Тренингнинг асосий мавзуларидан бири хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда қонунчиликда белгиланган имтиёзлар бўлди. «Мадад» ННТ бўлим бошлиғи Р. Сарабекова ушбу йўналишда тақдимот қилиб, иштирокчиларга ҳуқуқий кафолатлардан фойдаланиш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини тушунтирди.

Ҳуқуқий маълумотни ишончли манбалардан олиш ва маслаҳат учун мурожаат қилиш тартибларига ҳам эътибор қаратилди. «Мадад» ННТ бўлим бошлиғи А. Эзозхонов ташкилот томонидан ёшларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш тартиблари билан таништирди. Шунингдек, Advice.uz ҳуқуқий платформаси, «Gender Madad» ва «Bola huquqlari» порталлари ҳақида маълумот бериб, улардан фойдаланиш имкониятларини ёритди.

Тақдимотлардан кейин тадбир ҳуқуқий викторина ва интерактив ўйинлар билан давом этди. Р. Сарабекова ва А. Эзозхонов олиб борган ушбу машғулотлар тренингнинг алоҳида қисмини ташкил қилди.

Тадбирда «Мадад» ННТ ижрочи директори Ш. Саидов ҳам иштирок этиб, «Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш» лойиҳасининг мақсад ва вазифалари, унинг хотин-қизлар учун аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Мазкур тренинг лойиҳанинг «Хотин-қизлар йўналиши» доирасида ташкил этилди. Лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда, Финляндия Ҳукуматининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.