовқин миқдори йўл қўйиладиган даража ҳисобланади.
Иш кунлари — соат 23:00 дан 07:00 гача, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари эса 22:00 дан 09:00 гача меъёрдан юқори шовқин орқали фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш тақиқланади.
Янги талаблар фақат баланд мусиқа ёки маиший шовқин билан чекланмайди. Қонунда турар жой ҳудудида одамларнинг маиший ва хўжалик фаолияти натижасида пайдо бўладиган шовқинлар, қурилиш майдонларидаги ишлар, қурилиш техникаси ва транспорт воситалари, шунингдек, турли транспорт воситаларининг ҳаракати натижасида келиб чиқадиган шовқинлар ҳам назарда тутилган.
Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли давлат органи сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси белгиланди.
Шовқиннинг зарарли таъсири натижасида шахсга зарар етказилган тақдирда, унинг учун компенсацияни суд тартибида талаб қилиш мумкин бўлади.
Шу тариқа, янги қонун фуқароларга нафақат тинчлик ва дам олиш вақтида ҳимоя кафолатларини белгилайди, балки меъёрдан ортиқ шовқин салбий оқибатларга олиб келган ҳолларда ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятини ҳам беради.
Қонун расмий эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради.
«Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 9 сентябрдаги ЎРҚ–1171-сон Қонуни.