Ҳуқуқий ахборот - ҳаммага, ҳар доим, ҳамма жойда!

  • 7934 марта ўқилди

1-савол: Жорий этилган карантин чоралари қанчалик қонуний?

Жавоб: Мамлакатимиздаги карантин чора-тадбирлари қатьий равишда амалдаги қонунчилик доирасида жорий этилган.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси санитария-карантин назоратини амалга ошириш ва чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш йўли билан таъминланади.

Чекловчи тадбирлар (карантин) — юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлардир.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирлар билан ҳам таъминланиши мумкин.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги талабларни белгилайдиган ҳужжатлар давлат органлари ҳамда бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши шарт бўлган ҳужжатлардир. 

Кўпчилик юртимизда карантин амал қилмаяпти, деган фикрга бориб, уни фақатгина ҳаракатланиш ёки хўжалик фаолиятига тўлиқ тақиқ ўрнатишдан иборат, дея тасаввур қилмоқда. 

Бироқ, аслида бундай эмас. Республикамизда карантин эълон қилинган, унинг аниқ чегаралари ва чекловларнинг тавсифи мавжуд бўлиб, улар эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб жорий этилади ёки бекор қилинади. Масалан, 16 мартдан бошлаб барча таълим муассасалари ёпилган. 

2-савол: Карантин чораларининг Махсус комиссия томонидан жорий этилиши қанчалик қонуний?

Жавоб: Карантин чораларининг Махсус комиссия томонидан жорий этилиши қонуний асосга эга. Чунки, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий соҳадаги ваколатларига соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий ёрдамнинг сифати, самарадорлиги ва ҳамма учун очиқлигини ошириш, аҳоли соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи принципларини жорий этиш, шунингдек санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш киради.  

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигидаги Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сон фармойиши  билан ташкил этилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойишига мувофиқ, Махсус комиссиянинг асосий вазифаларидан бири этиб, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтириш ҳамда беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган профилактик ва эпидемиологияга қарши комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Мазкур масалада ягона сиёсат амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

3-савол: Нима учун Махсус комиссиянинг қарорлари тўлиқ кўринишда эълон қилинмаяпти?

Жавоб: Махсус комиссия қарорлари баённома кўринишида расмийлаштирилади. Бундан олдинги саволларга жавобларда қайд этилган асосларга мувофиқ, Комиссия барча ваколатларга эга. 

Ёдда тутиш лозимки, Махсус комиссия юз бераётган ҳодисаларга нисбатан тезкор жавоб бериш мақсадида ташкил этилган. Зарур бўлганда эпидемиологик вазият ўзгариши натижасида юзага келаётган комплекс масалаларни ечиш ва уларга жавоб бериш, жумладан, муаммоларни турли хусусиятга эга бўлган махсус механизмларни ишга солиш орқали ҳал этиш билан боғлиқ кечиктириб бўлмайдиган қарорларни қабул қилишга тўғри келади. Шу муносабат билан Махсус комиссия томонидан қабул қилинаётган қарорлар тўлиқсиз кўринишда эълон қилиняпти. 

Шу билан бирга ушбу қарорларнинг аҳоли ва юридик шахсларга тааллуқли қисмлари Махсус комиссиянинг расмий баёноти тарзида эълон қилинмоқда.

Мазкур ахборот ҳар куни аҳоли билан мулоқот қилиш мумкин бўлган барча алоқа каналлари орқали тарқатилмоқда. Марказий телеканаллар орқали тўғридан-тўғри жонли эфирга узатилаётган ва йирик ижтимоий тармоқлар саҳифаларида трансляция қилинаётган кундалик брифинглар қабул қилинаётган қарорларни тушунтиришга қаратилган. Ҳар бир қарор ихтисослашган мутахассислар томонидан содда тилда тушунтириб борилмоқда. 

Бундан ташқари, Комиссиянинг барча қарорларини тарғиб қилишга Махсус комиссия ва барча давлат органлари улкан саъй-ҳаракатлари сафарбар қилишган. 

4-савол: Махсус комиссиянинг қарорлари қонуний кучга эгами?

Жавоб: “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий соҳадаги ваколатларига соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий ёрдамнинг сифати, самарадорлиги ва ҳамма учун очиқлигини ошириш, аҳоли соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи принципларини жорий этиш, шунингдек санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш киради.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигидаги Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сон фармойиши билан ташкил этилган. 

Ушбу фармойишга мувофиқ, Махсус комиссиянинг асосий вазифаларидан бири этиб, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтириш ҳамда беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган профилактик ва эпидемиологияга қарши комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Мазкур масалада ягона сиёсат амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Шундан келиб чиқиб, Махсус комиссия қарорлари қонуний ҳисобланади.

5-савол: Одамларнинг транспортда, велосипедлар (скутерлар)да, пиёда ҳаракатланишига оид чекловлар ўрнатилиши қанчалик қонуний?

Жавоб: Аҳоли ва транспорт ҳаракатланишига оид чекловларни ўз вақтида ўрнатмай, вируснинг назорат қилиб бўлмайдиган даражада тарқалиб кетишига йўл қўйган ва натижада карантин муддатини узайтиришга мажбур бўлган хорижий мамлакатларнинг аччиқ тажрибасидан кузатаётганимиздек, бу кўплаб одамларнинг нобуд бўлишига ва катта иқтисодий зарар кўришига олиб келмоқда.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси санитария-карантин назоратини амалга ошириш ва чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш йўли билан таъминланади.

Чекловчи тадбирлар (карантин) — юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлардир.

Қонуннинг мазкур моддаси аҳоли, жумладан транспорт воситалари ҳаракатланишини чеклашга рухсат беради. 

“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ транспорт воситаси – бу одамларни, юкларни ташишга ёки махсус ишларни бажаришга мўлжалланган қурилмадир.

Демак, ваколатли органлар карантин даврида ҳаракатланиш, жумладан пиёда сайр қилиш ҳамда скутер ва велосипедларда ҳаракатланишга оид чеклов чораларини белгилаши мумкин. 

Бундан келиб чиқадики, аҳоли ва автотранспорт ҳаракатланишига оид чекловлар жорий этилиши нафақат қонуний, балки фуқароларнинг яшаш ва соғлиқни сақлашга оид ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам ўзини оқлайди. Бу чоралар, шунингдек, иқтисодий жиҳатдан ҳам ўзини оқлайди, чунки вирус тарқалишини қанчалик тез назоратга олсак, бозор учун ноқулай шароитлар юзага келиши туфайли узилган иқтисодий муносабатларни шунчалик тез тиклашга муваффақ бўламиз.

6-савол: “Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи қандай ҳуқуқий асосга эга, у нимани кўзда тутади?

Жавоб:  “Карантин” ёки бошқача айтганда “чекловчи тадбирлар” – юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлардир (“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонун).

Чекловчи тадбирлар (карантин)ни ўтказиш тартиби ва муддати Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади. 

Президент фармойиши билан (Ф–5537-сон, 29.01.2020 й.) Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Махсус республика комиссияси тузилди.

Ҳукумат қарори билан (176-сон, 23.03.2020 й.) Махсус комиссия карантин ёки чекловчи тадбирларни киритиш бўйича ваколатларга эга бўлди. 

Махсус комиссия вазият таҳлилидан келиб чиқиб, босқичма-босқич у ёки бу чекловчи тадбирларни жорий этиб бормоқда, масалан халқаро, вилоятлараро ва туманлараро ҳаракатланишни, айрим ташкилотлар фаолиятини, тадбирлар ва мажлислар ўтказилишини чекламоқда. 

Ўз навбатида, “ўзини яккалаш” – бу алоҳида чора эмас, балки чекловчи тадбирлардан бири, яъни карантин чорасидир. “Ўзини яккалаш” ҳатто инсон ўзини соғлом ҳис қилган тақдирда ҳам бошқа одамлар билан алоқани чеклаш ёки иложи борича камайтиришни кўзда тутади. 

Карантин пайтида беморлар тиббий ёки махсус муассасаларда тиббиёт ходимлари кузатуви остида бўлсалар, соғлом кишилар ўзини яккалашлари лозим. Масалан, улар (1) кўчага чиқмаслиги, (2) бунга зарурат туғилганда ижтимоий масофа сақлаши, ниқоб тақиб юриши, (3) уйда ёки ишда бўлса, бошқа шахслар (ҳамкасблар, бирга яшайдиган оила аъзолари) билан алоқани чеклаши, яъни ижтимоий масофани сақлаши  ва ҳоказоларга риоя қилиши лозим. 

Айрим чекловчи тадбирларнинг ўз вақтида киритилиши (транспорт ҳаракатини чеклаш, жамоат жойларини ёпиш, мажбурий равишда ниқоб тақиш ва ҳоказолар) Ўзбекистонда COVID-19 оммавий тарқалишининг олдини олиш имконини берди. Бошқа мамлакатлар ҳақида бундай деб бўлмайди. Италия ва Испанияда қатъий чеклов чоралари киритилгач, вазият аста-секинлик билан яхшиланиб бораётгани ҳақида хабарлар берилди. 

