Ходим ўзи танлаган карта ёки электрон ҳамён реквизитларини иш берувчининг бухгалтериясига беради. Картани ёки ҳамённи кейинчалик алмаштириш учун бухгалтерияга янги реквизитларни тақдим этиш мумкин.
Ходим ўз номига расмийлаштирилган мавжуд карта ёки электрон ҳамёндан фойдаланиши мумкин. «Маблағларни тақсимлаш маркази» тизимида алоҳида рўйхатдан ўтиш талаб этилмайди.
Ташкилот ходимлар турли банкларни танлаган тақдирда ҳам барча тўловларни битта реестрга киритиб, ўзига хизмат кўрсатувчи банкка юборади. Банк реестрни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб, Марказ тизимига узатади. Тизим маълумотларни текшириб, тўловларни тегишли банкларга йўналтиради. Хато аниқланса, реестр тузатиш учун қайтарилади.
Тизим Президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ–359-сон қарори доирасида жорий этилмоқда.