“Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–257-сон, 28.11.2022 й.) қабул қилинди
Фармонга кўра, Бош прокуратура Академияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилиб, унда жиноятларни тергов қилиш соҳасида кадрларни амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда ягона ёндашув асосида тайёрлашга қаратилган узлуксиз ўқув тизими йўлга қўйилади.
Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали тугатилиб, унинг штат бирликлари, ўқув ва моддий-техника базаси Академияга ўтказилади.
2023/2024 ўқув йилидан Академияда тергов фаолияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа соҳаларида бакалавриат (3 йил) ва магистратура (1 йил) бўйича ўқув жараёни ташкил этилади.
Бунда қабул квоталари бакалавриат бўйича – 250 нафаргача талаба, магистратура бўйича – 50 нафаргача олий юридик маълумотли ваколатли давлат органлари ходимларини ташкил этади.
Академиянинг қабул параметрлари ҳар йили Президент томонидан белгиланади.
Академияга қабул қилишда абитуриентларнинг муайян тоифаларига республиканинг бошқа ОТМга кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.
Шунингдек, Ваколатли давлат органлари ходимлари учун Академияда тегишли ўқув дастурлари бўйича касбий қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг мажбурий тартиби жорий қилинади.