Бироқ таҳлиллар кўрсатишича, айрим чеклов тадбирлари жорий этилгандан кейинги аниқланаётган коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари ҳамкасблар, оила аъзолари орасида учрашда давом этмоқда, чунки мазкур доирада етарли хавфсизлик чоралари кўрилмаяпти. Шу муносабат билан зарарланиш ёки аксинча бошқаларга юқтириш хавфини минимал даражага тушириш мақсадида “ўзини яккалаш” чораларига амал қилиш керак. 

“Ўзини яккалаш”га карантин чораларидан алоҳида қараш ярамайди, у карантиннинг таркибий қисми ёки бир кўриниши ҳисобланади ва бунда “ўзини яккалаш”га оид муносабатлар карантин қоидалари билан бир хил тарзда тартибга солинади. 

Ижтимоий тармоқлардаги айрим “экспертлар” карантин тадбирларининг ҳуқуқий табиати тўғрисида ёлғон хабарлар тарқатмоқда. Бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва Ўзбекистон аҳолисини чалғитмоқда. Бундай ҳаракатлар жавобгарликни, ҳаттоки жиноий жавобгарликни келтириб чиқарувчи жиддий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолананиши мумкин.

Шу муносабат билан ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар маъмурлари ва модераторлари, шунингдек блогерлар бундай муаллифларнинг фаолиятини чеклашга ёрдам бериши ва ёлғон хабарлар тарқатиш учун минбар яратиб бермасликлари мақсадга мувофиқ саналади. 

7-савол: Фуқароларни “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига риоя қилишга мажбурлаш қанчалик қонуний?

Жавоб: “Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига оид ҳуқуқларини чеклайди, бироқ бу чекловлар Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тўлиқ мувофиқ бўлиб, коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида юзага келган хатарларга мутаносибдир

Конституциянинг 20-моддасига мувофиқ, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт. 

Конституциянинг 28-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга, қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир, деб белгилаб қўйилган. 

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишини кўзда тутувчи чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилиши мумкин. 

Конституциянинг 54-моддасида мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт. 

Бундан ташқари, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, фуқаролар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши ҳамда бошқа фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ва қулай яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлувчи ҳаракатларга йўл қўймаслиги шарт.

Шу билан бирга, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қонунда кўзда тутилган ва давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби, аҳолининг соғлиги ёки аҳлоқи ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофазаси учун зарур бўлганда  айрим ҳуқуқларни чеклашга йўл қўяди.

8-савол: Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига риоя қилишни талаб қилишга ҳақлими?

Жавоб: “Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи “Аҳолининг санитария-эпидемологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонун ва Ҳукуматнинг 176-сон қарорига мувофиқ жорий этилгани боис, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айнан ички ишлар органлари “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, фуқаролардан қонунчиликка риоя қилишларини, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда уларни мажбурлаш чораларини қўллаш ҳуқуқига эга. 

9-савол: Махсус комиссиянинг қарорлари асосида жаримага тортиш қанчалик қонуний?

Жавоб: Фуқаролар карантин тадбирлари ва санитария қоидаларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга мувофиқ жаримага тортиладилар. 

Шу билан бирга, “Аҳолининг санитария-эпидемологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари давлат органлари ҳамда бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши шарт бўлган аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги талабларни белгилайдиган ҳужжатлардир. 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси иккинчи қисмида белгиланганидек, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш  тегишли равишда жавобгарликка тортилишга олиб келади. 

Вазирлар Маҳкамасининг 176-сон қарорида кўзда тутилганидек, Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади. 

Шу билан бирга, МЖтКнинг 1-моддасига мувофиқ, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нафақат мазкур Кодекс, балки Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат эканлигини таъкидлаб ўтиш, мақсадга мувофиқ.  

Юқорида айтиб ўтилганлар асосида мазкур Комиссия қарорлари талабларини бузаётган шахсларни жавобгарликка тортишнинг қонунийлиги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосланганлигини, таъкидлаш жоиз.

10-савол: Нима учун фавкулодда ҳолат (вазият) шароитларига ўхшаш чекловлар ўрнатилганига қарамай, фавқулодда ҳолат ўрнатилгани ҳақида расман эълон қилинмаяпти?

Жавоб: Мамлакатимиз Конституциясининг 93-моддаси 19-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти фавқулодда вазиятлар, хусусан эпидемия ҳолати юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади.

Қоида тариқасида, фавқулодда ҳолат режими жорий этилганда, ҳаракатланиш эркинлигига, транспорт воситалари ҳаракатига нисбатан чекловлар ўрнатилади, уларни текшириш кучайтирилади, энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, харид қилиш ва тақсимлашнинг, жамоатчилик тартибини сақлашнинг алоҳида тартиби ўрнатилади ва бошқа чекловлар кучайтирилади. 

“Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат фавқулодда вазият, деб аталади.

Ҳукуматнинг 1998 йил 28 октябрдаги 455-сон “Техноген, табиий ва экологик тусдаги фавқулодда вазиятларнинг таснифи тўғрисида”ги Қарорида эпидемия – алоҳида хавфли инфекцияларга тегишли бўлмаган, юқиш манбаи битта ёки юқиш омили бир хил бўлган одамларнинг гуруҳ бўлиб юқумли касалланишини табиий тусдаги фавқулодда вазиятларга тааллуқли деб белгиланган. Вазирлар Маҳкамаси фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда асосий давлат органи ҳисобланади. 

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, чекловчи тадбирлар (карантин) – юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлардир. 

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда эпидемияга қарши чора-тадбирлар ўтказилмоқда, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • мамлакатимиз ҳудудини санитар муҳофаза қилиш (санитар-карантин назоратини ўтказиш ва (карантиннинг) чекловчи тадбирларини ўтказиш йўли билан таъминланмоқда); 
  • юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида амалга оширилаётган тадбирлар, дезинфекция тадбирлари;
  • мажбурий тиббий текширув ва бошқа тадбирлар. 

Тиббий-профилактика муассасалари ва санитар-эпидемиологик хизмат муассасалари томонидан юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида ўрнатилган тартибда инфекцион ва паразитар касалликлар билан касалланганликда гумон қилинган шахсларни аниқлаш, изоляция қилиш ва касалхонага ётқизиш ҳамда улар алоқа қилган шахсларни лаборатор текшириш ва уларни тиббий кузатишга йўналтирилган тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, юқумли ва паразитар касалликларнинг юқиш йўллари ва омиллари ҳамда уларнинг инсонга зарарли таъсирини бартараф этишини аниқлаш тадбирлари ҳам амалга оширилмоқда. Юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишини олдини олиш, уларни ажратиб қўйиш ва бартараф этиш мақсадида эпидемик кўрсатмалар бўйича дезинфекция тадбирлари амалга оширилмоқда.

Бундан оғир чоралар кўрилаётгани йўқ. Ушбу чоралар эса айнан “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунда кўзда тутилган ҳаракатларга айнан мувофиқдир. 

Қонунчиликда эпидемия юз берганда фавқулодда ҳолат, фавқулодда вазият ёки чекловчи тадбирлар (карантин)ни жорий қилиш кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясига қарши курашда юқоридаги тартиблардан нисбатан энг юмшоғи – чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилди. Чекловчи тадбирлар (карантин)нинг жорий этилиши мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилигига мос келади, COVID-19 га қарши кураш Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуни, давлатимиз Раҳбарининг Фармонлари ва Ҳукумат қарорларига мувофиқ амалга оширилмоқда.

11-савол: Жорий этилган чекловчи тадбирлар фуқароларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва халқаро конвенцияларда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини бузмаяптими?

Жавоб: Биринчи навбатда, шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасига кўра, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Жорий этилган чекловлар Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, жумладан, айнан “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунига тўла мос бўлиб, пировард натижада ҳар бир фуқаронинг ажралмас ҳуқуқи бўлган – яшаш ҳуқуқини (Конституциянинг 24-моддаси) таъминлашга йўналтирилган. 

Аҳоли ва автотранспорт ҳаракатига нисбатан ўрнатилган вақтинчалик  чекловларга келадиган бўлсак, шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир (Конституциянинг 28-моддаси). Ушбу чекловлар, юқорида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини санитар муҳофаза қилиш доирасида жорий этилди ҳамда санитар-карантин назоратини амалга ошириш ва чекловчи тадбирлар (карантин)ни жорий этиш йўли билан таъминланмоқда (“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддаси). 

Бундан ташқари, шуни таъкидлаш керакки, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар  тўғрисидаги Халқаро пактнинг 12-моддасига мувофиқ,  муайян давлат ҳудудида қонуний бўлиб турган ҳар ким ушбу давлат ҳудуди чегарасида ҳаракатланиши ва  яшаш жойини танлашга ҳақли. 

Шу билан бирга, юқорида санаб ўтилган ҳуқуқлар бирор бир чекловлар объекти бўла олмайди. Давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби, аҳолининг саломатлиги  ёки ахлоқини ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлган қонунда кўзда тутилган чекловлар бундан мустасно бўлиб, улар ушбу Пактда эътироф этилган бошқа ҳуқуқларга мос келади. 

Шу боис, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, пандемия туфайли ўрнатилган чекловлар фуқароларнинг Конституция ва халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди, аксинча, улар ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашга қаратилгандир. 

