Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 сентябрдаги 508-сон қарори билан Тошкент шаҳрида қонунбузарлик сабаб ушланган транспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларига олиб келиш ва уларни чиқаришнинг янги тартиби тасдиқланди. Тизим 2026 йил 1 октябрдан тажриба тариқасида ишлай бошлайди.
Ваколатли давлат органи транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилганда, маълумот «Жарима майдончаси» модули орқали тегишли давлат органлари ва хизмат кўрсатувчи юридик шахсларга электрон тарзда юборилади.
Транспорт воситасини бошқаришдан четлаштириш назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолларда автомобиль жарима майдончасига фақат махсус техника — эвакуатор ёки манипулятор ёрдамида олиб кетилиши мумкин.
Транспорт воситасини ушлаб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилгандан кейин уни майдончадан олиб чиқиш учун электрон рухсатнома расмийлаштирилади.
Рухсатнома маъмурий ишни кўриб чиқувчи органнинг ваколатли мансабдор шахси томонидан «Жарима майдончаси» модули орқали шакллантирилади, QR-код билан тасдиқланади ва ҳайдовчи ҳамда сақлаш хизматини кўрсатувчи ташкилотга 1 иш куни ичида электрон тарзда юборилади. Ҳайдовчининг телефон рақамига SMS-хабар ҳам жўнатилади.
Модуль орқали расмийлаштирилмаган рухсатнома асосида транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариш тақиқланади.
Янги тартиб доирасида ҳуқуқбузарлик учун жарима, транспорт воситасини сақлаш ва бошқа мажбурий тўловларни электрон шаклда тўлаш имконияти ҳам назарда тутилган. QR-кодли электрон рухсатномани Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали шакллантириш белгиланган.
Агар транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш тўғрисидаги қарор кейинчалик бекор қилинса, ҳайдовчи қилган харажатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли давлат органи маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 сентябрдаги 508-сон қарори.