Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 96719 марта ўқилди

«Темир дафтар» — ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир ҳамда сектор раҳбарлари томонидан алоҳида назоратга олинган оилаларни қайд этиш, муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси.     

  • Темир дафтарга қуйидаги тоифадаги оилалар киритилади:
    • кам таъминланган оила, деб эътироф этилган оилалар;
    • ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган аъзолари мавжуд оилалар;
    • кам таъминланган якка-ёлғизлар ва кексалар;
    • боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилалар;
    • кўп (4 ва ундан ортиқ) фарзандли моддий кўмакка муҳтож оилалар;
    • меҳнатга лаёқатли ишсиз аъзолари мавжуд эҳтиёжманд оилалар;
    • тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд оилалар (сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган ва ногиронлик гуруҳи белгиланмаган аъзолари мавжуд етарли даромад манбаига эга бўлмаган оилалар);
    • нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзи ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой бўлмаган эҳтиёжманд оилалар.

Бунда, агар юқоридаги тоифаларга мос келадиган оилаларнинг аъзолари мос равишда «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтарларига ҳам киритилган бўлса, ушбу оилалар рўйхати «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтарларида юритилади.

Оилаларнинг ишсиз аъзолари бандлигини таъминлаш қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:
  • туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан инвестиция бўлимлари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, тижорат банклари билан ҳамкорликда тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларда яратилаётган янги иш ўринларига ишга жойлаштириш;
  • туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан биргаликда мавжуд вакансия ва захира (квота) иш ўринларига ишга жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;
  • туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан қишлоқ ҳўжалиги бўлимлари билан биргаликда кооперативларга жалб этиш, ғалладан бўшаган ерларда такрорий экин экиш ва оборотдан чиқиб кетган ерларни ўзлаштириш ҳисобига бандликни таъминлаш ва бошқалар.

Оилаларга томорқадан фойдаланишда қуйидаги йўналишларда ёрдам кўрсатилади:
  • енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш;
  • парранда, асалари, қуён, балиқ ва бедана боқишни йўлга қўйиш;
  • «Томорқа хизмати» ташкилотлари ва «Дала дўконлари»ни ташкил этиш.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида «Темир дафтар»га киритилган оилаларга «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин.

«Темир дафтар»дан оилалар қуйидаги ҳолларда чиқарилади:
  • бандлиги таъминланган ёки доимий даромад манбаига эга бўлганда;
  • бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш орқали муаммоси ҳал этилганда оила аъзосининг розилиги билан;
  • малакали тиббий хизмат кўрсатилганда;
  • тўлиқ давлат таъминотига олинганда («Меҳрибонлик», «Саховат» ва бошқа ихтисослаштирилган муассасаларга ўтказилганда);
  • аниқланган бошқа муаммолари қонуний ҳал этилганда;
  • ёлғиз яшайдиган эҳтиёжманд фуқаро озодликдан маҳрум этилганда ёки вафот этганда;
  • оила аъзосининг мурожаатига асосан;
  • «Темир дафтар»га ноқонуний киритиш ҳолати аниқланганда;
  • бошқа давлатларга доимий яшаш учун чиқиб кетганда.

Темир дафтарга киритилган оилалар фарзандларига биринчи ўқув йили учун контракти тўлаб берилади. 

  • «Темир дафтар»га икки ва ундан ортиқ масалаларини ҳал этиш учун киритилган оилаларнинг барча масалалари тўлиқ ҳал этилиши дафтардан чиқариш учун асос бўлади.
  • Доимий ва вақтинча яшаш учун республиканинг бошқа ҳудудига кўчиб ўтганда, доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олинган кундан бошлаб 15 кундан кечиктирмасдан «Темир дафтар»га тегишли ўзгартиришлар киритилади.

«Темир дафтар» юритилиши бўйича схема.

Ҳаётий мисол:

Савол: Ю. исмли шахс “Темир дафтар”га киритилган оиланинг олий таълим муассасаларида ўқиётган фарзандлари учун таълим кредитини тўлашда қандай имтиёзлар борлиги ҳақида тушунтириш беришни сўраган. 

Жавоб: «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Chat