12-савол: Карантинга жойлаштирилган шахслар телефонларининг олиб қўйилиши нечоғлик қонунга тўғри келади?

Жавоб: Шуни қайд этиш керакки, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 32-моддасига мувофиқ, юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида даволаш-профилактика ҳамда санитария-эпидемиология хизмати муассасалари томонидан қуйидагиларга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган тартибда ўтказилади:

  • юқумли ва паразитар касал деб гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш, ажратиб қўйиш ва касалхонага ётқизишга, шунингдек улар билан мулоқотда бўлган шахсларни лаборатория текширувидан ўтказишга ва уларнинг тиббий кузатувини олиб боришга;
  • юқумли ва паразитар касалликларнинг юқиш йўллари ва омилларини аниқлаш ҳамда уларнинг инсонга таъсир кўрсатишининг олдини олишга.

Вирусолог олимларнинг қайд этишларича, асосан пластикдан тайёрланган телефонлар ва маълумот тарқатувчи бошқа воситалар ўзида инфекцияни сақлаш ва тарқатиш хусусиятига эга бўлгани боис, уларни карантин ҳудудига олиб кириш санитар қоидаларга зид келади. Чунки инфекция қоғоз ва пластикнинг юзасида энг узоқ вақт – 5 кунгача сақланиб қолади.

Мазкур Қонуннинг юқорида кўрсатилган қоидаларини амалга ошириш ҳамда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бошқа ҳолатларни ва вирус ўчоқларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда карантинга жойлаштирилган коронавирус инфекцияси билан касалланган ёки ушбу инфекция бор деб гумон қилинаётган шахсларнинг мобиль телефонлари, аудио ва видео ёзув ускуналари, кредит карталари ва маълумот тарқатувчи бошқа воситаларини вақтинча олиб қўйишга оид меъёр кўзда тутилган. 

Жаҳон амалиётига назар ташлайдиган бўлсак, Россия, Сингапур, Исроил ва бошқа қатор давлатларда ҳам ҳудди шундай чоралар қўлланилмоқда. Хусусан, Россияда карантинга жойлаштирилган шахслар мулоқотда бўлган бошқа шахслар ва улар борган масканларни аниқлаш мақсадида телефонлардаги GPS-функцияси маълумотларидан фойдаланиш амалиёти кенг қўлланилади. 

Айни дамда, шуни эътиборга олиш керакки, айрим ҳолларда карантинга жойлаштирилган шахслар ўзлари мулоқотда бўлган шахсларни ошкор этишмайди ёки уларни унутиб қўйишади. Ўзбекистонда ушбу вирусни биринчи бўлиб юқтириб олган шахс билан боғлиқ ҳолат бунга яққол мисол бўла олади. 

Ушбу омилни ҳисобга олган ҳолда, вақтинча олиб қўйилган нарсалар фақат мазкур шахснинг касалланган даврида мулоқотда бўлган бошқа инсонларни ва ташриф буюрган жойларни аниқлаш мақсадидагина ўрганилади. 

Вақтинча олиб қўйилган нарсалар уларнинг эгаларига тиббиёт муассасасидан чиқиши билан уларнинг ўзларига ёки қариндошлари ёҳуд вакилларига қайтарилади. 

Вақтинча олиб қўйилган нарсаларни сақлаш тегишли тиббиёт муассасалари ҳамда ички ишлар, Миллий гвардия органларининг бўлинмалари билан ҳамкорликда ташкиллаштирилади. 

Бундан ташқари, ушбу чеклов жисмоний шахсларнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни ҳимоя қилиш имконини ҳам беради. Айрим ҳолларда ижтимоий тармоқларда карантин жойларига тааллуқли видео ва фотолар тарқалмоқда. Кўплаб постлар ва роликларда коронавируснинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар, хориждан келган фуқароларни сақлаш шароитлари тўғрисида ёлғон маълумотлар тақдим этилмоқда. Шу билан бирга ушбу муассасаларга жойлаштирилган бошқа шахсларнинг шахсий маълумотларини муҳофаза қилиш бўйича қонуний чекловларга риоя қилинмаяпти. 

Қонунга кўра, жисмоний шахсларнинг шахсга доир маълумотлари сир сақланадиган маълумотлар саналади. Ёлғон маълумотлар ва субъектив баҳолар аҳоли ўртасида ваҳима ёки турли асоссиз миш-мишларнинг пайдо бўлишига олиб келади, бу эса, ўз-ўзидан аҳолининг онгли равишда у ёки бу ҳаракатни содир этишига таъсир кўрсатади. 

Ана шулар ҳамда ушбу вақтинча чекловларнинг ўринли эканлиги боис, уларга тушуниш билан ёндашиш лозим. Пировардида, бундай тадбирлар фақат аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учунгина амалга оширилмоқда.

13-савол: Мажбурий даволаш чоралари нечоғлик қонуний ҳисобланади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 29-2-моддасига асосан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси 30 суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ижро этилади.Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг ижроси давлат санитария назорати, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар ва Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланади.

Ушбу талабларни бажармаганлик учун маъмурий ва жиноий  жавобгарлик белгиланган (Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 54-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 257-1-моддаси).

Маълумот учун: Ушбу тартиб  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида  кўзда тутилган. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига мувофиқ (Ф-5537-сон 29.01.2020 й.), коронавирус инфекцияси ва бошқа ўткир респиратор кассалликлар бор деб гумон қилинаётган шахсларни  мажбурий диагностикадан ўтказиш белгиланган. 

14-савол: Фуқаролар карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий жазо тайинлаш тўғрисидаги қарордан норози бўлсалар, судга мурожаат қилишлари мумкинми?

Жавоб: Қонунчиликка мувофиқ, фуқаро ўрнатилган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин. 

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди  Президиумининг қарорига асосан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида фуқаролар ҳужжатларини судга фақат электрон шаклда ёки почта орқали тақдим этишлари тавсия этилган. 

Бундан ташқари, судларга шошилинч ишлар (қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, фуқароларни тиббиёт муассасаларига жойлаштириш, маъмурий қамоққа олиш, фуқароларни руҳий касалликлар муассасасига мажбурий  жойлаштириш (у ерда бўлиш муддатини узайтириш), фуқароларни сил касалига қарши муассасага мажбурий жойлаштириш (у ерда бўлиш муддатини узайтириш), фуқароларни муомала лаёқатини белгилаш (муомалага лаёқатли деб топиш) ҳамда буйруқ тартибида иш юритишни ҳал қилишга доир ишларни кўриб чиқиш тайинланган. 

15-савол: Карантин даврида фуқаролар адвокатлик хизматларидан қай йўсинда фойдаланишлари мумкин?

Жавоб: Фуқаролар карантин даврида санитар қонунчилик меъёрлари ёки  эпидемияга қарши кураш қоидаларига риоя этган ҳолда, адвокатлик хизматларидан фойдаланишлари мумкин. 

Таъкидлаш жоизки, суд-тергов органлари томонидан адвокатларнинг ўзларининг автотранспорт воситаларига ҳамроҳлик қилган ҳолда суд-тергов тадбирларида иштироки таъминлаб берилмоқда, шунингдек Адвокатлар палатаси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларига автотранспорт воситаларини бошқариш учун тегишли рухсатномалар (стикерлар) тақдим этилган. 

Бундан ташқари, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатнинг шошилинч иштирокини таъминлаш  мақсадида  зарур ҳолларда, адлия органлари томонидан хизмат автотранспорт воситалари билан таъминланади.

16-савол: Короновирусга қарши курашган тиббиёт ходимларига  қўшимча ҳақ тўланади деб эшитдим, ушбу қўшимча ҳақнинг миқдори қанча?

Коронавирусдан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:

  • врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга –15 миллион сўм;
  • кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм;
  • бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.

17-савол: Ижтимоий тармоқларда коронавирус билан боғлиқ бўлган расмий тасдиғини топмаётган хабарлар чиқиб турибди. Ёлғон хабар тарқатганга жазо борми?

Карантин шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш – 44 млн 600 минг сўм миқдорда жарима, 300 соатгача  мажбурий жамоат ишлари ва 2 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Мазкур маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўрайтирилган матнда ёҳуд ОАВ, шунингдек Интернет орқали тарқатиш -  44 млн 600 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача жарима, 300 соадан 360 соатгача  мажбурий жамоат ишлари 2 йилдан 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари 3 йилгача озодликни чеклаш ва 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.

18-савол: Коронавирус инфекцияси билан зарарланган ходим ишга бормаса, ушбу ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бир томонлама бекор қилиниши мумкинми?

Мумкин эмас. Яъни, коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланиши белгиланди.

19-савол: Шароит тақазоси туфайли бир кунда кўплаб савдо марказлари ва супермакетларга ташриф буюраман. Навбат хосил бўлганлиги сабабли кўпинча ишларимни якунлолмайман. Ҳар битта шахсни кўрикдан ўтказиш тўғрими?

Йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларининг (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланган.

Бунда ушбу мажмуаларга ташриф буюраётган ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчанади ҳамда 37 С ва ундан юқори бўлганда, мазкур фуқаролар ушбу мажмуаларга киритишга йўл қўйилмайди. Бунда ушбу фуқароларга зудлик билан тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат этиш тавсия этилади.

