Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Миллий сертификат имтиҳонларига рўйхатдан ўтиш тартиби ўзгарди

  • 22.09.2026
  • 75 марта ўқилди

Энди миллий сертификат имтиҳонларига талабгорлар ҳар бир ҳудуд учун ажратилган ўринлар сони доирасида рўйхатга олинади. Шу сабабли ариза топшириш муддати тугамаган бўлса ҳам, муайян ҳудуддаги жойлар тўлса, рўйхатдан ўтиш ёпилиши мумкин.


Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги миллий сертификат имтиҳонларига рўйхатдан ўтиш тартиби бўйича изоҳ берди.

Янги қоида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги 411-сон қарори билан киритилган. Унга кўра, имтиҳон ўтказиладиган жой, сана ва ҳар бир ҳудуд учун ажратиладиган ўтириш ўринлари сони Агентлик томонидан белгиланади ҳамда расмий веб-сайт ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали эълон қилинади.

Талабгорлар my.gov.uz орқали айнан танланган ҳудуд учун ажратилган ўринлар сони доирасида рўйхатга олинади.

Демак, масалан, муайян вилоят ёки шаҳар учун белгиланган барча ўринлар банд бўлса, ариза топширишнинг умумий муддати ҳали тугамаган бўлса ҳам ўша ҳудуд бўйича рўйхатдан ўтиш тўхтайди.

2026 йилнинг сентябрь–декабрь ойларида умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳонлари учун жами 496 303 та ўрин ажратилган. Шундан сентябрда — 125 753 та, октябрда — 129 535 та, ноябрда — 112 335 та, декабрда — 128 680 та ўрин назарда тутилган.

Шу даврда математика, кимё, география, биология, физика, она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларидан икки мартадан, ҳуқуқшунослик фанидан эса бир марта имтиҳон ўтказиш режалаштирилган. Жами 15 та имтиҳон ташкил этилади.

Таққослаш учун, 2025 йилнинг шу даврида 11 та миллий сертификат имтиҳони ўтказилган ва уларда 255 217 нафар талабгор иштирок этган.

Агентлик таъкидлашича, ҳудудлар кесимида лимит белгилаш талабгорларни сунъий чеклаш учун эмас, балки имтиҳонларни бинолар, техник имкониятлар, ходимлар ва назорат ресурсларидан келиб чиқиб сифатли ташкил этиш учун жорий этилган.

Тавсия: миллий сертификат имтиҳонида қатнашмоқчи бўлганлар рўйхатдан ўтишни охирги кунга қолдирмаслиги керак. Танланган ҳудуддаги ўринлар белгиланган муддатдан олдин тугаб қолиши мумкин.

Ҳуқуқий асослар

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги 411-сон “Миллий сертификат бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори.

Chat