Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

"Мадад" нодавлат нотижорат ташкилоти ижрочи директори Т.Турсуновнинг Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги мухбири билан ташкилот фаолиятига доир суҳбати эълон қилинди

  • 03.02.2023
  • 474 марта ўқилди

Аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, зарур бўлганда одамларга мадад бўлиш учун “Мадад” муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилган.

Ташкилот олдига қўйилган талабларни қандай бажармоқда? “Мадад” қўйилган ишончни оқладими?  

Бу ҳақда ташкилот ижрочи директори Тўлқин Турсунов билан суҳбатлашдик.  

– Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва бепул юридик ёрдам кўрсатиш кўламини янада кенгайтириш мақсадида  

13 туман ва шаҳарда қўшимча равишда ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилди, – дейди Т.Турсунов. – Бюролар сони 73 тага етказилди. 2022 йил давомида 135 мингдан ортиқ фуқарога ҳуқуқий масалалар бўйича бевосита бепул юридик ёрдам кўрсатилди.  

“Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали орқали мурожаат йўллаган 85 мингга яқин фуқароларга онлайн режимда ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилди.  

Юртдошларимиз ҳуқуқий маслаҳат керак бўлганда ушбу порталга мурожаат қилишга одатланмоқда. Портал фойдаланувчилари 2,4 миллионга етгани шундан далолат.  

Ҳуқуқий муаммоларни жойларда ҳал этиш мақсадида 10 мингдан ортиқ фуқароларнинг сўровларига кўра, уларга суд ва бошқа давлат органларига мурожаат қилишлари учун тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари (ариза, шикоят, даъво ариза) бепул тайёрлаб берилди.  

Жорий йилдан бошлаб эса фуқароларнинг сўровларига кўра, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга оид ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини онлайн шаклда тайёрлаб бериш амалиёти йўлга қўйилмоқда.  

Фуқаролардан тушаётган мурожаатлар ва аниқланган ҳуқуқий муаммолар доимий равишда таҳлил қилиб борилмоқда. Таҳлил натижаларидан келиб чиқиб қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан 4 та қонун лойиҳаcи ишлаб чиқилди. Таклиф этилган айрим нормалар асосида 2022 йилда қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.    

Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда гендер тенгликни  таъминлаш, аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида “Gender-Madad” электрон ҳуқуқий маслаҳатчи платформаси ишга туширилди.  

Платформа имкониятларидан шу пайтга қадар  

10 мингдан ортиқ фуқаро фойдаланди.  

“Болалар йўл ҳаракати иштирокчиси” деб номланган давлат ижтимоий буюртмаси танловида ташкилот ғолиб деб топилди. Шу асосда Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган мактабгача таълим ташкилотида болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишга мўлжалланган ўқув майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.  

Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш мақсадида халқаро ҳамкорлик ривожлантирилмоқда. Масалан, БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятида вояга етмаган болаларнинг ижтимоий ҳимоясига қаратилган қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашга, шу билан бирга, оилавий, маиший зўравонлик ва бошқа зиддиятли вазиятларга тушиб қолган болаларга беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга қаратилган қўшма лойиҳа амалга оширилди.  

Жорий йилда аҳолига кўрсатилаётган бепул юридик ёрдам кўрсатиш кўлами кенгайтирилади. “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали, шунингдек, “Gender-Madad” электрон ҳуқуқий маслаҳатчи платформаси аҳолига қулайлик яратиш нуқтаи назаридан янгиланиб борилади.  

Chat