20-савол: Шаҳарда яшайман. Айланишга кўчага чиққандим, ички ишлар ходимлари кўчада мақсадсиз юрганлик учун жавобгарлик белгилади. Бу тўғрими?

Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказлари, Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларида фуқароларнинг уйдан кўчага бемақсад ва сабабсиз чиқмасликлари учун мажбурий равишда “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи жорий этилган.

Унга кўра, шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун, шифокор кўригига мурожаат этиш ва ишга боришдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади.

21-савол: Ходим масофавий ишга ўтказилса, карантин тугагач меҳнат таътилидан фойдаланса бўладими?

Ходим масофадан ишлаш усулига ўтказилганда меҳнат таътили саланиб қолади. Яъни, карантин тугагач меҳнат таътилидан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, ходимнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақлаб қолинади.

22-савол: Карантин вақтида бериладиган меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси миқдори қанча?

Карантин эълон қилинганда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси берилиши мумкин. (Меҳнат кодекси 285-модда). Меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг 60 фоизидан 100 фоизигача миқдорда тўланади.

Шунингдек, Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.

23-савол: Карантин қоидаларига амал қилишни талаб қилган ўз хизмат вазифасини бажараётган шахсларга нисабатан куч ишлатганлик учун қандай жавобгарлик мавжуд?

Ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсларга нисбатан ноқонуний ҳаракатларни содир этиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Хусусан, бундай шахсларга нисбатан қуйидаги ҳаракатларни  содир этиш, яъни:

  • қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этиш – 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан;
  • қасддан баданга оғир шикаст етказиш – 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;
  • қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш – 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;
  • ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш – 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;
  • ҳақорат қилиш – БҲМнинг 400 бараваридан (89 млн 200 минг сўм) 600 бараваригача (133 млн 800 минг сўм) миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

24-савол: Мен Тошкент шаҳрида истоқомат қиламан. Уйимда ит ва мушук боқаман. Карантин даврида уларни уйдан олиб чиқишим мумкинми?

Республика махсус комиссияси қарори билан Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида уй ҳайвонлари (уй итлари)ни уйдан 100 метр атрофида кунига бир маротаба сайр қилдиришга рухсат берилади.

25-савол: Карантин ҳудудидан қочиб кетганлик учун қандай жазо бор?

Карантин даврида карантинни ўташ учун белгиланган жойларни карантин муддати тугамасдан ўзбошимчалик билан тарк этиш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳисобланади. Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш фуқароларга 4 млн 460 минг сўмадан 6 млн 690 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 6 млн 690 минг сўмдан 11 млн 150 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қочиб кетиш натижасида одамларнинг оммавий кассаланишининг реал хавфи вужудга келса ёки оммавий касалланса ёхуд одам ҳалоқ бўлса шахс жиноий жавобгарликка тортилади.

26-савол: Карантин доирасида автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ёпилади деган гаплар тўғрими?

Бу маълумот ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди.

Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ушбу маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

27-савол: Ниқоб тақмаганга жарима миқдори қанча?

МЖтК нинг 54-моддасига асосан жамоат жойларида ниқобсиз юриш 1 млн 115 минг сўм миқдорда жарими солишга сабаб бўлади.

28-савол: Ички ишлар ва миллий гвардия ходимларининг хусусий автомобил ҳайдовчисига ниқобини тақиб юришини талаб қилиши қанчалик қонуний?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 258-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, Давлат хавфсизлик хизматининг ва Миллий гвардиясининг санитария назоратини амалга оширувчи тиббий хизматларига ушбу Кодекснинг 53, 54, 55-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар (шу жумладан, санитария-гигиена қоидаларини ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш нормаларини бузганлик) тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.

Шунга кўра, ушбу орган ходимлари ниқоб тақиб юришни талаб қилишга ҳақли.

29-савол: Карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди дейилаяпти, нима ўзгарди, илгари қанақа эди?

Хусусан, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида давлат санитария назорати органларининг:

• тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш;

• карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ҳамда ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик;

• касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ҳамда бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаганлик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса, бунинг учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. (Ҳозирга қадар ушбу муддат 3 йилгача бўлган). Агар ўша ҳаракатлар одамнинг ўлимига сабаб бўлса, озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати 5 йилдан 7 йилгача этиб, бир қанча  одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, – 7 йилдан 10 йилгача этиб белгиланди. (Илгари ушбу муддатлар тегишлича 3 йилдан 5 йилгача ҳамда 5 йилдан 8 йилгача бўлган).

30-савол: Карантин (чекловчи тадбирлар) нима дегани ўзи?

Чекловчи тадбирлар (карантин) — юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлардир.

31-савол: Карантин тадбирларини кимлар белгилайди?

Чекловчи тадбирлар (карантин) ўтказиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Ҳукумати, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади.

32-савол: Ходим карантиндан олдин меҳнат таътили олган бўлса ёки карантин даврида меҳнат таътилини олишни ҳохламаса, нима бўлади?

Бунда иш берувчи ва ходимнинг келишивига кўра:

  • хоимни масофавий иш усули, мослашувчан иш графиги ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиши;
  • унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши мумкин.

33-савол: Боғча ва мактабнинг бошланғич синфида ўқийдиган болалари бор ходимнинг меҳнат таътили тугаса, аммо бу вақтда боғча ва мактаб фаолиятининг тўхтатилиши давом этса, ходим нима қилиши керак?

Ходим иш берувчининг номига:

-муддати ва санаси кўрсатилган иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил олиш бўйича;

-масофавий иш усули, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиш бўйича ариза беради.

34-савол: Карантин даврида пластик картанинг муддати тугаб қолса, уни банкка бормасдан узайтириш имконияти борми?

Мижозларнинг банк картаси йўқотилганда ёки банк картасининг амал килиш муддати тугаётганда янгисига алмаштириш ёхуд янги банк карталарини очиш борасида тижорат банклари томонидан ушбу масалалардаги мурожаатларни масофадан туриб (онлайн) қабул қилиш имконияти яратилган.

Бунда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар лойиҳаси доирасидаги банк карталари бўйича корхона ёки ташкилотларнинг бош ҳисобчиси ёки корхонанинг ишончли вакили тегишли маълумотлар билан хизмат кўрсатувчи банк филиалига мурожаат қилади.

Аҳолининг шахсий банк карталари бўйича эса, мижоз ахборот коммуникация тизимлари орқали тегишли банкка мурожаат этади. Тижорат банклари тўловларни амалга ошириш учун мижознинг банк картасини мобиль телефон рақамига бириктиради. Картани эмиссия қилган (чиқарган) банк мижозларга етказиб бериш учун почта ёки инкассация хизмати ёхуд бошқа имкониятлардан фойдаланиши мумкин.

35-савол:Боғча ва мактабнинг бошланғич синфида ўқийдиган болалари бор ходимга иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги меҳнат таътили қанча муддатга берилади?

Иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги меҳнат таътилининг муддати боғча ва мактаб фаолиятининг тўхтатилиш муддатидан ошмаслиги керак.

36-савол:Масофадан иш деганда нима тушунилади?

Масофадан иш деганда, ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган меҳнат мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан ташқарида, бевосита ёки билвосита назоратида бўлган доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш усули тушунилади.

37-савол:Ходим масофавиш ишга ўтказилганда ишнинг вақти ва тартиби қандай белгиланади?

Ходим иш вақтининг давомийлиги ва тартибини ишлаб чиқариш топшириғининг ҳажми ва меҳнат шартномасида кўрсатилган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда белгилайди. Иш жадвали тарафлар келишувига биноан белгиланади.

38-савол:Масофадан туриб ишлаётган ходимга иш ҳақи бўйича имтиёзлар белгиланадими?

Масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимланишини ҳисобга олган ҳолда, у томонидан бажарилган ишлар учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Бунда ходимга нисбатан иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилмайди.

39-савол: Масофавий ишга вақтинча ўтказилган ходимнинг иш ҳақи қандай амалга оширилади?

Масофавий ишга вақтинчалик ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг масофавий ишга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда;

меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида — ўрнатилган нархлардан келиб чиққан ҳолда.

40-савол:Ходим меҳнат таътилида ёки масофадан туриб ишлаётган бўлса ва бу вақтда боғча ва умумтаълим муассасалари фаолияти тикланса нима бўлади?

Ходим иш берувчининг номига муддатидан олдин ишга чиқиш бўйича ёзма равишда ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

41-савол: Карантин шароитида тиббий мажбурлов чорасини ким таъминлайди?

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг ижроси давлат санитария назорати органи, ички ишлар ҳамда Миллий гвардия органлари томонидан қўлланилади.

42-савол: Бозорда ишлайман. Ҳар куни бозорни дезинфекция қилишади. Маҳсулотларимни ҳар куни йиғиштиришга тўғри келади. Ҳар куни дезинфекция қилиш тўғрими?

Тўғри. Йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) ҳамда карантин тадбирлари учун ажратилган жойларда дезинфекция ишлари мунтазам равишда мажбурий тартибда амалга ошириб борилади.

