Бугун Халқаро Вестминстер университети вакиллари «Мадад» муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотига ташриф буюришди. Учрашув давомида томонлар фаолият йўналишлари, амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги тажриба ва истиқболли ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашдилар. Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида меморандум имзоланди.

Мазкур меморандум доирасида ҳуқуқий соҳада ахборот ва тажриба алмашиш, қўшма илмий-амалий лойиҳалар, семинар-тренинглар ва ўқув машғулотларини ташкил этиш, шунингдек, «Мадад» ННТ ходимларининг касбий билим ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш назарда тутилган. Бунда университетнинг профессор-ўқитувчилари ва мутахассисларини ўқув жараёнларига жалб этиш, заруратга кўра хорижий экспертлар иштирокини таъминлаш ҳам муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.

Шунингдек, ҳамкорлик доирасида университет талабаларининг «Мадад» ННТ тизимида, жумладан, ҳудудий ҳуқуқий маслаҳат бюролари фаолияти билан яқиндан танишиши ва амалий тажриба орттириши учун имкониятлар яратилади. Бу жараёнда талабалар томонидан тайёрланадиган ҳуқуқий маслаҳатлар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг малакали мутахассислар назоратидан ўтказилишига алоҳида аҳамият қаратилади. Мазкур ҳамкорлик таълим ва амалиёт интеграциясини мустаҳкамлаш, ёш ҳуқуқшуносларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган бепул ҳуқуқий ёрдам сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.
