Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 290938 марта ўқилди

«Ёшлар дафтари» — ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси.

«Ёшлар дафтари»га 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган қуйидаги тоифадаги ёшлар киритилади:
  • оила аъзоси «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ёки «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган;
  • боқувчисини йўқотган, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган;
  • ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган;
  • ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ишга лаёқатсиз;
  • I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган;
  • фарзандида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган;
  • жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган;
  • ота-онасидан бирида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган, иккинчиси эса иш фаолиятини тўхтатган ҳолда беморга қарашга мажбур бўлган ёхуд ота-онасининг ҳар иккисида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган;
  • юзага келган ҳолатлар сабабли оғир турмуш шароитида қолган;
  • зўравонлик ва эксплуатация, табиий офатлар, ҳалокатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатида ҳаётига, соғлиғига, мулкига зарар етган;
  • «Меҳрибонлик» уйи, Болалар шаҳарчаси ёки оилавий болалар уйида тарбияланган;
  • ҳақ тўланадиган ишга ёки иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган машғулотга эга бўлмаган;
  • даволанишга муҳтож бўлган бемор ёшлар;
  • жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган;
  • муайян яшаш жойига эга бўлмаган;
  • психологик маслаҳатга муҳтож;
  • никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган ёш оила;
  • деҳқончилик ёки томорқа хўжалигини юритаётган;
  • ёш тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтган ёшлар киритилади.

  • Моддий аҳволи қийин ёшларга бир марта бериладиган моддий ёрдамни тайинлашнинг аниқ миқдори ёшнинг ҳаётий вазияти мураккаблигини инобатга олган ҳолда БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ тўлаб берилади.

Бир марта бериладиган моддий ёрдам тўлиқ давлат таъминотида бўлмаган, ҳаётий мураккаб вазиятга тушган ёшга, биринчи навбатда тайинланади.

Шахсга бир марталик моддий ёрдам берилиши уни «Ёшлар дафтари»дан чиқаришга асос бўлмайди.

Моддий ёрдам шахсга бир календарь йил давомида бир маротаба берилади.

  •  «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун субсидия ажратиш тартиби

«Ёшлар дафтари»га киритилган ёш тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтган ёш фуқарога фаолиятини амалга ошираётган нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларининг бир йилда БҲМнинг 25 бараваригача қисми қоплаб берилиши мумкин.

  • «Ёшлар дафтари»га киритилган оилалар фарзандларининг мамлакатимиздаги профессионал ва олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларини тўлаб бериш «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда амалга оширилади.
  • «Ёшлар дафтари»га киритилган ёш оилаларнинг секторлар раҳбарларига ва Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимларига берган аризасига мувофиқ, уларга 12 ойгача турар жой учун ижара компенсацияси ҳар ойда БҲМнинг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб берилиши мумкин.

«Ёшлар дафтари»дан қуйидаги ҳолларда чиқарилади:
  • бандлиги таъминланган ёки доимий даромад манбаига эга бўлганда;
  • тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатлар белгиланган тартибда тўлаб берилганда;
  • тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг ижара харажатлари қопланганда ёки мазкур фаолият учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратилганда;
  • турар жой ижара компенсацияси белгиланган тартибда тўлаб берилганда;
  • малакали тиббий хизмат кўрсатилганда;
  • тўлиқ давлат таъминотига олинганда;
  • аниқланган бошқа муаммолари қонуний ҳал этилганда;
  • ўз аризасига кўра;
  • «Ёшлар дафтари»га ноқонуний киритиш ҳолати аниқланганда;
  • бошқа давлатларга ишлаш ёки доимий яшаш учун чиқиб кетганда;
  • суднинг озодликдан маҳрум этишни назарда тутувчи ҳукми қонуний кучга кирганда;
  • аризачига кўмак бериш бўйича иш олиб бориш имконини бермайдиган бошқа ҳолатлар юзага келганда;
  • аризачи вафот этган тақдирда.

Доимий ва вақтинча яшаш учун республиканинг бошқа ҳудудига кўчиб ўтганда, доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмасдан «Ёшлар дафтари»га тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Ҳаётий мисол:

Cавол: Я. исмли шахс “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича қандай моддий қўллаб-қувватлашлар мавжудлиги ҳақида тушунтириш беришни сўраган. 

Жавоб: Ҳозирда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича қуйидаги турдаги моддий қўллаб-қувватлашлар мавжуд:

тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган миқдори компенсация қилинади;

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларга компьютер харидлари учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади;

хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг БҲМнинг 4 бараваригача бўлган қисми компенсация қилинади;

тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратилади; 

ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларининг 75 фоизигача қисми қопланади. Бунда ёшларни тадбиркорликка ўқитиш харажатларининг ҳар бир битирувчига БҲМнинг 4 бараваридан ортиқ бўлмаган қисми, касб-ҳунарга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг бир ойгача, бир ойдан икки ойгача, икки ойдан ортиқ муддатли ўқув курслари учун тегишлича БҲМнинг 4, 8, 12 бараваридан кўп бўлмаган қисми қопланади;

уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун БҲМнинг 8 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади;

«Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан ёшларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади;

микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилади.

Кредитларнинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида белгиланади.

Chat