43-савол: Машинамда магазинга борган эдим. Йўл-патруль хизмати ходими махсус рухсатнома йўқ деган важ билан машинани жарима майдончасига олиб борди. Бу тўғрими?

Тўғри. Карантин талабларининг ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда махсус рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида истисно тариқасида ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади.

44-савол: Махсус рухсатномасиз машина ҳайдаш қанча миқдордаги жаримага сабаб бўлади?

Карантин даврида махсус рухсатнома олиш талаб қилинган автомашинада махсус рухсатномасиз кўчада ҳаракатланиш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳисобланади. Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш фуқароларга 4 млн 460 минг сўмадан 6 млн 690 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 6 млн 690 минг сўмдан 11 млн 150 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

45-савол:Карантин даврида туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланаётганларга имтиёзлар берилганми?

Туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.

46-савол: Якка тартибдаги тадбиркорман. Карантин даврида менга қандай енгиллик бор?

Карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади.

47-савол: Тадбиркорлик тушуми ўтган ойга нисбатан 50 фоизга камайди. Имтиёзлардан фойдаланишим мумкинми?

Тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади. Тадбиркорлар бу имтиёзлардан солиқ идорасини уйдан туриб хабардор қилиши мумкин.

48-савол: Юридик шахсларга табиий газ ва электр энергияси учун карантин вақтида қандай имтиёзлар мавжуд?

Жорий йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилади.

49-савол: Кредит бўйича ҳам имтиёзлар белгиландими?

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилади. Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди.

50-савол: Божхона соҳаси бўйича имтиёзлар белгиланганми?

Шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.

51-савол: Бола парвариши бўйича нафақа олиш бўйича карантинда қандай енгилликлар белгиланган?

Жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади.

52-савол: Бир танишим тиббиёт ходимларининг тиббий текширувдандан ўтиш тўғрисидаги талабини бижармаганлиги сабабли жаримага тортилибди. Шу тўғрими?

Ҳа тўғри, Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида давлат санитария назорати органларининг:

  • тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш;
  • карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ҳамда ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик;
  • касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, фуқароларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 460 минг сўмдан 6 млн 690 минг сўмгача), мансабдор шахсларга  БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача (6 млн 690 минг сўмдан 11 млн 150 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

53-савол: Карантин даврида иш берувчининг қандай мажбуриятларни амалга ошириши керак?

Карантин (чекловчи тадбирлар) шароитида иш берувчи:

  • ишлаб чиқариш ва санитария-маиший биноларга, ходимларнинг меҳнат қилиш, дам олиш тартибига доир санитария ва гигиена нормативларига риоя этиши;
  • юқумли ва паразитар касалликлар манбаи бўлган,  шахсларни вақтинча ишдан четлаштириши;
  • ходимларнинг ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя этишларини доимий равишда текшириб бориши;
  • ходимга карантин эълон қилинганда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тўлаши;
  • меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларни бузганликда айбдор ходимларни интизомий жавобгарликка тортиши;
  • ходимларнинг шахсий ҳимоя воситаларини олиш, сақлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантиришни ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириши лозим.

54-савол: Карантин даврида ишдан четлатилган ходимга нафақа тўланадими?

Қонунчиликка кўра, агарда ходим карантин вақтида санитария-эпидемиология  органлари томонидан атрофидаги шахслар орқали юқумли касалликка чалиниш хавфини олдини олиш мақсадида ишдан четлатилган бўлса давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа берилади. Бундай нафақанинг энг кам миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.

55-савол: Ишга бориб келишда велосипеддан фойдаланаман. Бир сафар йўл-патрул хизмати ходими мендан меҳнат дафтарчамнинг нусхасини сўради. Бу қонунийми?

Тўғри. Велосипед ёки скутерда бўлган вақтингизда сизнинг ёнингизда паспорт, иш жойининг гувоҳномаси ёки меҳнат дафтарчасининг нусхаси ва айнан шу даврда ишга жалб этилганлингиз тўғрисидаги ташкилот раҳбарининг маълумотномаси керак бўлади.

56-савол: Бугунги кунда бюжет тушумлари нимага ишлатияпти ўзи?

“Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарорига кўра Бюджет тушумлари биринчи навбатда:

  • коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларга, жумладан дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиб олиш, тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш;
  • иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга;
  • озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларни қоплашга;
  • инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг қарорига асосан бошқа тадбирлар ва харажатларга йўналтирилади.

57-савол: Мен айни вақтда АҚШдаман. Виза муддатим тугашига оз қолди. Биламизки, АҚШда миграция масаласи жиддий. Ҳозир мен қандай йўл тутишим керак? Виза муддати тугаса, мамлакатда бўлиш қонунини бузган ҳисобланиб қолмайманми? Бу кейинги сафар мамлакатга киришим учун виза олишимда ўзининг салбий таъсирини кўрсатмайдими?

АҚШда бўлиб турган баъзи Ўзбекистон фуқаролари визалари муддати тугаётгани ва рейслар бекор қилинганини инобатга олиб, Вашингтон шаҳридаги элчихона 2020 йил 17 март куни АҚШ Давлат департаментига Ўзбекистон фуқораларининг виза муддатларини узайтиришда енгиллик бериш, уларнинг мурожаатларини тезлаштирилган тартибда кўриб чиқишни сўраб расмий нота юборган.

Мазкур нота АҚШ Давлат департаменти томонидан кўриб чиқилмоқда, бу масала бўйича ҳали якуний қарор қабул қилинмаган.

58-савол: Карантин ва "ўзини яккалаш" (самоизоляция) — фарқи нимада?

Ўзини яккалаш" — бу карантинга оид чора-тадбирларнинг бир қисми. Карантинга олинган шахслар тиббиёт ёки санитария-эпидемиология ходимларининг доимий кузатуви ва назорати остида бўлади. "Ўзини яккалаш" ҳаёт тарзида эса фуқаро тиббий кузатув ёки назорат остида БЎЛМАЙДИ.

59-савол: Кўчага нонга чиққанимда велосипедимни олиб қўйишди. Қонунан тўғрими шу? Қайтариб олиш тартиби қандай? Автотранспортга ўхшаб жарима пули тўламаймизми?

Хукумат комиссиясининг қарори Ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига карантин қоидаларини бузиб, бемақсад кўчада юрган фуқароларга қатъий чора кўриш ҳуқуқини берган.

Булар ичида:

  • қоидабузарларнинг автотранспорт воситаларини карантин тугагунча жарима майдонларида сақлаш, бунда жарима майдонида сақланаётган транспорт воситасини кунлик тўлови тўлиқ тартибда ундириб олинади;
  • кўчага бемақсад чиққан фуқароларга тегишли велосипед ва скутерларни олиб қўйиб, ички ишлар органларида карантин тугагунча сақлаш, бунда КУНЛИК ТЎЛОВ ЙЎҚ, карантин тугугандан кейин шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат билан келиб олиб кетишингиз мумкин;
  • кўчага бемақсад чиққан пиёда фуқароларни тўхтатиб, уларни огоҳлантириш, улардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини талаб қилиш, ҳужжати бўлмасдан шахсини аниқлашга зарурат туғилса, ички ишлар органларига олиб бориш, қаршилик кўрсатган фуқароларга қатъий ҳуқуқий чоралар кўриш ва хоказо.

60-савол: ФДҲЁ бўлимлари туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома бермаётгани тўғрими?

Бугунги кунда ФҲДЁ органлари томонидан фуқароларни қабул қилиш ходимларнинг навбатчилиги асосида ташкил қилинган. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш ва гувоҳномалар бериш тўхталган эмас.  Туғилиш гувоҳномаси олиш учун ўзингиз доимий яшаб турган ёки бола туғилган жойдаги ФҲДЁ бўлимларига мурожаат қилиб гувоҳнома олишингиз мумкин.

61-савол: Нима учун савдо шахобчалари ёпилаётган даврда спиртли ичимликлар сотувчи шахобчалар фаолият олиб бормоқда, бу зарурий озиқ-овқат эмаску. Шуларни ёпиб қўйсак бўлмайдими?

Агар спиртли ичимликларни ёки сигарет маҳсулотларини савдосини тўхтатиб қўйилса, одамлар бу маҳсулотни уйда қўлбола тайёрлашни бошлайдилар. Бу эса ўз навбатида кўплаб оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

62-савол: Карантин амал қилаётган жойга, янги олиб келинган одамларни киритишаверса, карантин муддати бир-бирига қўшилиб кетавериб, одамлар узоқ вақт карантинда қолиб кетмайдими?

Стационар шароитда шифохона, сиҳатгоҳ, оромгоҳ, профилакторий ва бошқа муассасаларда эпидемик нохуш ҳудудлардан уюшган ҳолда олиб келинган фуқароларимиз учун карантин ўрнатилади. Бир маротаба жойлаштирилган гуруҳ тўлиқ 14 кунлик карантинни ўтаб бўлмагунига қадар, бошқа гуруҳлар ёки шахслар улар орасига қўшилмайди. Карантиндагилар чиқиб кетганидан кейин, ушбу муассасаларда дастлаб дезинфекцион воситалар билан ишлов берилади, маълум вақт экспозиция қилингандан сўнг, яхшилаб тозаланади ва кейин бошқа гуруҳ жойлаштирилиши мумкин.

