Янги моделда корхона ўзига зарур мутахассисни тайёрлаш бўйича олий таълим муассасасига буюртма беради. Шу буюртма асосида танланган номзод тест синовини топширмасдан, суҳбат орқали ўқишга қабул қилинади.
Шу тариқа талаба назарий билимни олийгоҳда олиш билан бирга, корхонада ишлаб, мутахассислиги бўйича амалий кўникмаларни ҳам шакллантиради.
Муҳим: тестсиз қабул барча абитуриентларга эмас, айнан «корхона — олийгоҳ — мақсадли кадр» тизими доирасида иш берувчининг буюртмаси асосида танланган номзодларга нисбатан қўлланади.
Дуал таълим доирасида ишга қабул қилинган талабага тўланадиган иш ҳақининг 50 фоизи давлат томонидан қопланади. Агар корхона олийгоҳ ёки талабанинг яшаш жойидан узоқда жойлашган бўлса, унинг ижара харажатларини қоплаш ҳам назарда тутилган.
Корхона томонидан талабага бириктирилган устозга эса олийгоҳ педагоглари ойлигига тенг миқдорда қўшимча ҳақ тўланади.
Ўқиш ва меҳнат фаолиятида юқори натижа кўрсатган талабаларга иккинчи курсдан давлат гранти асосида таҳсил олиш имконияти берилади.
Олийгоҳларда дуал таълим билан ишлаш учун алоҳида бўлимлар ташкил этилади. Тизимни намунали йўлга қўйган учта энг яхши ОТМ ва ҳамкор корхоналарнинг ҳар бири 1 млрд сўмдан 3 млрд сўмгача мукофотланади. Олийгоҳ олган мукофотнинг ярми ушбу йўналишга ҳисса қўшган педагогларни рағбатлантиришга йўналтирилади.
Янги механизм 2027 йилдан 75 та ОТМда, 2028 йилдан эса барча олий таълим муассасаларида жорий этилиши белгиланган. Президент матбуот хизмати ушбу масала бўйича олий таълимда дуал таълимни янги ёндашув асосида ташкил этишга доир қарор имзоланганини маълум қилган.