Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбек алифбоси янгиланади. Ҳужжатлар, дарсликлар ва қадоқлар бўйича нималар ўзгаради?

  • 23.11.2026
  • 18 марта ўқилди

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг янги таҳрири 2027 йил 22 апрелдан кучга киради. Аввал расмийлаштирилган ҳужжатлар юридик кучини сақлайди. Давлат идоралари, таълим муассасалари ва тадбиркорлар учун таклиф этилаётган ўтиш тартиби Ҳукумат қарори лойиҳасида баён қилинган.


Қайси ҳарфлар ўзгаради?

2026 йил 21 октябрдаги ЎРҚ–1184-сон Қонунга кўра, янгиланган алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат. O‘ ва G‘ ўрнига Ö ва Ğ, Sh ва Ch ўрнига Ş ва Ç қўлланади.

Паспорт ва ID-картани алмаштириш керакми?

Аввал берилган ҳужжатда ҳарфлар эски шаклда ёзилгани унинг юридик кучига таъсир қилмайди. Фақат шу сабаб билан ҳужжатни қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.

Лойиҳага кўра, Қонун кучга киргач, янги ID-карталар, хорижга чиқиш паспортлари, ҳайдовчилик гувоҳномалари, транспорт воситаларининг техпаспортлари ва кадастр ҳужжатларини янгиланган алифбода расмийлаштириш таклиф этилмоқда. Аввал тайёрланган бланклардан 2028 йил 1 январга қадар фойдаланиш мумкин бўлиши кўзда тутилган.

Мактаблар ва рақамли хизматлар қандай мослаштирилади?

Лойиҳада 2027/2028 ўқув йилидан биринчи синф дарсликларини янги алифбода жорий этиш, бошқа синфлар дарсликларини эса 2027–2031 йилларда босқичма-босқич янгилаш таклиф қилинган. Шунингдек, давлат ахборот тизимлари, банк иловалари, электрон савдо майдончалари ва клавиатураларни янги ёзувга мослаштириш режалаштирилган.

Тадбиркорлар қадоқ ва ёрлиқларни қачон янгилайди?

Лойиҳага кўра, 2027 йил 22 апрелдан 2028 йил 22 апрелгача қадоқ ва ёрлиқларда ҳар икки алифбодан фойдаланиш мумкин бўлади. 2028 йил 22 апрелдан янги босма буюртмалар янгиланган алифбода тайёрланиши, аввал босилган қадоқлардан эса 2029 йил 22 апрелгача фойдаланиш таклиф этилган. Эски тартибда ёрлиқланган товарлар яроқлилик муддати тугагунига қадар сотилиши мумкин бўлади.

Ҳукумат қарори лойиҳаси 2026 йил 6 декабрга қадар жамоатчилик муҳокамасида. Лойиҳадаги тартиб ва муддатлар якуний ҳужжатда ўзгариши мумкин.

Қонун матни — Lex.uz · Қарор лойиҳаси — муҳокама портали

Chat