Маҳаллий кенгашлар раиси лавозимини жорий этиш таклиф қилинмоқда
Адлия вазирлиги, “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти, БМТ Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқининг қўшма лойиҳаси билан ҳамкорликда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди
Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вазифалари ва ваколатларини аниқлаштириш, уларнинг асосий фаолиятига хос бўлмаган ва бир-бирини такрорловчи функцияларини оптималлаштириш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатлари таҳлил қилинди.
Таҳлил натижаларига кўра, бу соҳага оид қонун ҳужжатларида муайян муаммолар мавжудлиги аниқланди. Жумладан, қонуннинг фақатгина бир моддасида вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликларининг ваколатлари умумий тарзда белгилаб қўйилган, холос. Бугунги кунда ҳокимликлар асосан олти йўналишда (молия-иқтисодиёт, инвестициялар ва ташқи савдо, ёшлар сиёсати, қишлоқ ва сув хўжалиги, капитал қурилиш, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш) фаолият юритсаларда, ушбу йўналишларга оид нормалар амалдаги қонунчиликда назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юклатилган функциялар, вазифалар ва ваколатлар амалдаги қонундан ташқари яна 100 дан ортиқ бошқа қонун ва қонун ости ҳужжатларида ўз ифодасини топган.
Бир қатор қонун ҳужжатларида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг асосий фаолиятига хос бўлмаган ёки бошқа давлат органларининг вазифаларини такрорловчи кўплаб функциялар юклатилган бўлиб, бу аксарият ҳолларда уларнинг бажарилмай қолишига сабаб бўлмоқда.
Масалан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, судларга даъво аризалари билан мурожаат қилиш функцияси юклатилган.
“Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунда ҳокимликларга аҳоли ўртасида спорт нормативларини топшириш бўйича ишларни ташкил этиш, тегишли ҳудудда жисмоний-соғломлаштириш ва спорт иншоотларидан мақсадли фойдаланишни назорат қилинишини таъминлаш юкланган.
Ваҳоланки, айнан ушбу вазифаларни амалга оширадиган бошқа ташкилотлар ҳам бор.
Шунингдек, ҳокимликлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш (KPI) тизимининг мавжуд эмаслиги, улар фаолиятидаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш имконини бермаётир. Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини тартибга солувчи бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда уларнинг фаолияти самарадорлигини аниқлаш ва баҳолаш бўйича тартиб-қоидалар назарда тутилмаган.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳокимият ва ҳудудий давлат бошқаруви органлари фаолиятини назорат қилиш бўйича роли ва масъулиятини оширишга қаратилган ишлари ҳам суст ташкил этилган.
Маълумки, маҳаллий Кенгашларда депутатлар доимий асосда фаолият олиб бормайди. Шу боис халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан амалга ошириладиган депутатлик назорати механизмлари етарли даражада ишга солинмаган.
Маҳаллий Кенгашларда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ҳамда кенгашлар қарорлари ижросини назорат қилувчи алоҳида ишчи органининг мавжуд эмаслиги, ўз навбатида, ҳокимликларнинг қўшимча равишда маҳаллий Кенгашлар ваколатига кирувчи вазифаларни бажариб келишига сабаб бўлмоқда.
Юқорида қайд этилган маҳаллий ижро ва вакиллик органлари фаолиятида мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида, қонун лойиҳасига қуйидаги янги нормалар киритиш таклиф этилмоқда.
Маҳаллий давлат ҳокимияти: ижроия ва вакиллик органлари тузилиши, уларнинг ваколат ва функциялари бир тизимга солиниб, алоҳида бобларда кўрсатилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.
Бунда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини сайлаш, улар фаолиятининг асосий йўналишлари, шунингдек, доимий ва муваққат комиссиялар фаолият юритиши тартибига оид янги нормалар киритилмоқда.
Яна бир муҳим янгилик: қонун лойиҳасида маҳаллий Кенгашлар раиси лавозимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад - ҳокимнинг бир вақтнинг ўзида ҳам вакиллик органига, ҳам ижроия ҳокимиятига раҳбарлик қилиш ваколатини чеклаш орқали амалда бир-бирини тийиб туриш тамойилини таъминлашдан иборат.
Лойиҳада илгари сурилган маҳаллий Кенгашлар ҳузурида ишчи органи сифатида котибиятлар тузилиши, келажакда улар фаолиятини тизимли мувофиқлаштириб бориш имкониятини яратади. Шунингдек, вакиллик органлари қарорлари ва бошқа ҳужжатлари ижроси устидан самарали назоратни амалга оширишни таъминлайди. Қолаверса, ҳокимликларни маҳаллий Кенгашлар ваколатига кирувчи вазифаларни бажаришдан озод этади.
Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашларга давлат бошқаруви органлари ҳудудий тузилмалари раҳбарларининг ўз лавозимига лойиқлиги юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга таклиф киритиш ваколати берилмоқда. Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг сўрови институтини жорий қилиш ва депутатлик назорати бўйича алоҳида нормалар ҳам киритилмоқда.
Бу каби қоидаларнинг лойиҳада ўз ифодасини топиши халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини янада кучайтириш ва уларнинг назорат соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш имкониятини беради.
Қонунда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг асосий йўналишларини амалга ошириш тартиб-қоидалари белгилаб берилмоқда. Шу билан бирга, ҳокимнинг ўзига юклатилган ваколатларини самарали амалга ошириши учун юқорида кўрсатилган йўналишлар бўйича ҳоким маслаҳатчиси лавозими ташкил этилиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳада ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларнинг аниқ тушунчалари, қабул қилиш тартиби ва бошқа давлат бошқарув органлари билан тегишли соҳаларда ягона давлат сиёсатини амалга ошириш борасида ўзаро ҳамкорлигига оид қатор нормалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасидаги яна бир муҳим янгиликлардан бири – ҳокимлар фаолиятининг самарадорлигини аниқлаш ва баҳолаш тартиби жорий этилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад ҳокимлар масъулиятини янада кучайтириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, белгиланган режа ва давлат дастурлари ижросини таъминлашдир. Пировард натижада фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари бўйича рағбатлантириш тартиби яратилади.
Тўлқин Турсунов,
“Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ижрочи директори.