63-савол: Янги ташкил этилаётган коронавирус шифохоналарига ишлагани бормоқчи бўлганларнинг рўйхатини ким шакллантиряпти?

Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари бу каби рўйхатларни шакллантириб, соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этишади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инновацион Соғлиқни Сақлаш миллий палатаси ҳам бу каби мурожаат қилганларнинг рўйхатини шакллантириб соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этмоқда.

64-савол: Коронавирус сабабли олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг ишга бориши тақиқланган бўлса ҳам, ЖДПИ ректори профессор-ўқитувчиларни ишга келишини талаб қилмоқда, бунга амал қилиш керакми?

Олий ва ўрта махсус вазирининг 2020 йил 27 мартда «Олий таълим муассасаларида масофавий таълимни жорий этиш тўғрисида»ги №233-сонли буйруғи қабул қилинган.

Республика олий таълим муассасаларида талабалар учун масофавий таълимни олий таълим муассасаси (бакалавриат таълим йўналиши, магистратура мутахассислиги) хусусиятига мувофиқ метод ва технологияларда жорий этилади ва шу асосида ўқитиш ташкил этилади.

Тасдиқланган режа-графиклар асосида фанларнинг электрон ўқув ресурслари ишлаб чиқилади ҳамда масофавий таълим платформасига жойлаштириб борилади. Масофавий фаолият профессор-ўқитувчилар томонидан махсус режа ва дастур, график асосида  бажарилади.

65-савол: Мен битирувчи курс талабасиман. Бизнинг амалиётимиз якуни етмай қолди. Карантин даври тугагандан кейин амалиётимизни давом эттирамизми? Битирув ишларимиз нима бўлади? Диплом олишимиз кечикадими?

Битирувчи курс талабалари ўқув машғулотлари деярли якунланганини инобатга олиб, якуний давлат аттестациясини давлат имтиҳони шаклида (онлайн тест синовлари, онлайн ҳимоя ва бошқа шаклларда) ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Талабалардан асосий талаб — карантин қоидаларига амал қилган ҳолда уйда кўпроқ китоб ўқиш ва ўқув режасидаги фанларни мустақил ўзлаштиришдир.

66-савол: Мен Россия Федерациясида тиббиёт таълим йўналишида ўқийман. Хабаримиз бор, 16 мартдан Ўзбекистонда карантин эълон қилинди. Бу ердаги ўзбекистонлик талабалар билан мурожаат килишга қарор қилдик. Ҳозир бу ерда ҳам касаллар бор. Биз ўқишимизни Ўзбекистонга қўчирмоқчимиз. Шунга ёрдам беришингизни сўраймиз!

Талабаларни ўқишларини кўчириш бўйича комиссия июль ойининг 15 санасидан фаолиятини бошлайди. Ўша вақтдан бошлаб фуқаролар ариза билан муржаат қилишлари мумкин.

67-савол: Агар бошқа вилоятда яшайдиган яқин қариндошларининг, масалан ота-онасининг дафн маросимига бориш зарур бўлса, қандай йўл тутиш керак?

Афсуски, қанчалик оғир бўлмасин, ўрнатилган чеклов барчага истисносиз тааллуқли бўлиб, бошқа вилоятда бўлган яқин қариндошларингизнинг дафн маросимида қатнашиб бўлмайди.

68-савол: Тиббиёт муассасасидан уйига жавоб берилган фуқарони бир вилоятдан бошқа вилоятга олиб ўтиш қандай бўлади?

Агар оғир касал бўлган фуқарони, масалан Тошкент шаҳридан ўзининг доимий яшайдиган бошқа вилоятига олиб бориш зарур бўлса, унинг хақиқатдан ўша вилоятда рўйхатда турганлигини исботловчи паспорти ва соғлиқни сақлаш ходимларини тегишли хулосаси асосида постлардан олиб ўтилиши ва уйига элтиб қўйиш мумкин.

Касални уйига олиб борган фуқаро, карантин чекловлари тугамагунча ортга қайтолмайди.

69-савол: Озиқ-овқат дўконлари ҳам дезинфекция қилинадими? Агар дезинфекция қилинса маҳсулотлар мазаси ва сифати ўзгармаслигига ким кафолат беради?

Озиқ-овқат маҳсулотлари дўконларида хам зарарсизлантириш ишлари олиб борилади. Маҳсулотлар ифлосланмаслиги учун улар албатта ўрамларда бўлиши шарт.

Ўрами бузилган ва очиқ ҳолатда сақланаётган махсулотларни клеёнка, целлофан ва бошка зарарсизлантирувчи эритмаларни ўтказмайдиган воситалардан фойдаланиш талаб этилади.

70-савол: Коронавирус билан шифохонадан чиққандан кейин уйда нималарга риоя қилиш керак?

Бемор шифохонадан чиққандан кейин шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиши, яъни кўлни тез-тез ювиши, хонани шамоллатиб туриши ва уйда одамларни ортиқча йиғилишига йўл қўймаслик, тиббий ходимлар кузатувида бўлишлари ва улар тавсияларига риоя эишлари керак.

71-савол: Карантин режими вақтида почта орқали маҳаллий пул ўтказмалари хизмати ишлаяптими? Қандай тартибда ишламоқда бу бўйича аҳолига қандай имкониятлар яратилмоқда?

Почта орқали маҳаллий пул ўтказмалари хизмати ишламоқда. Карантин вақтида Почта алоқаси орқали маҳаллий пул ўтказмалари тарифлари 50% гача арзонлаштирилди.

Аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти 2020 йил 30 апрелгача махсус акциялар эълон қилиб, шу асосда ишларни ташкил қилмоқда. «Ўзбекистон почтаси» АЖ бошқа давлатлардан барча турдаги почта жўнатмаларини санитария-эпидемиологик жиҳатдан хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўрган ҳолда қабул қилмоқда ва юбормоқда.

72-савол: Цехимиз тайёр кийим маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Ҳозирда тиббиёт ниқобларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ниқоб ишлаб чиқармоқчимиз. Бунинг учун махсус рухсатнома олишимиз керакми ёки қандай талаблар мавжуд?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 20 мартдаги 114-сон “Тиббий буюмлар рўйхатига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги буйруғи давлат рўйхатидан ўтказилган.

Унга кўра, тиббиёт ниқоблари Тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилди.

Эндиликда, тиббий ниқобни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ҳамда уни реализация қилиш учун лицензия талаб этилмайди.

73-савол: Карантин холатда фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия муддатини қандай узайтирса бўлади?

Тиббий ҳамда фармацевтика фаолиятларига  2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб лицензия бериш, амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш, янги лицензия битими имзолаш тўғрисидаги аризаларни (янги ташкил этилаётган фармацевтика корхоналарига дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш учун лицензия бериш бундан мустасно) қабул қилишни 2020 йилнинг 1 майига қадар тўхтатилди.

Бунда, тиббий ва фармацевтика фаолиятларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳамда лицензияни қайта расмийлаштириш талаб этиладиган лицензияларнинг амал қилиш муддати ариза бериш муддатини инобатга олган ҳолда 2020 йилнинг 1 июлига қадар, этиб белгиланди.

74-савол: Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча олиб кирилган хорижий автотранспорт воситаларининг вақтинча бўлиш муддати ўтиб қолса, нима қилиш мумкин?

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 мартдаги йиғилиш баёни асосида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиб, 2020 йил ҳисобидан қайтариб олиб чиқиш муддати тугайдиган енгил хорижий автотранспорт воситаларига, божхона органларига мурожаат қилган тақдирда, истисно тариқасида йиғимлар ҳисобланмасдан ҳамда божхона қоидалари бузилиши ҳолатлари юритилмасдан жорий йил 1 июнига қадар республикадан олиб чиқилишига рухсат берилди.

75-савол: Республика ҳудудига олиб кирилаётган озиқ-овқат ва дори воситаларини божхона расмийлаштирувида қандай ўзгаришлар бўлди?

Божхона чегараси орқали ўтказилаётган зарур дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган материаллар ва субстанцияларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича божхона божларидан имтиёзлар берилиши назарда тутилди.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясига айрим тайёр дори воситалари ва тиббий буюмларга уч ойгача бўлган муддатга қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз амал қилиши тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди. Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона чегараси орқали ўтказилаётган зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари, тиббий буюмлар «яшил» йўлак тизимида соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштируви амалга оширилмоқда.

76-савол: Мен уй карантинидаман. Карантиндан кейин қандай чоралар кўзда тутилган? Карантин даври тугаганидан сўнг рухсат бериш жараёни тартиби ҳақида маълумот берсангиз?

14 кун давом этадиган изоляция ҳолатидан кейин, касаллик аломатлари йўқлиги тасдиқлангач, яъни изоляциянинг 10-кунида олинган лаборатория таҳлилларининг манфий натижаларига асосан, якунига етади.

77-савол: Карантин даврида айрим хусусий мактаб ўқитувчиларига қийин бўлмоқда, уларга ойлик маош берилмаяпти. Мактаб раҳбарияти бунга сабаб қилиб ота-оналар фарзандлари учун тўлов қилишга норози эканликларини айтишмоқда. Бу ҳолда нима қилиш лозим?

