Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ишсизлик нафақасини тўлаш тартиби қандай?

  • 12140

Белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

Ишсизлик нафақасини тўлаш ишсиз шахснинг яшаш жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ишсизлик нафақасига солиқ солинмайди.

Ишсизлик нафақаси ишсиз деб тан олинган шахсга у маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан ҳисобланади ва тўланади.

Ишсизлик нафақаси 12 (ўн икки) ойлик давр ичида кўпи билан 26 (йигирма олти) календарь ҳафта давомида тўланади.

Тўлиқ бўлмаган календарь ой учун ишсизлик нафақасини тўлаш чоғида ишсизлик нафақаси мазкур нафақа тўланиши керак бўлган ушбу календарь ойдаги кунлар сонининг тўлиқ календарь ойдаги кунлар сонига мутаносиб миқдорда тўланади.

Ишсизлик нафақасини олиш даврида ишсиз шахс касал бўлган тақдирда ишсизлик нафақасини ишсиз шахснинг қариндошлари (отаси, онаси, эри (хотини), вояга етган болалари) ёки белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома асосида ишсиз шахснинг бошқа ишончли шахслари томонидан олишга йўл қўйилади.

Ўз меҳнат стажини ҳужжат билан тасдиқлаш имкониятига эга бўлмаган шахсларга ишсизлик нафақасини тайинлаш чоғида уларга илгари ишламаганлар ва биринчи марта иш қидираётганлар сифатида қаралади.

Ишсизлик нафақасини олиш даврида ишсиз шахс иш қидириши ва ишга жойлаштиришга доир йўлланма (ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома) ёхуд касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малакасини оширишга йўлланма олиш учун 2 ҳафтада камида бир марта маҳаллий меҳнат органига мурожаат қилиши шарт.

Ишсизлик нафақаси қуйидаги миқдорларда тўланади

  • ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) сўнгги 12 ойлик давр ичида маҳрум бўлган шахсларга — аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш пайтида Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда;
  • ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ҳамда узоқ (1 йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1 баравари миқдорида;
  • илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсларга — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида 75 фоизи миқдорида.

Ҳарбий хизматдан, ички ишлар органларидан, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардияси органларидан ва бошқа ҳарбий хизмат назарда тутилган идоралардан бўшатилиши муносабати билан иш ҳақидан маҳрум бўлган шахслар ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

 

Chat