Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 14237 марта ўқилди

Ўқувчиларнинг ўқишини бир ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасидан бошқасига кўчириш, шунингдек илгари ўқишдан четлаштирилган ўқувчиларни ўқишга қайта тиклаш, қоидага кўра, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолларда ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш Узбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази рухсати билан амалга оширилади:
  • бошқа давлатларнинг таълим муассасаларида таҳсил олган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўқишини республика ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига кўчириш;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларини ота-оналари билан биргаликда доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетиши муносабати билан ўқишдан четлаштириш;
  • ўқувчиларни бир минтақадаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидан бошқа минтақаларнинг (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига кўчириш;
  • бир ҳудуд доирасида ўқувчиларни бир ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидан турли вазирликлар (идоралар) тасарруфидаги бошқа ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасига кўчириш;
  • ўқувчиларни Таснифлагичга мувофиқ бир билим соҳасидан бошқа билим соҳасига кўчириш.

Ўқувчиларни кўчириш ва қайта тиклаш тўғрисидаги барча аризалар бевосита ўқувчилар ўқиётган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида қабул қилинади.

  • Кўриб чиқиш ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директори ваколатига кирадиган аризалар 20 августга қадар қабул қилинади.
  • Узбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ваколати доирасида кўриб чиқиладиган аризалар 1 августга қадар қабул қилинади ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси томонидан ҳудудий вилоят бошқармаларига юборилади.

Бир таълим муассасасидан бошқасига кўчиришда тақдим этиладиган ҳужжатлар:
  • ўқувчининг ёзма аризаси, ўқувчи вояга етмаган бўлса унинг ота-онасидан бирининг (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) аризаси;
  • таълим муассасасининг номи, мутахассислик, курс, гуруҳ кўрсатилган ҳолда таълим муассасасининг гербли муҳри билан тасдиқланган рейтинг дафтарча нусхаси.

Ўқишни кўчириш тўғрисидаги ариза таълим муассасаси директори, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси ёки Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ариза берилган кундан бошлаб 15 кун мобайнида кўриб чиқилади.

Ўқувчиларни ўқишга қайта тиклаш учун ўқувчи вояга етмаган бўлса унинг ота-онасидан бири (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) четлаштириш сабабларини кўрсатган ҳолда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директори номига ариза бериши керак.

  • Ўқувчини бошқа ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасига ўқишга қайта тиклашда у олдин ўқиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг розилиги талаб этилмайди.
  • Ўқувчи олдин ўқиган тайёрлов йўналиши тўхтатилган бўлса, унинг хоҳишига кўра турдош тайёрлов йўналишига ўқишни тиклаш мумкин.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ўқувчилари қуйидаги ҳолларда ўқишдан четлаштирилади:
  • саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) академик таътил олганда;
  • ўқиши бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;
  • доимий яшаш учун бошқа давлатга чиқиб кетганда;
  • суднинг қарори билан озодликдан маҳрум этилганда;
  • вафот этганлиги сабабли.

Chat