Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Чимбой туманида ёшлар учун ҳуқуқий-маърифий тадбирлар ташкил этилди

  • 28.09.2026
  • 37 марта ўқилди

Чимбой туманида ёшлар учун ҳуқуқий-маърифий тадбирлар ташкил этилди


Адлия вазирлигининг ижтимоий буюртмаси асосида «Мадад» ННТ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Қорақалпоғистон ёшлари учун ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган маърифий тадбирлар» лойиҳаси доирасида Чимбой туманида қатор ҳуқуқий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Тадбирларда «Мадад» ННТ масъул ходимлари О. Равшанов, А. Эъзозхонов ва Ш. Шомуродов иштирок этиб, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаши ҳамда ҳуқуқий масалаларда мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Лойиҳа доирасида ёшлар етакчилари иштирокида «Ҳуқуқий лидерлик» мавзусида семинар-тренинг ўтказилиб, уларга ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарғиботни самарали ташкил этиш, ҳуқуқий муаммоларни тўғри йўналтириш ва ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун ташкил этилган «Менинг ҳуқуқларим ва имкониятларим» мавзусидаги машғулотларда эса болалар ва ёшларнинг асосий ҳуқуқлари, мажбуриятлари, таълим олиш, мурожаат қилиш ва ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланиш имкониятлари тушунтирилди.

 

Шу билан бирга, маҳаллаларда хотин-қизлар учун тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояланиш, ҳуқуқий ёрдам олиш ва мурожаат қилиш механизмларига бағишланган семинар-тренинглар ташкил этилди.

Ёшларнинг тадбирларда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида ҳуқуқий викториналар, савол-жавоблар ва интеллектуал танловлар ўтказилиб, иштирокчиларнинг ҳуқуқий билимлари мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, Чимбой тумани Давлат хизматлари марказида ёшлар қабули ташкил қилиниб, мурожаатчиларнинг ҳуқуқий масалалари ўрганилди. Уларга тегишли тартиб-таомиллар тушунтирилиб, зарур ҳолларда амалий ҳуқуқий кўмак кўрсатилди.

Лойиҳа доирасидаги бундай тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий фаоллигини ошириш, қонунларга ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқий ёрдамдан самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.

Chat