Ўзбекистонда божхона жараёнларини соддалаштириш, тадбиркорлар учун қўшимча қулайликлар яратиш ва соҳани рақамлаштиришга қаратилган янги чоралар белгиланди.
Президентнинг 2026 йил 27 августдаги «Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–174-сон Фармони билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган «Янги Ўзбекистон божхонаси – 2030» стратегияси тасдиқланди.
Стратегия доирасида божхона жараёнларида тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга қулай шарт-шароитлар яратиш, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш ҳамда божхона маъмурчилигини такомиллаштириш назарда тутилган.
2026 йил 1 сентябрдан ташқи савдо операцияларига доир бир қатор талаблар бекор қилинди. Хусусан, ташқи савдо шартномасини тузмасдан инвойс асосида импорт қилишда хорижий ҳамкорга олдиндан тўлов ўтказиш бўйича чеклов ҳамда инвойс асосида экспорт қилишда олдиндан 50 фоиз тушумни таъминлаш талаби бекор қилинди.
Шунингдек, товарларни миллий валютада экспорт қилишда олдиндан тўлов ёки аккредитив, банк кафолати ва суғурта полиси каби тўловнинг кафолатли шаклларини тақдим этиш талаби ҳам олиб ташланди.
Бундан ташқари, божхона расмийлаштируви жараёнида айрим кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, полимер ва парфюмерия-косметика маҳсулотларини олиб кириш учун рухсатнома, шунингдек, дори воситалари ва тиббий жиҳозлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этиш талаби бекор қилинди.
2026 йил 1 октябрдан солиқ органларида хавф даражаси паст ҳамда ҚҚС гувоҳномаси фаол бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига импортда тўланадиган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади.
Шу санадан товарлар экспортида божхона расмийлаштируви, фитосанитария сертификати, фумигация ҳамда товарнинг келиб чиқиш сертификати учун белгиланган йиғим ва тўловлар 30 фоизга камайтирилади.
2027 йил 1 январдан товарларнинг божхона қийматини назорат қилиш тартиби ҳам соддалаштирилади. Жумладан, хавф даражаси паст ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари олиб кираётган товарларнинг божхона қийматини товарлар эркин муомалага чиқарилганидан кейин назорат қилиш йўлга қўйилади.
Божхона қийматини назорат қилиш мақсадида товарлар учун қатъий божхона қийматини белгилаш тақиқланиб, божхона қиймати бўйича дастлабки қарор қабул қилиш ҳамда расмий дилер ва дистрибьюторларнинг нарх маълумотларидан фойдаланиш амалиёти жорий этилади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан ягона божхона тўлови ставкаси товарнинг божхона қийматидан 20 фоиз, бироқ ҳар бир килограмм учун камида 2 АҚШ доллари миқдорида белгиланади.
2027 йил 1 июндан эса жисмоний шахслар нотижорат мақсадларда олиб ўтадиган товарлар бўйича ягона божхона тўлови тўланиши лозим бўлган божхона йиғимларидан кам бўлса, мазкур йиғимлар ундирилмайди.
Шу санадан божхона назоратида товарнинг келиб чиқиш сертификати билан бошқа ҳужжатлар ўртасида товар хусусиятига таъсир қилмайдиган кичик тафовутлар мавжудлиги сертификатни рад этиш учун асос бўлмайди. Экспортда экологик сертификат эса экспорт қилувчининг ихтиёрий мурожаати асосида расмийлаштирилади.
Бундан ташқари, транзит декларацияларини транспорт воситаси чегара божхона постига етиб келишидан олдин тақдим этиш ҳамда дастлабки божхона юк декларацияси орқали зарур сертификат ва рухсатномаларни олдиндан расмийлаштириш имконияти жорий этилади.