Ҳуқуқий ахборот - ҳаммага, ҳар доим, ҳамма жойда!

  • 23 марта ўқилди

«Саховат» интернат уйлари Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, Оила кодексига мувофиқ уларни парвариш қилиши шарт бўлган қариндошлари ёки бошқа шахслар бўлмаган ёлғиз кексалар ҳамда 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳлар ногиронлиги бўлган шахслар учун давлат тиббий-ижтимоий муассасалари ҳисобланади.

Қабул қилиш бўш ўринлар мавжуд бўлган тақдирда «Саховат» интернат уйларига:

  •  Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган уларни парвариш қилиши шарт бўлган қариндошлари ёки бошқа шахслар бўлмаган ёлғиз кексалар;
  • 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар қабул қилинади.

«Саховат» интернат уйларига йўлланмалар берилмайдиган холатлар

Қуйидагиларга «Саховат» интернат уйларига йўлланмалар берилмайди:

  • тез-тез, ҳар ойда 5 мартадан кўп тутқаноқ содир бўладиган эпилепсия, мунтазам тутқаноқларга, эпилептик мақомга, кун охирига бориб бўшашувчанликка, дисфорияларга мойиллик борлар;
  • беморнинг ўзи ва атрофидагилар учун хавфли бўлган мойилликнинг қўпол бузилишлари ва ахлоқий дағаллик билан бирга кечадиган руҳий касалликлар.

«Саховат» интернат уйларига қабул қилишга тўсқинлик қилувчи холатлар

Қуйидагилар «Саховат» интернат уйларига қабул қилишга қарши умумий кўрсаткичлар ҳисобланади:

  • жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;
  • юқумли тери ва соч касалликлари;
  • ўткир юқумли касалликлар;
  • салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;
  • таносил касалликлари.

 «Саховат» интернат уйларига қабул қилиш чоғида юқори ҳарорат ёки ноаниқ этиологияли тошма аниқланган шахслар соғлиқни сақлаш муассасаларига юборилади.

«Саховат» интернат уйларига расмийлаштириш учун талаб этиладиган ҳужжатлар

«Саховат» интернат уйларига расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  •  «Саховат» интернат уйига расмийлаштирилаётган ёлғиз кексанинг ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахснинг аризаси;
  • паспорт нусхаси;
  • соғлиқнинг ҳолати тўғрисидаги тиббий ҳужжатлар;
  • ёлғиз шахс сифатида ҳисобга олиш тўғрисидаги қарор нусхаси;
  • пенсионер гувоҳномасининг нусхаси;
  • 2 та (6 см х 4 см ҳажмли) фотосурат.

«Саховат» интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг ногиронлиги аниқланган тақдирда тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг нусхаси ҳам тақдим этилади.

«Саховат» интернат уйларига юбориш, шунингдек биттасидан иккинчисига ўтказиш Тиббий ижтимоий хизматлар агентлиги Махсус комиссияси қарорига мувоқиф тиббий-ижтимоий хизматлар бўлимлари бошлиғининг белгиланган тартибда қабул қилинган буйруғи асосида амалга оширилади.

«Саховат» интернат уйлари фаолиятини мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳри Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1003" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

Ҳаётий мисол:

Савол: С. исмли шахс бир йилдан буён «Саховат» кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйида яшаб келаётгани, шу вақт давомида мунтазам равишда ёшга доир пенсия пулидан 60 фоиз чегирма олиб қолинаётгани, шу ҳолатнинг қонуний ёки қонуний эмаслиги юзасидан тушунтириш беришни сўради. 

Жавоб: Қариялар ва ногиронларнинг интернат уйларида (пансионатларида) яшовчи ёлғиз пенсионерларга пенсия билан улар таъминоти учун сарф-харажат ўртасидаги фарқ, бироқ тайинланган пенсиянинг камида 10 фоизи ва уруш ногиронларига эса — камида 20 фоизи тўланади. Руҳий ҳолати бузилган шахслар учун интернат уйларида яшовчи пенсионерларга пенсия тўланмайди. 

Демак, «Саховат» интернат уйида яшаётган С. исмли шахсга тўланиши лозим бўлган пенсия суммасидан унинг таъминоти учун сарфланган харажатларнинг ушлаб қолиниши қонунийдир. Шу бирга, агар С. исмли шахс ушлаб қолинаётган пенсия миқдорига эътирози бўлса, интернат маъмуриятидан унинг тўғри ушлаб қолинаётганини асослаб беришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Chat