Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Нуқсонли товарни айрим ҳолатларда дарҳол алмаштириш тартиби жорий этилиши мумкин

  • 11.09.2026
  • 19 марта ўқилди

Агар харид қилинган товарда нуқсон аниқланса ва сотувчида айнан шу марка, модель ёки артикулдаги сифатли маҳсулот мавжуд бўлса, уни 7 кун кутмасдан дарҳол алмаштириш мажбуриятини белгилаш назарда тутилмоқда. Истеъмолчи товар сифатини текшириш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.


Олий Мажлис Сенати истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонунни маъқуллади. Ҳужжат билан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Амалдаги тартибга кўра, товарда ишлаб чиқариш, тузилиш, таркиб ёки бошқа нуқсон аниқланса, сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи уни айни шундай марка, модель ёки артикулдаги товарга 7 кун ичида алмаштириши керак. Агар товар сифатини қўшимча текшириш зарур бўлса, бу муддат 20 кунгача узайтирилиши мумкин.

Янги тартибга кўра, сотувчида худди шундай сифатли товар мавжуд бўлса, нуқсонли маҳсулотни дарҳол алмаштириб бериш талаб этилади.

Шу билан бирга, товарни қўшимча текшириш зарур бўлган ҳолатларнинг аниқ мезонлари белгиланади.

Истеъмолчи ёки унинг вакили товар сифатини текшириш жараёнида шахсан иштирок этиш, шунингдек, текширув ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида олдиндан хабардор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Яна бир муҳим янгилик — истеъмолчи товар сифатини ўз маблағи ҳисобидан мустақил равишда қўшимча текширтириши мумкин бўлади. Бундай ҳолатда текширув харажатларини қайси томон — сотувчи, ишлаб чиқарувчи ёки истеъмолчи — қоплаши лозимлиги қонун билан тартибга солинади. Қўшимча текширув Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган талаблар асосида ўтказилади.

Ўзгаришлар сотувчининг товарни текшириш баҳонаси билан алмаштириш муддатини асоссиз чўзишига йўл қўймасликка қаратилган.

Бу масаланинг долзарблиги истеъмолчилар мурожаатларида ҳам кўринмоқда. 2025 йилда Рақобат қўмитасига 53 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 12 136 таси савдо соҳасига, қарийб 6 мингтаси эса нуқсонли маҳсулотларга оид бўлган.

Айрим ҳолатларда сотувчилар пештахтада айнан шу товар мавжуд бўлса ҳам, уни дарҳол алмаштириш ўрнига 7 кунлик муддатдан фойдаланган ёки алмаштиришни рад этгани қайд этилган.

Муҳим: мазкур ўзгаришларни назарда тутувчи қонун ҳозирча Сенат томонидан маъқулланган. Янги тартиб тегишли қонун белгиланган тартибда кучга кирганидан кейин қўлланилади.

Ҳуқуқий асослар

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун.

Chat