Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистонда велоспорт оммалаштирилади: Тошкент мактабларига велосипедлар берилади

  • 18.11.2026
  • 69 марта ўқилди

2027 йил мартдан ўқувчилар, талабалар ва аҳоли учун велоспорт мусобақалари мунтазам ўтказилади. Тошкентда зарур инфратузилмага эга мактабларни велосипедлар билан таъминлаш бўйича синов лойиҳаси бошланади.


Президентнинг 2026 йил 11 ноябрдаги ПҚ–394-сон қарори билан велоспортни 2030 йилгача ривожлантириш мақсадлари белгиланди. Қарор 12 ноябрда кучга кирди.

2030 йилгача велоспорт билан шуғулланувчилар қамровини 30 минг нафарга, мунтазам шуғулланувчилар сонини 5 минг нафарга, тренерлар сонини эса 350 нафарга етказиш кўзда тутилган.

Миллий терма жамоанинг Осиё мусобақаларида кучли учликка кириши, Олимпия ўйинларига кўпроқ йўлланма олиши ва медаллар учун курашиши ҳам мақсад қилиб белгиланди.

Мусобақалар 2027 йил мартдан бошланади

  • «Талабалар кубоги» — олий таълим ташкилотлари талабалари учун.

  • «Директор кубоги» — зарур инфратузилмага эга мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун.

  • «Сенинг имкониятинг» — ногиронлиги бўлган шахслар учун паравелоспорт мусобақаси.

  • «Янги Ўзбекистон» — тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари учун.

  • «Баҳор маликалари» — 8 март муносабати билан аёллар ўртасида ўтказиладиган веломарафон.

  • «Саломатлик сари йўл» — 22 сентябрь, Автомобилсиз кун доирасида аҳоли учун ўтказиладиган веломарафон.

Тошкент мактабларига велосипедлар берилади

2027–2028 йилларда синов лойиҳасига киритилган мактабларнинг ҳар бирига оммавий машғулотлар учун тўртта велосипед ва битта профессионал велосипед берилади. Мактабларга тренерлар бириктирилади. Синов натижалари асосида бу тажрибани 2029 йилдан бошқа ҳудудларга босқичма-босқич жорий этиш бўйича таклифлар киритилади.

Мактаб-интернатда паравелоспорт қамрови кенгайтирилади

Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати иқтидорли спортчиларни терма жамоалар учун тайёрлайди. Мактаб-интернатда 6–11-синфларда таҳсил олувчи 100 нафар ўқувчи-спортчи сони сақланади. 2027/2028 ўқув йилидан паравелоспорт йўналишидаги ўқувчилар улуши 20 фоизга етказилади.

Шу ўқув йилига қадар мактаб-интернат ва Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси мактаб ўқувчилари учун видеоматериаллар тайёрлайди. «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» доирасида ҳам велоспорт мусобақалари ўтказилади.

Расмий манба — ПҚ–394-сон қарор, Lex.uz

Chat