Нодавлат таълим ташкилотларида бундай масалалар таъсисчи томонидан ҳал қилинади.

Бундан ташқари, таълим ташкилоти ва педагог ходим ўртасида тузилган шартномада форс-мажор ҳолатларида, хусусан карантин даврида қандай ҳаракатланиш кўрсатилган бўлиши керак. Агар шартномада бундай ҳолат назарда тутилмаган бўлса, карантин даврида таълим жараёни тўхтатилганлиги ва таълим олувчиларга таътил берилганлигини инобатга олиб,  томонлар ўзаро келишиб олишлари лозим.

Чунки педагог ходимга тўланадиган пул маблағлари таълим олувчилар томонидан шартнома асосида тўланадиган бадал тўловлари ҳисобидан шакллантирилади. Бундай вазиятларда агар таъсисчининг тўлов қобилияти бўлмаса, меҳнат шартномаси асосида ишлаётган педагог ходимга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш, агар ходим фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишлаётган бўлса шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали масалани ҳал этиш мақсадга мувофиқ.

 Шунингдек, айрим хусусий таълим муассасалари томонидан шу мактабда фаолият олиб борувчи ўқитувчилар томонидан масофавий дарслар ўтилмоқда ва бунинг учун уларга хусусий мактаб раҳбари томонидан ойлик маош тўланмоқда. Шу сабабли ота-оналар фарзандининг бадал тўловини тахминан 50 фоизини тўлашмоқдалар.

Бу ҳозирги даврда энг оптимал вариант эканлигини инобатга олиб, барча хусусий мактаблар ушбу тизимни жорий этиши мақсадга мувофиқ.

78-савол: “Карантин сентябргача чўзиларкан”, “30 майгача давом этаркан” деган хабарлар ижтимоий тармоқлар тарқатилмоқда. Бу хабарлар аҳоли ўртасида турли хил гап-сўз ва ваҳималарга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, карантин қачонгача давом этиши ҳақида оммага аниқ расмий маълумот беришингизни сўраймиз.

Карантин қачон тугаши ҳақида ҳали аниқ маълумот мавжуд эмас. Мамлакатимизда коронавирус инфексияси билан касалланиш сонининг қисқариши билан карантин ҳолати Махсус комиссиянинг қарори билан бекор қилиниши мумкин.Бу ҳақида эса тегишли равишда ОАВда аҳолига расмий маълумот берилади.

79-савол: Озиқ-овқат дўконлари фаолияти соат 19-00 дан кейин ёпилиши шартми?

Йўқ. Республика махсус комиссиясининг бугунги кунга қадар ўтказилган йиғилишларида озиқ-овқат дўконлари фаолиятини чеклаш назарда тутилмаган.

Тадбиркорлик субъектлари иш режимларини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга ва балки шахсий хавфсизлик нуқтаи назаридан дўконларни одатдаги вақтдан бироз эрта тугатаётган бўлиши мумкин.

80-савол: Мен бўлиб турган давлатда депортга тушиб қолдим. Карантин сабабли Ўзбекистон элчихонасига боролмаяпман. Нима қилсам бўлади?

Ҳозирги шароитда чет давлатлардаги фуқароларимизнинг мамлакатимиз элчихоналарига ёки консуллик муассасаларига шахсан ташриф буюришларига хожат йўқ. Ҳамюртларимиз дипломатик ваколатхоналаримиз билан телефон ёки электрон почта орқали боғланишлари ва саволларига жавоб олишлари мумкин.

81-савол: Вилоятлик талабаларнинг карантин даврида ўз уйларида яшаганлиги боис талабалар турар жойи учун тўлов пуллари қайтариб бериладими?

Олий таълим муассасалари талабалар турар жойида яшовчи талабалар ўқув йили учун белгиланган тўловларни тўлиқ амалга оширган бўлсалар, фойдаланилмай қолган ойларига тўланган маблағлари талабанинг ёзма мурожаатига асосан қайтариб берилади ёки унинг розилиги билан кейинги ўқув йилига ўтказилиб, ётоқхонада яшаши учун қайта ҳисоблаб берилади.

82-савол: Талабалар масофадан ўқишаяпти, уларнинг контракт пулида ўзгариш бўладими?

2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, олий таълим муассасалари талабалари учун масофавий таълим бериш жорий этилганлиги муносабати билан уни ташкил этиш ва моддий базасини яратишга олий таълим муассасалари томонидан қўшимча маблағлар сарфланмоқда.

Масофавий таълим бевосита (мулоқотдаги аудитория машғулотлари) ўқув жараёни графигининг икки ойи бўйича киритилаяпти. Демак, талабалар томонидан жорий ўқув йили учун белгиланган контракт тўловлари тўлиқ амалга оширилиши лозим.

83-савол: Вилоятлик талабалар онлайн дарслар билан шуғуллана олмаётганликлари сабаб имтиҳон топширолмаяпти. Демак, стипендия ҳам олишмайди. Муаммони қандай ҳал қилиш мумкин?

Айни вақтда ҳеч қандай имтиҳонлар белгиланмаган. Талабалар март ойи учун тўлиқ стипендия олишди. Қуйидаги талабаларга стипендия берилмади:

  • фанлардан қарздорлиги мавжуд талабаларга;
  • белгиланган муддатда контракт пулини тўлмаганларга;
  • стипендиясиз контракт пулини тўлаганларга.

2020 йил 15 апрелдан эътиборан апрель ойи стипендияларини пластик карточкаларга кўчириш бошланган.

84-савол: Карантин пайтида ОТМда ички ва ташқи ўриндошлик асосида ишлаётган ўқитувчиларга ойлик маош берилаяптими?

Масофавий таълим жараёнига жалб этилган профессор-ўқитувчиларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ўқитувчиларга ҳам муайян ойда бажарган юкламалари учун белгиланган тартибда иш ҳақи тўланиши шарт.

85-савол: Масофавий дарслар таълим сифати пасайишига олиб келмайдими?

Масофавий таълимни ташкил этишда юзага келган муаммолар босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Масофавий таълимда иштирок этишга реал имконияти бўлмаган талабаларнинг мурожаатлари индивидуал тартибда кўриб чиқилади ва дастурни ўзлаштириш учун қўшимча имконият бериш тўғрисида ОТМ қарор қабул қилиши мумкин. Масофавий таълим орқали ўзлаштириш мумкин бўлмаган лаборатория машғулотлари ва амалиётлар келгуси ўқув йилига ўтказилиши мумкин.

86-савол: Қўшни давлатлардан ўқишини Ўзбекистонга кўчирган талабаларнинг ўқишни давом эттириш тартиби қандай йўлга қўйилади?

Жорий йил 15 февралгача ҳужжат топширган талабалар тегишли олий таълим муассасаларига мурожаат қилишлари лозим.

Олий таълим муассасалари томонидан ушбу талабаларнинг масофавий таълим жараёнларида иштирок этиш бўйича ректор фармойиши чиқарилган.

Бу фармойиш билан ОТМнинг расмий веб-сайти орқали танишиш мумкин.

87-савол: Карантин чўзиладиган бўлса, педагог кадрлар аттестациясини уйда онлайн ташкил этса бўлмайдими?

Бунга ҳозирча зарурият йўқ. Сабаби аттестация ҳар йили март-июнь ойларида ўтказилиши белгилаб қўйилган. Демак, бу ҳудудлардаги аттестация жараёнларини апрель ойида ўтказилиши шарт дегани эмас. Шундай экан, буни белгиланган тартиб асосида карантин ҳолати тугаши билан ўтказиш режалаштирилмоқда.

88-савол: Карантин даврида хусусий мактаблар молиявий қийин аҳволга тушди, уларни қўллаб-қувватлаш учун қандай ишлар режалаштирилмоқда?

Нодавлат таълим ташкилотларининг аксарияти қисқа муддатларда ўз имкониятларидан келиб чиқиб ўқувчиларига масофадан таълим беришни йўлга қўйди.

Бу билан хусусий таълим ташкилотларида мавжуд қийинчиликларга қарамай ўз ҳодимларига ва педагог кадрларига маош тўлаш имкониятини яратди. Таълим инспекцияси томонидан республикамиздаги барча нодавлат таълим муассасалари фаолияти, улардаги муаммолар ўрганилмоқда.

Ҳозирда тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан биргаликда ўқувчиси камроқ бўлган ва ўз фаолиятини молиялаштиришга қийналадиган мактабларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

89-савол: Хорижда таҳсил олганман, дипломимни нострификация қилиш бўйича ҳозирги карантин даврида электрон онлайн ҳужжат топширсам бўладими? Имтиҳон жараёни-чи, уйда ўтириб масофадан имтиҳон топширсак бўладими?

Фуқаролар хозирги карантин даврида уйдан чиқмай туриб хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали (https://my.gov.uz/uz)  орқали ариза беришлари ва ҳужжат топширишлари мумкин.

Давлат хизматлари агентлигининг мобил иловаларидан фойдаланган ҳолда ҳам давлат хизматлари марказлари орқали ариза бериш имкони мавжуд. Карантин эълон қилингандан буён Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясига айни шу масала юзасидан 100 дан ортиқ талабгор мурожаат қилган ва ҳужжатларини топширган.

