Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Навоийда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва бепул ҳуқуқий ёрдам олиш имкониятларига бағишланган тренинг ўтказилди

  • 06.11.2026
  • 178 марта ўқилди

2026 йил 5 ноябрь куни Навоий вилоят адлия бошкармаси ФХДЁ архиви биносида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган тренинг бўлиб ўтди. Унда қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлар, бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш тартиблари ҳамда электрон ҳуқуқий ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари ёритилди.


Тадбир «Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш» лойиҳасининг «Хотин-қизлар йўналиши» доирасида ташкил этилди. Мазкур лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда, Финляндия Ҳукуматининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.

Тренингда «Мадад» ННТ ижрочи директори Ш. Саидов лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, хотин-қизлар учун аҳамияти ҳамда уларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берди.


«Мадад» ННТ бўлим бошлиғи Р. Сарабекова хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, уларга қонунчиликда белгиланган имтиёзлар тўғрисида тақдимот қилди. Унда хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқларини билиши, мавжуд ҳуқуқий кафолатлардан фойдаланиши ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди.


Тадбирнинг алоҳида қисми бепул ҳуқуқий ёрдам ва онлайн ҳуқуқий ахборот олиш имкониятларига бағишланди. «Мадад» ННТ бўлим бошлиғи А. Эзозхонов ташкилот томонидан ёшларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш тартибларини тушунтирди. Шунингдек, иштирокчиларга Advice.uz ҳуқуқий платформаси, «Gender Madad» ва «Bola huquqlari» порталлари ҳақида маълумот берилиб, ушбу ресурслардан фойдаланиш имкониятлари таништирилди.


Тренинг дастуридан ҳуқуқий викторина ва интерактив ўйинлар ҳам ўрин олди. Мазкур қисм «Мадад» ННТ бўлим бошлиқлари Р. Сарабекова ва А. Эзозхонов томонидан олиб борилди.

Chat