Адлия вазирлиги карантинли ва инсон учун хавфли юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлганда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказишга оид идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 9 сентябрда 3936-сон билан рўйхатга олинди.
Профилактик эмлашни жорий этишга ҳудудда юқумли касаллик аниқланиши, унинг кенг тарқалиши ёки муайян аҳоли гуруҳларига юқиш хавфи асос бўлади.
Эмлаш биринчи навбатда касалликни юқтириш ёки бошқаларга юқтириш хавфи юқори бўлган шахслар, касаллик ўчоғида бемор билан мулоқотда бўлганлар ҳамда эпидемиологик кўрсатмалар бўйича эмланиши лозим бўлган шахслардан бошланади.
Профилактик эмлаш фақат давлат рўйхатидан ўтказилган ва тиббиётда қўллашга рухсат этилган вакциналар билан амалга оширилади.
Эмлашдан олдин шахс тиббий кўрикдан ўтказилади. Бунда вакцинага сезувчанлик, аввал кузатилган оғир аллергик реакциялар ва бошқа қарши кўрсатмалар бор-йўқлиги аниқланади.
Шунингдек, шахсга вакцина, унинг эҳтимолий таъсири, эмлашдан кейинги тиббий кузатув ҳамда эмлашни рад этишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида маълумот берилади.
Эмланган шахс дастлабки 30 дақиқа тиббиёт ходими кузатувида бўлади. Кейинги 3 кун давомида эса уни шифокор ва патронаж ҳамшира кузатиб боради.
Эмланган ҳар бир шахс ҳақидаги маълумотлар эмлаш ўтказилган заҳоти Ягона тиббиёт ахборот тизимига киритилади.
Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 9 сентябрда 3936-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган идоравий ҳужжат.