Хозирда экспертлар томонидан хужжатлар масофавий тарзда ўрганилмокда. Аммо ушбу жараёнда белгиланган мутахассислик фанлари бўйича синов тестларини масофадан туриб онлайн режимда топшириш МУМКИН ЭМАС.

Чунки, амалдаги тартибга мувофиқ, Эксперт комиссияси аъзоси ҳамда Таълим инспекциясининг масъул ходими тест жараёнини бевосита кузатиб бориши белгиланган.

90-савол: Ўқишга қабул жараёни карантин туфайли одатдагидек бўлмаслиги эҳтимоли юқори. Шундай пайтда чет элда ва онлайн таълим бўйича қабулларни таклиф қилаётган фирмаларнинг фаолияти қонуний эканини қандай ажратиш мумкин?

Бугунги кунда юртимизда нодавлат таълим ташкилотлари сони ва йўналишлари ошгани, улар фаолиятини ташкил этишда, халқаро ташкилотлар, хорижий ОТМлари билан фаол ҳамкорлик қилинаётганлигини эътироф этиб ўтиш лозим.

Бироқ айрим ҳолатларда мазкур муассасалар фаолияти, вазифаси ва ваколати билан боғлиқ масалаларнинг НОТЎҒРИ тушунилиши ёки талқин қилиниши сабабли фуқароларимизда айрим нодавлат таълим ташкилотлари ҳақида холис ахборот олишга бўлган эҳтиёж пайдо бўлмоқда.

Аввало, ўқишга қабулни таклиф этаётган хорижий таълим ташкилоти (муассасаси) ўз давлатида таълим фаолияти лицензияланган ва ваколатли орган томонидан аккредитацияланган бўлиши лозим. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам олий таълимни таклиф қилаётган нодавлат таълим муассасаси лицензияга эга бўлиши керак.

Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади. Шуни ёдда тутиш муҳимки, тегишли лицензияга эга бўлмаган ёки белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган таълим ташкилотлари томонидан берилган олий маълумот тўғрисидаги дипломлар нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатлар томонидан ҳам ТАН ОЛИНМАЙДИ!

91-савол: Пенсионерларга банк пластик картаси очиш учун қанча ҳақ олинади?

Пенсия ва нафақа олувчиларга банк пластик карталарини очиш учун фуқаролардан ҳеч қандай тўлов ва ҳақ олинмайди.

92-савол: Бизнинг маҳаллага ҳар ойнинг 20-21 санасида банк кассаси келиб, пенсия тарқатар эди. Пластик карталарга ҳам шу санада пул тушадими?

Пенсия ва нафақалар банк пластик карталарига ҳар ойнинг бошида молиялаштириб берилади.

93-савол: Ёшга доир пенсияга чиқиш учун ҳужжат топширмоқчи эдим. Карантин сабабли пенсия ҳужжатларимни йиғишда кечикиш бўлса, 2 ойлик пенсиям куйиб кетадими?

Ёшга доир пенсия — агар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб 60 кун ичида уни сўраб мурожаат этилган бўлса, пенсия ёшига тўлган кундан эътиборан тайинланади. Давлат пенсияларидан бирига ҳуқуқи карантин даврида пайдо бўлган фуқароларга, карантин тадбирлари тугагандан кейин 1 ой давомида пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармаси бўлимларига мурожаат этиш ҳуқуқи берилди.

Бу ҳолатда уларга пенсиялар карантин чекловлари давридаги ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинланади.

94-савол: Яқинда фарзандли бўлдик, суюнчи (пули) нафақаси учун мурожаат қилмоқчи эдим. Белгиланган муддатда топширмасам, суюнчи пули куядими?

Бола туғилганда бериладиган нафақа (суюнчи) бола туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мурожаат қилинганда тўланади.

Бола туғилганда бериладиган нафақага ҳуқингиз карантин даврида пайдо бўлган бўлса, карантин тадбирлари тугагандан кейин 1 ой давомида ушбу нафақани олиш учун ўрнатилган тартибда мурожаат этишингиз мумкин.

95-савол: Карантин даврида биржа савдоларида сотилаётган уннинг нархи ошиб кетяпти. Бу нима билан боғлиқ?

Жорий йилнинг 16 мартидан биржанинг ун бозорида талаб ўсиши кузатилмоқда. Хусусан, март ойининг бошларида ун бўйича биржа савдоларида ўртача 1 800 та харидор иштирок этган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони ўртача 4 500 тага етди.

Айни пайтда биржа савдоларига ҳар куни ўртача 6 900 тонна 1-навли ун қўйилмоқда ва уларнинг ҳаммаси сотилмоқда. Буларнинг натижасида кўриб чиқилаётган даврда уннинг ўртача ҳафталик котировкаси, яъни нархи бир килограмми учун 2 494 сўмдан 2 471 сўмгача ПАСАЙДИ.

96-савол: Карантин даврида биржага бориш имконияти бўлмаяпти. Биржада электрон ҳужжат алмашинувлари йўлга қўйилганми?

Биржа савдоларида мижозлар ўзларининг шахсий кабинети орқали ўз ҳисобларини бошқариш, брокерини алмаштириш, нархларни мониторинг қилиш, банк реквизитларига ўзгартириш киритиш каби операцияларни амалга ошириши мумкин.

Бундан ташқари биржа ва сотувчи корхоналар ўртасида маълумотлар электрон базаларининг алмашинуви ҳам йўлга қўйилган. Шунингдек, давлат харидлари, ярмарка савдолари, авторақам ва мобил рақам онлайн аукционларида шахсий кабинет орқали савдода иштирок этиш мумкин.

97-савол: Онлайн аукционда харид қилинган авторақамларни расмийлаштириш учун 10 кун муддат берилган. Лекин ҳозирда бунинг имкони йўқ. Бу ҳолатда харидорларга жарима қўлланиладими?

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунга келиб карантин режими жорий этилиши муносабати билан онлайн аукцион орқали харид қилинган ва расмийлаштирилмаган авторақамлар учун савдо қоидалари билан назарда тутилган ЖАРИМАЛАР ҚЎЛЛАНИЛМАЙДИ.

98-савол: Карантин даврида биржа савдоларида харид қилинган товарларни юклаш ва ташишда чекловлар борми?

Карантин даврида юк ташиш транспортлари учун чекловлар мавжуд бўлмагани сабабли биржа савдоларида харид қилинган товарларни юклаш ва ташишда муаммолар мавжуд ЭМАС.

Харидорларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Биржа томонидан товарларни тузилган битимларнинг электрон реестри асосида юклаш тизими яратилди ва сотувчи корхоналарга товарни юклаш учун битимнинг асл нусхаси ТАЛАБ ЭТМАСЛИГИ бўйича кўрсатма берилди.

Шунингдек, жорий йилнинг апрель ойдан бошлаб биржада илк бор форвард савдолари ўтказила бошланди. Бу савдолар биржада сотиб олинган товарларни кейинчалик узоқроқ муддатларда юклашни назарда тутади.

99-савол: Махсус-мактаб интернатлари ўқувчилари учун алоҳида телевизион онлайн дарслар ташкил этилмаган, ушбу махсус мактаб-интернатлари ўқитувчилари меҳнат таътили олишадими ёки иш ҳақи олишадими?

Телевизион дарсларни тасвирга олишда имконияти чекланган, жумладан уйда якка тартибда таълим олаётган болаларни ўқитиш ҳам инобатга олинган. Барча дарс машғулотлари кар ва заиф эшитувчи болажонларга ҳам тушунарли бўлиши учун сурдопедагог ҳамда сурдотаржимонлар томонидан синхрон равишда таржима қилинмоқда.

Кўзи ожиз болаларга телевизион дарс машғулотларини овозли эшитиб, тушуниб олиш имкони яратилди. Бу жараёнга соҳа мутахассислари жалб этилган. Психик ривожланишида нуқсони бўлган болажонлар ҳам бошланғич синфлар учун берилаётган теледарслар ёрдамида таълим олишади.

100-савол: Мактаб раҳбарияти синф раҳбарларига вақтинчалик журнал тутиб, ўқувчиларнинг ҳамма фанлардан олган баҳоларини ўша журналга қайд этиб, ХТБга ҳисобот беришини айтяпти. Бу қанчалар тўғри?

Халқ таълими вазирлиги ишлаб чиққан тавсияларга кўра, фан ўқитувчилари ўқувчиларни баҳолаб бориши учун вақтинчалик ўз фани бўйича синф журналини ДАФТАРДА юритади.

Карантин муддати тугагандан сўнг, ушбу вақтинчалик синф журналидаги ўқувчиларнинг баҳолари асосий синф журналига кўчириб қўйилади.

Ўқитувчи томонидан вақтинчалик синф журналига ўтилган мавзулар, уй вазифалари ва ўқувчиларнинг жорий баҳолари киритиб борилади (оралиқ назорат баҳолари ва ўқувчилар давомати киритилмайди).

Тошкент шаҳрида ўқувчиларнинг олган баҳолари kundalik.cоm электрон тизимига киритиб борилади. Ўқувчиларнинг олган баҳолари тўғрисида синф раҳбарлари томонидан халқ таълими бўлимига ҳисобот топшириш талаб этилмайди.

 

Chat