Ўзбекистонда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун кузги таътил 4 ноябрдан бошланади ва 6 календарь кун давом этади. 2026 йилда ўқувчилар 4–9 ноябрь кунлари дам олади, дарс машғулотлари эса 10 ноябрдан давом эттирилади.
Қонунчиликка мувофиқ, умумтаълим муассасаларида ўқув йили давомидаги таътилларнинг муддатлари аниқ белгилаб қўйилган.
Ўқувчилар учун кузги таътил ҳар йили 4 ноябрдан бошлаб 6 календарь кун этиб белгиланган.
Шунга кўра, 2026 йилда кузги таътил:
4 ноябрдан 9 ноябргача давом этади.
Дарс машғулотлари 10 ноябрдан қайта бошланади.
Муҳим: таътил муддати иш кунлари билан эмас, календарь кунлар билан ҳисобланади.
Амалдаги тартибга мувофиқ:
қишки таътил — 28 декабрдан бошлаб 14 календарь кун;
баҳорги таътил — 21 мартдан бошлаб 7 календарь кун;
ёзги таътил — охирги босқичли назорат синови ўтказилган кундан, босқичли назорат ўтказилмайдиган синфларда эса ўқув йили тугаган кундан кейинги кундан бошлаб 1 сентябргача давом этади.
Агар таътилнинг охирги куни қонунчиликда белгиланган байрам — ишланмайдиган кунга тўғри келса, дарс машғулотлари ундан кейинги иш кунидан бошлаб давом эттирилади.
Биринчи синф ўқувчилари учун февраль ойида қўшимча бир ҳафталик таътил ҳам белгиланган.
Мактаблардаги таътил муддатлари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги низомнинг 26-бандида белгиланган.